Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:20

Ўш ва Жалолободдаги ўзбек журналистлари таҳлика остида


Айтилишича¸ махсус кучларнинг хунрезликка оид далил-ашëларни йўқотиш уринишининг бирламчи нишони ўзбек журналист ва ҳуқуқ фаоллари бўлмоқда.
Айтилишича¸ махсус кучларнинг хунрезликка оид далил-ашëларни йўқотиш уринишининг бирламчи нишони ўзбек журналист ва ҳуқуқ фаоллари бўлмоқда.

Ўзбек тилида чоп қилинадиган Дийдор газетаси бош муҳаррири¸ 16 июн куни вақтли ҳукумат тарафидан ҳибсга олинган Улуғбек Абдусаломов тақдири ҳануз номаълумлигича қолаётир. Айни пайтда Ўшдаги ўзбек журналистлари фаолияти деярли тўхтатилган бўлиб, улар ҳаёти ҳам таҳдид остида қолмоқда.


Бир ҳафтадирки жалолободлик таниқли журналист Улуғбек Абдусаломовнинг тақдири ҳақида¸ унинг айни пайтда қаерда экани тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар берилмаётир.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари журналист Улуғбек Абдусаломовнинг қамоққа олингани ҳақида бошқармада ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтишди.

- Бизда негадир жимлик, ҳеч ким бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Бундай маълумотга эга эмасмиз. Мен ҳозир ўрганиб кўрдим, лекин бу ҳақда бизда маълумот йўқ, деган жавоб бўлди Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўшлик журналистлардан бири Улуғбек Абдусаломовнинг айнан милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинганини ва айни пайтда у Жалолобод вилоят ИИБнинг Новкен бўлими тергов изоляторида сақланаётганини маълум қилди.

Исмини ошкор қилмасликни маъқул топганимиз ушбу журналист қизнинг айтишича, Улуғбек Абдусаломов айнан журналистик фаолияти туфайли ҳибсга олинган.

- Бундан икки-уч ой муқаддам “Осман” газетасида бир мақола чоп этилган эди. “Ўзбеклар Қирғизистондан чиқиб кетишсин, Ўзбекистонга кетишсин” деган мазмундаги мақола чиққан эди. Бу қирғизлар томонидан ёзилган мақола. Ана шу мақолага Улуғбек Абдусаломов жавоб тарзида бир мақола ёзди. У ўз мақоласида “Биз ўзбекларнинг ватанимиз шу ер - Қирғизистон, биз шу ерда туғилиб ўсганмиз. Биз ҳеч қаерга чиқиб кетмаймиз. Биз Қирғизистон фуқароларимиз” деган мазмун бор эди. Лекин унда ҳеч қанака қирғизларга, уларнинг шахсиятига тегадиган ҳеч қандай гап айтилмаган. Шунчаки “Бизнинг ҳам юртимиз Қирғизистон” деган мазмундаги мақола ёзгани учун унга энди айб юклашаяпти. “Сен ҳам мана шу уруш бошланишида иштирокчиларидан бирисан” деган айблов билан Улуғбек Абдусаломовни ҳам қамаб қўйишди, дейди ўшлик журналист қиз.

Биноси тўлалигича ёқиб кулга айланган Ўшдаги Ахборот газетасининг мухарирри Барно Исҳоқова Жалолободда Улуғбек Абдусаломдан ташқари яна бир оператор йигит ҳам ҳибсга олинганини хабар қилади.

- Улуғбек Абдусаломовнинг йўқолганини¸ ҳибсга олинганлигини эшитдик. Яна бир бозорқўрғонлик оператор йигитнинг ҳам йўқолганлигини хабар қилишди жалолободликлар. Исмини билолмадик. “Оператор бола” дейишди. Бозорқўрғонда Жалолобод воқеаларини эфирга узатиб Ўш ТВ га бериб юрган бола экан. Акрамми¸ Акмалми деди. Ҳали аниқлаганим йўқ. Бизда фақат мобил алоқа бўлаяпти¸ холос.Шунинг учун улар тақдири борасида бирор бир маълумот аниқлаш имкони йўқ. Шаҳарга чиқиб воқеа жойидан фаолият юргизишимизга тўсқинлик бор. Ўзбек журналистлари фаолият кўрсатмаслиги учун ҳамма ëқ ëпилган. Биз ўзбек журналистлари қаерда яшаëтган бўлсак¸ ўша яшаш жойимизда изоляцияда қолганмиз. Масалан¸ мен Амир Темур шаҳарчасидаман. Фақат интернетга қўрқиб-писиб кимларнингдир подвалларида, қайсидир ўзбекнинг уйида компютери бўлса ëки мобил телефонига интернет уланган бўлса¸ ўшандан янгилик жўнатишга интилаяпмиз, дейди Барно Исҳоқова.

Фаолияти тўхтатиб қўйилган Ўш ТВ директори Халил Худойбердиев эса кунора таҳлика ичида яшамоқда. “Сен қора рўйхатдасан¸ деб менга пўписа қилишди”¸ дейди суҳбатдош.

- Менга ҳам “эҳтиëт бўлинг” деб хабар келди. Ўш ТВ телекомпаниясининг директорини¸ Мезон ТВ телекомпаниясининг директорини иложи бўлса қўлга олинсин¸ дегандай. Лекин бу нарса ҳокимият томондан эмас¸ экстремистлар тарафдан тарқатилаяпти экан¸ дейди Ўш ТВ директори Халил Худойбердиев.

Исми ошкор қилинишини хоҳламаган ўшлик журналист қиз ҳам ҳаётига таҳдид бўлишидан қўрқиб яшаётганини айтади.

- Менга таҳдид қилишлари мумкин. Бу аниқ¸ бу факт. Чунки мен¸ мана бу Черëмушки мавзеи деган жойимиз бор¸ тўртинчи ҳудудий кенгаш етакчиси Набижон Абдуллаевдан биринчи-иккинчи кунлари маълумот олиб юрганман телефон орқали. У киши менга тўғри маълумот берган ўша кунлари. Гапиргандан кейин орадан икки кун ўтди. Адашмасам 14 июн куни телефон қилганимда¸ Набижон ака “Мен сизга қайтиб бу нарсани айтмайман. Мени бу ерда “сен информация бераяпсан экан” деб органнинг одамлари текширишаяпти. Менга қайтиб қўнғироқ қилманг. Мен ўз ҳаëтимни хавф остига қўйишни хоҳламайман” деган гапларни айтди. Шундан хулоса чиқардим. Демак¸ билиб қолишадиган бўлса¸ менга ҳам худди шундай таҳдид бўлади. Мени ҳам “урушнинг сабабчиларидан” деб туриб қамаб қўйишлари аниқ нарсада, дейди ўшлик журналист қиз.

Ўшдаги қирғин пайти уйига ёт қўйишгани боис айни пайтда деярли бошпанасиз қолган ўшлик ўзбек журналисти Шарофиддин Собиров айни пайтда ўзига ва ҳамкасбларига нисбатан ҳеч қандай таҳдид сезмаётганини айтади.

- Ўшда ўзимиз билан ишлаб юрган болаларнинг иккита-учтасига телефон қилдим. Ҳаммаси ҳозирча уйида. Тинч ўтиришибди ҳозирча бу ердагилар. Энди агар уйимни текширадиган бўлса¸ текширадиган нарсанинг ўзи йўқ. Уйимиз ëниб кетди. Нафақат уйимиз¸ устимизга кийиб чиққан битта футболка¸ битта шим билан қолдик. Қолган ҳаммаси ëниб кетди. Қуруқ девордан бошқа уйдаги ҳужжат дейсизми¸ бошқами ҳаммаси ëниб кетди. Текширадиган нарсанинг ўзи қолмаган менинг уйимда, дейди Шарофиддин Собиров.

Ўшдаги журналистик доираларга яқин бир манбанинг Озодликка айтишича¸ Қирғизистон СНБси қонли қирғин изларини йўқотиш мақсадида ахборотга эга одамлар овини бошлаган.

- СНБдан¸ милициядан махсус хизматлар информация бор одамларни ўғирлаб чиқиб кетиб қолаяпти. Милиция формасидагилар келишиб изларини йўқотиш мақсадида булар ҳозир ўлганлар сонини камроқ айтаяпти¸ дейди Ўшдаги журналистик доираларга яқин бир манба.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўш ва Жалолободдаги ўзбек журналистларининг тазйиққа учраëтгани борасида баёнот эълон қилиб, ўзбек газета ва телеканаллари талон-тарож қилинганини қоралаб чиқди.
XS
SM
MD
LG