Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:32

Сангороддан яна бир сиёсийнинг майити чиқди


17 июн куни навоийлик 63 ёшли Суннатилло Зариповнинг ўлиги қамоқхонадан уйига жўнатилди. Марҳумнинг яқинларига кўра, сиёсий айбловлар билан 15 йилга қамалган Суннатилло Зарипов қамоқхонада қийноқлар қўлланилгани натижасида оламдан ўтган.

Суннатилло Зариповнинг жасади Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасидан Навоийнинг Кармана шаҳридаги уйига жўнатилганида уни яқинлари ҳатто танишмаган.

Марҳумнинг рафиқаси Сабоҳат опа эрининг аҳволи оғирлигини кўриб, эри ўз ажали билан ўлганига шубҳа қилади.

- (йиғлаб) Энди урганларини мен кўзим билан кўрганим йўқ, айланайин. Фақат аҳволлари оғир эди. Мен жуда ҳам ориқлаб кетганларини кўрдим, дейди марҳумнинг рафиқаси.

Суннатилло Зариповни охирги марта тирик кўрган қизи отаси ниҳоятда аянчли аҳволда бўлганини айтади.

- Бордим¸ дадамни кўрдим. Шундай кирганимда мени танимадилар. “Нимага танимаяпсиз, дада?” десам¸ “Э бачам, шундай бўлиб қолибди-да”, дедилар. “Нимага бундай бўлди дада? Қайси касаллик билан бу ерга олиб келдилар?” десам¸ “Нима бўлса, Навоийда бўлди. Навоийда менга нимадир укол қилиб¸ менга нимадир едиришди”, дедилар. Жуда ҳам ориқлаб кетганлар. Кичкинагина бўлиб қолганлар. Мен ҳам танимадим. Шундай ойнадан гаплашамиз телефонда. У киши мени танимаëтганларига мен: “Иби¸ мен бошқа кишининг кабинасига кирибман” деб, чиқиб қараб ўтириб кейин танидим. Бошининг тепасида шишкалари бор эди-да олдиндан. Ўшандан танидим кейин, дейди марҳумнинг қизи.

Суннатилло Зарипов яқинлари унинг ўз ажали билан ўлганига шубҳа қилаётган бўлишса-да, бироқ бу борадаги гумонларини очиқ айтишга қўрқишмоқда.

- Энди ҳозир бу ерда бизларни қўрқитаяпти аëлларни ҳам олиб кетади деб. Билмадим энди, мени ҳам тинч қўймайдими? Қўрқаман. Бу гапларни мен айта олмайман. Қўрқаман. Сиз билан гаплашишга ҳам қўрқаман. Эшитишимча¸ бизларнинг телефондан СНБ ходимлари ҳамма гапларни эшитиб ўтиради. Оддий битта дискни деб, дадамни шунча аҳволга туширди. Бу аëлларни ҳам бир нима қилишдан тап тормайди деяптилар, дейди марҳумнинг қизи.

Зарафшон шаҳар жиноий ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, бир қатор сиёсий ва диний мотивлар билан 15 йилга қамалган Суннатилло Зариповнинг уйидан тинтув пайтида, марҳумнинг рафиқасига кўра, фақат Хайрулла Ҳамидов шеърлари ёзилган диск топилган.

- Хайрулланинг маърузалари эмас, шеърлари ëзилган дисклари чиқди. Ҳижоб ҳақида¸ ўғил ҳақида шеърлари бор эди. Хўжайинимнинг ўзлари ўқийдиган Қуръонни олиб кетдилар¸ дискларни олиб кетдилар. Хайрулланинг дисклари ҳозир мумкин эмас экан. Бизлар уни ҳар доим жон қулоғимиз билан эшитар эдик. Ҳамма жойни кўрди. Ноқонуний ҳеч нарса йўқ. Шу битта диск, дейди марҳумнинг рафиқаси.

Биз Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига мурожаат қилиб, Суннатилло Зарипов ўлими сабаблари билан қизиқдик. Бироқ у ердан “ёзма равишда мурожаат қилинг” деган одатий жавобни олдик.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятга бевосита гувоҳ бўлган собиқ маҳбус Муҳаммадсолиҳ Обутовга кўра, мамлакат қамоқхоналарида икки ҳолат яъни қийноқ ва касаллик маҳбуслар ўлимига сабаб бўлади.

- Ичкаридаги шароитнинг оғирлиги, масалан, ҳар куни “намоз ўқидинг¸ бошқа қилдинг” деб калтаклаб¸ изоляторга ташлаб¸ шунақанги қийин шароитлар одамнинг силласини қуритиб, тез касалланадиган бўлиб қолади-да. Сал нарса бўлса ҳам одам касал бўлади¸ бошқа бўлади. Мана шунақа касаллар кейинчалик эплай олса¸ Сангородга кўтарилади. Аксарияти Сангородга кўтарилмайди, кўтарила олмайди. Яъни у ëққа ҳам катта пул билан борилади-да. 159 ларнинг ўлиши аниқ бўлиб қолсагина Сангородга жўнатади. Бўлмаса, у ëққа чиқа олмайди улар. Агар аниқ ўладиган бўлса¸ шунда юбориши мумкин. Асосан Сангородда кўп ўлади. Кунига нечталаб одамлар ўлади Сангородда. Лекин унинг аксариятини ҳеч ким билмайди¸ ҳеч кимга айтилмайди. Зонанинг ўзида камдан кам ўлади. Чунки зонада ўлишидан олдин Сангородга жўнатилади. Зонанинг ўзида ўлганлар бўлди. Ўзимиз кўрдик. Бизларнинг давримизда ҳар хил шароит бўлди. Касалликдан ўлганлар бўлди¸ ўзлари уриб ўлдирганлар бўлди. Масалан, Ботир қозоқ деган хоразмлик бор эди. У Урганчнинг положенеци (криминал авторитети) эди. Шу одамни 46 да уриб ўлдирдилар. У юқорининг рухсати билан бўлган иш эди. Яъни уришга, ўлдиришга рухсат бор эди, дейди собиқ маҳбус Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Маҳаллий қамоқхоналардаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, мамлакат қамоқхоналаридан ҳар йили тахминан 150 нафар маҳбус ўлиги чиқади.

- Энг кўп бизлар эшитиб турган бу Жаслиқ қамоқхонасидан кўп ўлик чиқади. Кейин Андижондаги тергов изолятори-1 деб гапирилади¸ кейин Бухородаги 25-тергов изолятори¸ яна Навоий¸ Қаршидаги қамоқхоналарда¸ яна Каттақўрғондаги тергов изоляторидан. Асосан ўшалардан. Лекин бошқа қамоқхоналардан ҳам ўлик келиш ҳоллари бор. Булар ҳар хил қийноқлардан ëки бошқа нарсалардан жабрланиб ўлганлар. 50 га яқин тергов изолятори ва қамоқхоналар бор, ўшаларнинг ярмидан кўпида ўлим чиқиш воқеалари тез-тез бўлиб туради, дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қамоқхонадаги ўлим ҳолатлари асосан сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбуслар орасида кўпроқ учрайди.
XS
SM
MD
LG