Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:17

Эркин микрофон - Жаноб президент¸ озгина эътибор қилинг халқингизга


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Бу ўғри¸ муттаҳамларни қарайдиган одам бўладими бу дунëда? Ë ўлиб кетамизми мана шунақа қилиб?" дейди Озодлик орқали президент Каримовга мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири.

"Мен президентга мурожаат қилмоқчиман"

Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани Бирлашган маҳалласида яшовчи 63 ёшли 2-гуруҳ ногирони Абдуқаҳҳор Мусаев уни ногиронлик ҳужжатидан маҳрум қилишмоқчи бўлаётганликларини айтар экан, Озодлик орқали президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, бу бедодликларни тўхтатишни сўрайди.

- Менга ҳозир уйимга қўнғироқ қилишди, "срочно СОБЕС га боринг" дейишди. СОБЕСга бордим. У ерда ВТЭКнинг комиссияси бор экан. “Пенсиянгизнинг ярмини кесишимиз керак” дейди. “Нима учун?” десам¸ “Мана сиз ногирон экансиз, союз пайтида ногиронлик олган экансиз” дейди. Как будто бу ўтмасмиш. “Сизни группадан олиб¸ пенсиянгизнинг ярмини кесамиз” дейди. Президентнинг фармони чиққанмиш. Мен “Қанақа фармон бу? Ўзи бу меники союз пайтида қилинган” дедим.

Озодлик: Абдуқаҳҳор ака¸ нечанчи гуруҳ ногиронисиз?

- Иккинчи гуруҳ ногирониман. Қаранг, синглим, одамларни нима қилишмоқчи булар? Менинг ҳеч ақлим етмаяпти-да. Ўзи нима қилишимни билмай зўрға юрибман¸ мана битта қизим 25 ëшда. Уни узатишим керак. Биттаси 18 ëшда. Иккаласи коллежда ўқийди. Аëлим 55 минг пенсия олади. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Иккита сигир бор. Шу боқиб турибди-да. Акс ҳолда, мутлақо яшаб бўлмайди. Бу ғирт номардчилик-ку. Бу президент қаëққа қараяпти?

Мурожаатимни иложи бўлса эфирга қўйинг. Мен президентга мурожаат қилмоқчиман.

"Жаноб президент. Энди олаëтган мана шу 155 минг пенсиям сизга¸ невараларингизга керак бўлса¸ мен шундоқ ҳам ўтказиб юбораман. Ëки бутун ногиронларни йиғинглар-да¸ Гитлер қилгандай қилиб, печ қилиб ëқинглар. Йўли шу. Қийнаманг бу халқни. Етар шунча. Атрофингизда тартиб қилсангиз бўлмайдими? Союз пайтида эшакдай ишлаганман. Менга союз пайтида пенсиямни берган. Бировнинг бир тийин ҳаққини емаганман. Қачон бу Ўзбекистонда қонун ишлайди? Бу ўғри¸ муттаҳамларни қарайдиган одам бўладими бу дунëда? Ë ўлиб кетамизми мана шунақа қилиб? Ўзбек халқини ўйласангиз нима қилади озгина? Қачонгача қийнайсизлар бу ўзбек халқини? Етар¸ ҳамма ëққа муттаҳамларни¸ ўғриларни ўтказиб қўйдинглар. Миллиард-миллиард пулларни чўнтакка уриб ëтибсизлар. Халқни ўйланглар. Охиратни ҳам озгина ўйлашсин. Жаноб президент¸ озгина эътибор қилинг халқингизга. Тартиб ўрнатиладими бу давлатда ë шу кетишда ўлиб кетамизми?"

Илтимос, ҳаммасини эфирга беринг. Менинг қўрқадиган жойим йўқ. Мен ҳаëтимда бировнинг ҳаққини емаганман. Бола-чақамни ўз меҳнатим билан катта қилдим. Бунақа мустақилликнинг менга умуман кераги йўқ. Ундан кўра қул бўлиб союз пайтида яшаганим яхши эди¸ дейди иккинчи гуруҳ ногирони Абдуқаҳҳор Мусаев.

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ногиронларни қайта текширувдан ўтказиб, кўпчиликни ногиронлик ҳужжатидан мосуво қилмоқда. Айтилишича¸ Ўзбекистондаги 20 фоиз ногирон бундай ҳужжатсиз қолиши мумкин.


"Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалар ортида Россия турибди"

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи Қодир Болтаев ана шундай фикрни билдиради.

- Ўшликларга мен таъзия билдираман. Мен ўзим бориб буларга ëрдам бера олмайман. Материалний ҳам ëрдам бера олмаймиз. Лекин барибир ачинаман шу халққа. Мен ўзим ўша ëқда ўқиганим учунми¸ Ўшнинг халқи водийнинг аҳлига ўхшаган жуда яхши одамлар ҳисобланади. Ширинсўз¸ меҳмондўст бўлади. Бу ўзбеклар Россия билан Америка ўртасидаги геополитиканинг ўртасига тушиб қолди. Нимага денг? Масалан, Бакиев Америка билан яхши бўлиб Ўшда база очмоқчи эди. Россия Ўрта Осиë республикаларини қайтариб ҳеч кимга бермайди. 5 йил олдинди инқилобларга ўрислар жавоб берди, деб тушунаман. Мана Украинани тортиб олди Америкадан. Грузиянинг иккита қўлини кесиб ташлади Абхазия¸ Осетия қилиб. Ана энди Қирғизистон ҳам Россияга ўтади. Бу ишлар халқларнинг айби ҳам эмас¸ катталарнинг айби ҳам эмас бизлардаги. "Исход войны решается кабинетах дипломатов" дейди. Бу Путин акамларнинг¸ Кремлнинг қилган иши, деб тушунаман Ўрта Осиëни бериб қўймаслик учун. Агар Америка ëки бошқалар тиқиладиган бўлса¸ ҳар қандай республика шунақа уруш-жанжал бўлиб ëтаверади. Ўтунбаева Кремл билан келишиб туриб урган. Мен ўйлайманки¸ Бакиев шунақа тўполон қилиб, Ўшда революция қилса¸ сразу ҳокимиятни қайтариб оларди. Бу Бакиевнинг кучи эмас. Лекин Бакиевнинг иккинчими учинчими хотини ўзбек ҳисобланади. Жуда хотинининг бетига туфламаса керак Бакиев. Бунда Роза Ўтунбаеванинг қўли бор деб ўйлайман¸ дейди Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи Қодир Болтаев.


"Ўшликларга уй қуриб беришга Қирғизистон ҳукуматининг қурби етмайди"

Наманган шаҳридан қўнғироқ қилган Назар Солиҳ 1966 йилги Тошкент зилзаласини эслар экан, ўша пайтда бошқа республикаларнинг кўмагида шаҳар қайта тикланганини эслайди.

Назар Солиҳ фикрича, Ўш ва Жалолободдаги қирғин пайти уйсиз қолган ўзбекларни уй билан таъминлашда ҳам айни тарзда иш тутиш лозим.

- Менинг фикрим бор эди қурилиш бўйича. Масалан, ўзбекларнинг уйларини қирғиз ҳукумати ҳеч қачон қуриб бера олмайди. Мана бизда 1966 йилда зилзила бўлганда союздан келган қурувчилар қуриб берган. Чет элдаги баъзи бир давлат раҳбарлари келишиб туриб, ўз қурувчиларини киргизиб¸ қурилиш материалларини киргизиб, қуриб берса¸ қишгача тезроқ битадиган ҳолат бўларди. Агар ҳозир у Қирғизистонн ҳукуматига қолса¸ бу ҳолатда уй-жой қуриб беришга қурби етмайди. Бор пуллар ўзлаштирилиб, йўқ бўлиб кетаверади. Берилган пуллар¸ гуманитар ëрдамларнинг етиб бориши қийин бўлаяпти. Масалан, ҳар битта давлат 10 тадан хонадонни ўзига олса ҳам тезда битадиган ҳолат бўларди¸ дейди Назар Солиҳ.

БМТ маълумотига кўра, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар пайтида Ўш шаҳри марказида 1749 та уй тўлалигича ёниб битган¸ яна 58 та уйга жиддий зарар етган. Жалолобод вилоят ҳукумати эса, вилоятда 354 уйнинг ёниб битгани ҳақида маълум қилди.

Яқинда Туркия Ўш ва Жалолободда уйи куйганларга иморат тиклаш учун 21 миллион доллар ҳадя қилди.


Чимкентда Хайрулланинг мухлислари кўпайди

Жанубий Қозоғистоннинг Кентау шаҳрида яшовчи Шохруҳ Хилватов Озодлик сайти фаолиятидан қониқишини ва сайт орқали Хайрулла Ҳамидов тақдири билан боғлиқ кўплаб маълумотлар олаётганини айтади.

- Яқинда сизларнинг интернет сайтларингизга кирдим. Жуда ҳам қизиқ нарсаларни ўқидим сизларнинг Блогистонда. Икки-уч соат ўтирдик сизларнинг интернет сайтингларда. Жуда ҳам қизиқарли маълумотлар бор экан. Озодликнинг ҳақиқий тингловчилари борлигининг гувоҳи бўлдим мен. Айниқса Хайрулла Ҳамидов тўғрисида ëзилган нималар кўп экан-ку сизларда. Хайрулла Ҳҳамидов қамалгандан бери кузатиб юрибман. Ўшандан бери Чимкент вилоятида унинг записларини топиб эшитувчилар кўпайди. Дискларини¸ кассеталарини одамлар сўраб эшитишади. Илгари одамлар бу нарсага қизиқмасди ҳам. Қамалгандан кейин янада машҳурлиги ошди. Одамлар кўпроқ шеърларига қизиқишаяпти. Мендан ҳам сўрашаяпти Хайрулланинг дискларини. Ўзимда бўлганлиги учун ҳозир кўпчиликка тарқатиб бераяпман.

Озодлик: Демак, Туркистонда Хайрулла Ҳамидов ижодига қизиқувчилар сони ортган?

- Жуда ҳам кўпайган. Мен ҳайрон қолдим. Нимани таъқиқлаб қўйса¸ одамларнинг шунга қизиқиши ортиб борар экан-да. Айниқса “Ўзбекларга нима бўляпти” деган шеърини сўрашаяпти. Уни ҳам топишга ҳаракат қиламиз. Худо хоҳласа, қамоқхонадан тезроқ чиқиб келсинлар. Оилаларининг бағрига келсинлар, деймиз¸ дейди Жанубий Қозоғистоннинг Кентау шаҳрида яшовчи Шохруҳ Хилватов.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG