Космонавт бўлишга иштиёқманд романтик боболаридан фарқли равишда бугунги авлод кўпроқ сердаромад касбларни эгаллашни маъқул топишади.
Ҳозирги ўзбек ёшлари орасида “мода”, яъни энг урф бўлган соҳаблардан бири - иқтисодни танлаган андижонлик Сардорга кўра, ўз тенгдошлари¸ асосан пултопар касбларга қизиқади.
- Иқтисодиëт энг асосий нималардан бирида барибир. Ҳар доим ҳам асосий соҳалардан бири бўлиб келган. Пул ҳам асосий қисми шунда. Шунинг учун шу соҳага қизиқишади. Яна банк тизими¸ молия¸ бухгалтерия. Барибир иқтисодиëтни юритадиган асосий мана шуларку. Ëшлар қизиқадида. Яна энг кўп ахборот технологияларга қизиқишади. Яна бухгалтерия бор. Чунки бухгалтер бўлиб ишласангиз¸ ҳар қандай ташкилотни бошқариш мумкин. Асосан ойлиги¸ нимасига қарабда энди. Ўзбекистон шароити маълумку. Университетга номига ўқишга кириб қўйган кўп болалар бор. Кейин ўқий олмасдан қийналиб юришади, дейди Сардор.
Ўзи аслида сиёсатга қизиқадиган лекин иқтисод йўналиши бўйича ўқиётган Сардор ўзини ҳам худди шундай тенгдошлари қаторига қўшади.
- Ўзим сиëсатга қизиқаманда.
Озодлик: Сиëсатга қизиқасиз-у¸ лекин иқтисодиëтда ўқийсизми?
- Мен ҳам ўша номига учганларданманда. 50 фоиз студентлар шунақа бўлса керак камида. Ҳамма ўзининг қизиққан нимасида ўқиса¸ яхши бўлади дейманда. Ўқишни битирганлар нима бўлаяпти¸ қанча ойлик олаяпти – ўшаларни билиб кейин хужжат топширган яхши лекин, дейди бўлажак иқтисодчи Сардор.
Айни пайтда энг эътиборли олийгоҳлардан бири ҳисобланмиш Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳужжат топширган тошкентлик Анварбек келажакда элчи бўлиш орзусида.
- Дипломатияга топширдим. Ўзим қизиқаманда. Дипломатиянинг лицейига кирганман. Энди олий маълумот олмоқчиман.
Озодлик: Дипломатияни битирсангиз¸ қаерда ишламоқчисиз?
- Элчида энди. Мен Халқаро муносабатлар бўлимига ҳужжат топширдим¸ у ерни битириб элчи бўлиш мумкин. Мен Францияда элчи бўлиб ишлаш орзуим бор, дейди Анварбек.
Генетика соҳасини энг замонга мос¸ деб билган жиззахлик Нигора генетик олим бўлиш орзусида Тошкент Миллий университетига хужжат топширди.
- Генетика Ўзбекистонда янги соҳа. Генетикада жуда ҳам кам иш қилинган Ўзбекистонда. Генетиканинг ўзи биологияга нисбатан қизиқроқ¸ фойдалироқ. Қанақадир илмий ишлар қилса бўлади. Генетика соҳасида Ўзбекистонда фақат биттагина профессор катта олимни танийман. Исмлари адашмасам¸ Акбар Талъатов эди. Бу соҳа ўзи янги. Энди-энди кириб кела бошлади. Масалан¸ аграр соҳа Ўзбекистонда ривожланган¸ бироқ генетика унчаликмасда. Қолиб кетган генетика. Қишлоқ хўжалигида олдинладигу¸ генетикада қолиб кетдик. Мен келажакда шу соҳани ҳам кўтариш ниятидаман, дейди абитурент қиз Нигора.
Ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек ёшлари орасида шифокорлик ва ўқитувчилик касбларини танлаш урф бўлган. Ҳозирда ҳам айни касбларга эҳтиёж сақланиб қолгани кузатилади.
Тиббиёт коллежи талабаси бўлган 17 ёшли Сарвиноз болалар шифокори йўналиши бўйича олий маълумот олишни режалаштирган.
- Ўзимда ëшлигимдан қизиқиш бўлган. Чунки ўзим кўп касал бўлар эдим. Касалхоналарда ëтганман кўп. Турли хил шифокорларни кўриб мен ҳам “келажакда шифокор бўлсам” деб ният қилиб қўйганман. Шунақа қилиб касбга бўлган қизиқиш уйғонган менда. Худо хоҳласа педиатр бўламан, дейди самарқандлик Сарвиноз.
Наманганлик ўқитувчи Исмоил Умаров фикрича, ўқитувчилик касби қишлоқ жойларида ҳануз оммабоплигини сақлаб қолган.
- Энди қайсидир фанга қизиқиб қолиб шу фандан дарс бераман¸ деган орзу билан кетадиганлари 100 тадан битта бўлади¸ холос. Қолганларни тақдир шу томонга буради. Бошқа олий ўқув юртларига топшириб битириб келса¸ қишлоқда¸ туманда иш топа олмайдида. Масалан¸ тиббиëт институтларида ўқиши мумкин. У ерда балл жуда юқори. Бундан ташқари катта пул сўрайди¸ дейишади. Хуллас шунақа сабаблар билан кўпчиликнинг у ëққа боргани юраги дов бермайди. Қизиққанлари ҳам ўйланиб-ўйланиб барибир яна пединститутга боради. Бизда кўпчилик пединститутга боришади ёшлар, деди Исмоил Умаров.
Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бирида дарс берадиган Бобур Рашидов шаҳар жойларида ўқитувчилик касбига қизиқиш сусайганини, ёшлар, асосан, келажакда пул топиш осон бўлган соҳаларни танлашга уринаётганликларини айтади.
- Ҳозирги ëшларнинг кўпчилиги юридик институтга қизиқишади. Яна иқтисод факултетига. Чунки бунда банк соҳасида¸ бухгалтерияда ишлаш мумкин. Яна тарихга ҳам қизиқишади. Тарихни битиргандан кейин милицияда ишлаши мумкин¸ куч ишлатар тизимларга ишга кириши мумкин. Ҳамма шунга интилади. Уларни қизиқтираëтгани шу соҳаларда кўпроқ даромад топиш мумкинлиги. Мана милицияда¸ СНБда¸ прокуратурада ишлашга қизиқиш кучли. Ўзбекистонда порахўрлик авж олиб кетганку. Уларнинг ҳаммасининг мақсади пул топиш. Масалан¸ ўқитувчи бўлиб ишласа¸ 300-400 минг ойлик олгани қайдаю, милицияга ëки СНБга кириб бир миллион олгани қаерда. Яна у ëқда пораси бор¸ манфаат бор, дейди Бобур Рашидов.