Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:23

Олтинсойда ғалла йўқ - жавобгар яна ўқитувчи


Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида ғалла ҳосилининг ҳар йилгидан кам бўлгани айтилмоқда.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида ғалла ҳосилининг ҳар йилгидан кам бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда ҳокимлар тақдири асосан пахта ва ғалла бўйича белгиланган давлат режасининг қандай бажарилганига қараб белгиланиши боис¸ шу кунларда давом этаëтган ғалла мавсумида айрим ҳокимлар халққа¸ айниқса унинг ҳақсиз қатламига буғдой солиғи солмоқда.


“Хоразм вилояти ғаллакорлари 80 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирди”.
“Тошкент вилояти миришкорлари ҳосилни нест-нобуд қилмасдан ўриш ишларини уюшқоқлик билан давом эттирмоқда”.

Бу Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан олинган иқтибослар.

Ўзбекистон матбуоти мамлакатда бораëтган ғалла ўрими ҳақида ëзмаëтган хабарлар эса будир:

Сурхондарёлик ўқитувчиларга 50 килограммдан буғдой топшириш мажбурияти қўйилди.

Наманганлик фермер давлат режасини бажараман деб, ўзига бир мисқол ҳам буғдой қолдиролмади.

Ўзбекистонда баҳорнинг серёғин келганлиги баъзи ҳудудларга барака келтирган бўлса, баъзи ҳудудларда буғдойни касаллантирди. Хоразмликлар куни кеча ғалла етиштириш бўйича давлат режасини бажарганди. Айни пайтда бу масала Сурхондарё вилоятида ташвишли кўринади.

Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимларининг мансабда қолиш масаласи буғдой ва пахта бўйича давлат режаларининг қанчалик уддаланишига боғлиқ экани инобатга олинса, ғалла ўрими кампаниясидан Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани ҳокими қаттиқ ташвишга тушганини англаш мумкин.

Ғалла режаси бажарилишига кўзи етмай қолган ҳокимлик бор маошлари пластик карточкаларга ўтказилаётган ўқитувчиларга ватанпарварлик қилиш ва “эзгу мақсадлар” йўлида ватан хирмонига ўз “улуш”ларини қўшиш мажбуриятини қўйди. Олтинсой туманидаги мактабларнинг бирида ишлаётган ўқитувчи Озодлик билан бўлган суҳбатда, ўқитувчиларга 50 килограммдан буғдой топшириш солиғи солинганини айтади.

Озодлик: Ҳозир айтишаяптики¸ ўқитувчиларга “буғдой олиб келасизлар” деб солиқ солишаяпти экан. Қанчадан солиқ солишаяпти?

- 50 килодан.

Озодлик: Ким айтаяпти бу гапни сизларга? Мактаб директорими ëки ҳокимиятдан вакил келиб айтаяптими?

- Директоримиз “ҳокимият буюраяпти” деб айтадида.

Озодлик: Шу 50 кило буғдойни сотиб олиб беришларинг керакми?

- Ҳа. Хоҳланг уйдан олиб бориб беринг¸ хоҳланг сотволиб¸ олиб бориб беринг.

Озодлик: Ўзи ойликларинг пластик карточкага ўтказилаëтган бўлса¸ “қаердан топиб бераман” деб норозилик билдиришнинг иложи йўқми?

- Унақа десак¸ “Давлат ўқитган сенларни. Давлат диплом берган. Ëрдам берасан давлатга” дейишади.

Озодлик: 50 кило буғдойни қаерга топшириш керак?

- Билмасак. Олиб бориб бердик 50 килодан.

Озодлик: Қаерга олиб бориб бердиларинг?

- Мактабга олиб бориб бердик. Мактабдан қаëққа бўлса олиб бориб берадида.

Озодлик: Шунақа биринчи марта бўлаяптими ëки ҳар йили бўладими?

- Биринчи марта кўришим буни мен¸ дейди Олтинсой туманидаги мактабларнинг бирида ишлаётган ўқитувчи.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ҳам аҳвол шундай, дейди ўз исмини айтишни истамаган шўрчилик. Унга кўра, бу йил буғдой ҳосилининг кам бўлганлиги шўрчилик тадбиркорлару, почтачиларнинг шўрига шўрва тўктирди:

- Бу нафақат ўқитувчиларга¸ бошқаларга ҳам¸ мана оптом товар билан шуғулланадиган танишимиз бор. Ўзимизга қўшни туради. Ўша бир тонна буғдой берган экан. У Тошкентдан ҳафтасига КамАЗлаб продукта¸ товар олиб келади. Бундан ташқари¸ почтачилардан ҳам олишаяпти дейди. Бозордаги тижоратчиларга “ҳеч бўлмаса 10 минг сўмдан пул беринглар” деб айтишган эканда. У туман ҳокими Эркинбой Ниëзовнинг буйруғи дейишади. Бизнинг районда эмас бошқа районларда ҳам шунақа бўлаëтган эмиш¸ дейди шўрчилик суҳбатдош.

Наманган вилоятида буғдой ҳосили ёмон бўлмади, дейди чустлик фермер Абдураҳмат Қурбонов. Фермерга кўра, гарчи ҳосил яхши бўлган бўлсада, бироқ бундан деҳқоннинг косаси оқариши жуда қийин. Чунки, дейди Абдураҳмат ака, деҳқонга бажариши жуда мушкул бўлган режалар қўйилган:

- Данний момент шундай бўлдида. Менинг ўзимга¸ ишчиларимга¸ пиллага ҳам бир тоннача беришимиз керак эди. Шунга беш тонна битта самосвални уйга олиб келгандан кейин қолганини нима қилсак¸ икки тонна етмайди. Ҳайрон бўлиб турибмиз. Уйдагидан икки тонна олиб бориб ташлашим керак.

Озодлик: Планни тўлдирмасангизчи?

- Тўлдирмасангиз бўлмайди¸ дейилаяпти. Ватан олдидаги бурчни бажариш керак. Тўлдириш керак эканда. Менинг ўзимдаги проблема шунақа. Икки тонна етмайди. Ишчиларимга ўзи сал камроқ берган эдим. Бир тонна договор қилган бўлсам¸ 200 килодан кам берган эдим. Энди ҳозир ишчиларимдан¸ ўзимку умуман олмайман¸ бир тонна қўйган эдим. Ўшани ҳам олиб бориб беришим керакда. Бўлмадику¸ ëғин бўлди¸ ўт чиқиб кетди. Яхши бўлмади. Ахир яхши бўлмагандан кейин план ҳам озроқ бўлсин¸ деб айтиб бўлмаяптида. Шартномани туздингми¸ шуни берасан деб туриб олинаяпти¸ дейди Абдураҳмат Қурбонов.

Икинчидан, дейди фермер, бугун бозордаги буғдойнинг нархи 450-500 сўм. Ҳукумат эса фермердан 200 сўмданга сотиб оляпти. Бу тўлов ҳатто буғдойнинг таннархига кетган харажатга ҳам етмайди:

- Давлат “Мана шунча ер. Мана шунчадан қабул қиламиз” деса¸ биз ерда иложи борича кўпроқ етиштириб¸ ўзимизга етадиганини олиб қолиб қолганини беришимиз керак. Бизга ҳозирги бериладиган нарх умуман харажатни ҳам қопламайди. Ҳозирги кунда бир қоп 27 500 сўмдан сотилаяпти. Уже нарх кўтарилди. Бозорда 450-500 сўм. Мен ҳозир икки тоннани бозордан олиб топшираман десам¸ 450 ëки 500 сўмдан олиб топширишим керак¸ дейди Абдураҳмат Қурбонов.

Абдураҳмат ака сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир даромад олаётган фермерлар ҳам бор. Улар собиқ иттифоқдан катта мерос билан ўтган, техника ва пули етарли, банкларда ошна-оғайнилари бор собиқ амалдорлардир. Оддий фермерларнинг бирортаси бойиб кетолмайди¸ уларни доим давлат режаси ва ҳукумат айтган экин экиш мажбурияти тушовлаб туради, дейди чустлик фермер Абдураҳмат Қурбонов.

Бухоролик фермер Исмоил ака фикрича, собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида маъмурий-буйруқбозлик қандай бўлган бўлса, мустақил Ўзбекистонда ҳам ўша ҳолича сақланиб қолди ва фермер ҳеч қандай эркинликка эришолмади:

- Шу план тўлиши керак. Гап битта. План тўлиши керак. Бошқа гап йўқ. Йўллари бор. Бозордан сотиб олиш мумкин¸ ҳамсоядан олиш мумкин¸ складдан сотиб олиш мумкин. Йўлини топади тамом. План бор¸ шуни тўлдириш керак. Гап битта¸ дейди бухоролик фермер Исмоил ака.
XS
SM
MD
LG