Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Ўзбекистон ўшлик қочқинларга бошпана бермоқда


Ўшлик ўзбеклар асосан Қорасув ва Дўстлик чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтмоқда.
Ўшлик ўзбеклар асосан Қорасув ва Дўстлик чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати хабарига кўра, 12 июн куни қирғизистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистон томонга ўтишига рухсат берилди. Асосан аёллар, болалар ва ярадорлардан иборат ўшлик қочқинлар Андижон вилоятидаги айрим мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда.


Ўшлик бир манбанинг Озодликка маълум қилишича, 12 июн куни эрталаб ўзбек-қирғиз чегарасининг Қорасув ва Дўстлик постлари очилиб, у ердан қирғизистонлик қочқинларнинг Ўзбекистон томонга ўтишига рухсат берилган.

- Эрталаб чегарани очишди. Одамларни Ўзбекистон томонга ўтказишаяпти.

Озодлик: Кимларни ўтказаяпти чегарадан, ҳамманими?

- Йўқ, фақат аёллар ва болалар.

Озодлик: Демак чегара очилган?

- Ҳа, очилган. Қочаётган одамнинг сон-саноғи йўқ. Ярадорларни ўтказишга ҳам рухсат беришди.

Озодлик: Чегаранинг қайси постидан ўтишга рухсат бор?

- Қорасув билан Дўстлик постидан ўтказишаяпти.

Озодлик: Қирғизистонлик қочқинларни Ўзбекистонда кимдир кутиб олаяптими?

- Чегарадан ўтгандан кейин Ўзбекистоннинг шу чегарага яқин жойларидаги мактаб ва болалар боғчаларига жойлаштиришаяпти одамларни, дейди ўшлик манба.

Ўшнинг Черемушки мавзесида яшовчи бир фуқаронинг айтишича, ушбу мавзедаги тахминан 3000 нафар аёл Ўзбекистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган.

- Тахминан 3000 аёл ўтди Ўзбекистонга. Бошқа аёлларни ертўлаларга жойлаштирганмиз. Аёллар, болалар, қариялар барчаси ертўлада ўтиришибди. Андижон кўчадаги аёллар барчаси ўтиб кетди. Чегара очиқ. Ўзбекистонга яқин зонадагилар барчаси чегарадан ўтиб кетаяпти. Сулаймон тоғининг тепасига яшириниб жон сақлаётган аёллар қолди. Калинин кўча, Адир, Ўнадир кўчалардаги аёллар ҳам кета олмади.

Озодлик: Чегарадан ўтган аёллар борасида хабарлар борми?

- Аёлларни Андижоннинг Бештол қишлоғидаги бир коллежга жойлаштиришибди, деди ўшлик суҳбатдош.

Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков қирғизистонлик қочқинлар учун ўзбек-қирғиз чегарасида махсус коридор очилганини тасдиқлади.

- Энг сўнгги маълумотларга кўра, Ўш шаҳрига яқин жойлашган Оқбура чегара постида бир қанча ўтиш жойлари бор. Қирғизистонлик ўзбекларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар ўша жойлардан Ўзбекистонга ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг чегарачилари бунга тўсқинлик қилишмади, деди Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков.

Озодлик илтимосига кўра, андижонлик Абдуқодир ака Ўзбекистонга қочиб ўтган қирғизистонлик қочқинлар аҳволини ўрганишга ҳаракат қилди.

Абдуқодир ака: Мен ҳозир Андижоннинг Хўжаободида турибман. У ёғига ўтишга рухсат беришмади.

Озодлик: Абдуқодир ака, қочқинлар бўйича қандай маълумотларни аниқладингиз?

- Улар Андижоннинг чегара яқинидаги қишлоқларга жойлаштирилаяпти. Асосан, аёллар, болалар ва ярадорлар. Уларга тўрт маҳалдан овқат бераяпти. Олий категорияли врачлар келиб ярадорларга ёрдам бераяпти. Ўша жойда қочқинлар учун лагер қурилаяпти. Палаткали лагерлар қурилаяпти. Ҳозирча қочқинларни мактаб ва коллежларга жойлаштиришган. Эртадан бошлаб уларни лагерларга ўтказишса керак, деди Абдуқодир ака.

Ўзбекистон Чегара хизматидан қирғизистонлик қочқинлар билан боғлиқ бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларидаги мактаб ва коллежларга камида 6000 қирғизистонлик қочқин жойлаштирилган.
XS
SM
MD
LG