Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Оқсоқоллар суди вакиллари ҳуқуқий билимга муҳтож


Қирғизистон жанубида Оқсоқоллар судлари баъзи ҳолларда мамлакат Конституциясига зид равишда шаръий қоидалар асосида ҳукм чиқараётгани маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўшдаги “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази директори Иззатилло Раҳматуллаев Оқсоқоллар суди ўзининг айрим қарорлари билан фуқаролар ҳуқуқини поймол қилаётганини айтади.

- Оқсоқоллар суди мол ўғирлаган бир йигитни 30 дарра уришга ҳукм чиқарибди. Натижада ўша йигитнинг уч қовурғаси синиб, касалхонага ётқизилган. Бу иш юзасидан тегишли органларга мурожаат қилинган ва Оқсоқоллар суди вакиллари устидан жиноий иш қўзғатилган, дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Оқсоқоллар суди вакиллари ўз фаолиятларида камчиликлар борлигини инкор қилишмайди. Уларга кўра, шаръий ҳукм чиқараётган оқсоқоллар суди фақат чекка қишлоқларда ва камдан-кам ҳолларда кузатилади.

Ўшдаги 1-маҳалла комитети Оқсоқоллар суди раиси Абдуназар ака Абдуллаевнинг айтишича, Оқсоқоллар суди вакиллари асосан олий маълумотли одамлардан иборат ва ҳуқуқий билимга эга:

- Сайланган оқсоқолларимизнинг ҳаммаси суд органларида, прокуратурада, милицияда ёки олий ўқув юртларида ишлаб нафақага чиққан, билими етарли одамлардир. Биз халқнинг масалаларини шу билим ва тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда ҳал қиламиз, дейди Абдуназар ака.

Айни пайтда Қирғизистон жанубида бир йил давомида Оқсоқоллар суди фаолиятини мониторинг қилган Ўшдаги “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази вакиллари мазкур суд вакилларининг ҳуқуқий билими етарли эмас, деган хулосага келганлар ва уларга ёрдам бериш учун махсус семинар ташкил қилганлар.

- Биз жуда кўп ерларда Оқсоқоллар суди вакилларининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслигига амин бўлдик. Шундан сўнг биз оқсоқоллар суди вакилларининг ҳуқуқий билимини ошириш учун, қонун доирасида ҳукм чиқариш йўлларини ўргатиш мақсадида уларни ўқитаяпмиз, дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида ташкил этилган Оқсоқоллар суди фаолияти асосан чекка қишлоқларда ривожланган. Бунга қишлоқ аҳолисининг ўзаро келишмовчиликлари ёки бошқа муаммоларини азалдан қишлоқнинг обрўли оқсоқоллари ҳал қилиб келгани сабабдир.

Оқсоқоллар судининг ўзига яраша камчиликлари билан бир қаторда ижобий тарафлари ҳам бор.

Ўшдаги “Халқаро ҳимояга кўмак кўрсатиш маркази” директори Ақилбек Тошпўлатов Оқсоқоллар судининг ташкил этилгани давлат органлари учун енгиллик яратганини айтади:

- Оқсоқоллар суди айрим масалаларни судгача етказмай, ўзи яшаган маҳаллада ҳал қилиб қўяди. Бу давлат органлари ишини анчагина енгиллатади. Шу сабабли биз Оқсоқоллар судининг халқ орасидаги обрўсини кўтаришимиз ва уларга ёрдам беришимиз керак, дейди Ақилбек Тошпўлатов.

Оқсоқоллар суди Қирғизистонда 2004 йилда ташкил этилган. У фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролар ўртасидаги турли баҳсларни ўзаро ҳал қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида тузилган жамоатчилик органидир.

Оқсоқоллар суди тўғрисида 37 моддадан иборат махсус қонун ишлаб чиқилган. Мазкур қонун 2002 йилнинг 4 июнида Қирғизистон Республикаси парламенти томонидан қабул қилиниб, мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаев томонидан имзоланган.
XS
SM
MD
LG