16 июл куни Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубида тартиб сақлашда ёрдамлашиш учун ЕХҲТ ўз полиция ходимларини Қирғизистонга жўнатишини айтиб, халқаро полициячиларнинг мутлақо қуролсиз киритилишини маълум қилди.
Роза Ўтунбаевага кўра, ҳозирда 50 нафар халқаро полиция ходимини Ўш шаҳрига жўнатиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш жараёни давом этмоқда.
- Бу (халқаро полиция) кучлар(и) бу ерда вақтинча, чекланган муддатда, тўрт ой давомида ишлайди. Биз Ўш шаҳрини қайта тикламоқчимиз. Масалан, улар Ўш шаҳрида хавфсизликни таъминлаш учун керак. Улар қуролсиз бўлади, деди Роза Ўтунбаева.
Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Ўтунбаева 52 нафар қуролсиз полициячи инсон ҳуқуқлари ҳолатини кузатиш, ҳуқуқ тартибот тизими вакилларининг хизмат ваколатини суисътемол қилиш ҳолатларини олдини олиш билан шуғулланишини маълум қилди.
Қирғизистон жанубига ўз полициячиларини киритиш таклифи билан чиққан ЕХҲТ¸ халқаро полициячиларнинг Қирғизистон қуролли кучлари июн воқеалари устидан олиб бораётган тергов доирасидаги амалиётларда, сўроқ-саволларда иштирок этадиган халқаро кузатувчи ҳарбийлар гуруҳидан иборат бўлишини маълум қилди.
16 июл куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида баëнот берган ЕХҲТнинг Можаролар олдини олиш маркази директори Ҳерберт Салбер ЕХҲТ ўзининг 52 ходимдан иборат полиция кучларини Ўш ва Жалолободга жўнатишини маълум қилди.
- Биз бу гуруҳ сонини белгиладик. Дастлаб 52 полициячи бўлади ва кейинчалик улар сони 102 га етиши мумкин. Шунингдек, биз вақт муддатини ҳам аниқладик. Дастлаб биз полициячиларни тўрт ойга жўнатамиз, бироқ бу муддат узайтирилиши мумкин. Миссия¸ албатта¸ қирғиз полициясига, ички ишлар органларига ёрдам беради, шунингдек, ўз навбатида улар фаолиятини мониторинг ҳам қилади, дейди Ҳерберт Салбер.
Шунингдек, президент Ўтунбаевага кўра, яқин кунлар ичида Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларни ўрганиш учун ЕХҲТ, Европа иттифоқи, БМТ вакилларидан иборат халқаро комиссия тузилади.
Ушбу комиссия вазиятни ўргангач¸ ўз маърузасини тайёрлайди ва бу мамлакат жанубида содир бўлган фожиага тегишли сиёсий баҳони беришга кўмаклашишини айтади Роза Ўтунбаева.
16 июл куни Ўш шаҳрига борган Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари ўтган ой Қирғизистон жанубида содир этилган хунрезликлар бўйича текширув ўтказиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият талабини яна бир карра такрорлади.
Франция Ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер Ўшдаги брифинг давомида Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалар бўйича ҳалқаро комиссия иш олиб бориши жуда муҳим эканлигини билдирди.
- Германия ва Франция, Европа иттифоқи Ўтунбаева хонимни қўллаб-қувватлайди. Бу жуда муҳим. Биз бу воқеа ортида қайси гуруҳ турганини билишни истаймиз. Бу ерда провакация бўлгани маълум. Биз булар ҳақида ҳам билишни истаймиз. Шуларни ҳисобга олиб, биз халқаро комиссия текшируви борасидаги таклифларни қувватлаймиз, деди Бернард Кушнер.
Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле ҳам ҳамкасбининг бу борадиги фикрларига қўшилишини айтади.
- Қачонки сабаблар аниқланар экан, ўша пайтдагина биз барқарорликка эришишимиз мумкин. Мана шунинг учун ҳам мустақил халқаро текширув зарур. Бу бизга ҳақиқий жиноятчиларни топиш имконини беради. Биз айни текширув орқали фожеавий воқеа ортида ким турганини¸ яъни булар жиноий гуруҳлар, сиёсий кучлар ёки экстремистлар – қай бири эканлигини аниқлашимизга ёрдам бўлади. Шунинг учун биз француз ҳамкасбим билан эртага Олмаотада ЕХҲТ нинг норасмий тадбирида ҳам бу таклифни ўртага ташлаймиз, дейди Гуидо Вестервелле.
Куни-кеча халқаро Ҳюман Райт Уотч ташкилоти Қирғизистон жанубидаги вазиятни ўрганиб, Ўшга халқаро полиция кучлари киритилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Мазкур ташкилот ҳисоботида айтилишича, шу кунларда Қирғизистон қуролли кучлари июн ойида содир бўлган қонли низо юзасидан олиб бораётган амалиётлар чоғида фуқароларга нисбатан ноқоуний муносабатлар, жумладан, қийноқлар қўлланилганига оид 30 дан ортиқ ҳолат қайд этилган. Бу ҳолатларнинг барчасида ўзбекларнинг жабрлангани айтилади.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Ўшга халқаро полициячиларнинг киритилиши фойдадан холи бўлмаслигини айтади.
- Ҳақиқатан ҳам¸ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ваколатларидан чиқиб кетиб¸ улар ҳаддан ташқари қонун-қоидаларни бузиб тазйиқ ўтказаëтган бўлса маҳаллий аҳолига¸ бундай маълумотлар кўп учраяпти охирги пайтда. Бундай вазиятда¸ албатта¸ халқаро томондан бўладиган бундай кузатув фойдадан холи эмас. Ҳар ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қандайдир бўлса ҳам бир таъсир бўлади. “Халқаро кузатувчилар турибди кузатиб” деб қандайдир бир уларни жиловлаб турган восита сифатида кўрилиши мумкин.
Умуман олганда халқаро кучларнинг олиб кирилиши умуман қандай мақсадда бўлмасин даже¸ фойдадан холи эмас. Чунки бу халқаро ҳамжамиятнинг¸ хусусан ЕХҲТ нинг Марказий Осиëда бўлаëтган воқеаларга¸ Қирғизистондаги вазиятга бефарқ эмаслигидан¸ вазиятни кузатиб мониторинг қилаëтганлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам халқаро ўлчамнинг пайдо бўлганлиги менимча¸ фойда беради ва Марказий Осиëга бўлган халқаро эътиборни кучайтиради. Шу нуқтаи-назардан фойдадан холи эмас. Қолаверса¸ бу халқаро кузатув турли хил нообъектив миш-мишларни камайтиришга ëрдам беради. Чунки объектив бетараф кучлар масалани объектив баҳолаб хулоса қилишга ҳаракат қилади деб умид қиламиз. Улар шунга ҳисса қўшиши мумкин, дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Фарҳод Толипов.
Қирғизистон жанубида рўй берган июн воқеалари оқибатларини баратараф этиш ва бу ерда тўла барқарорликни тиклаш учун бу ҳудудга халқаро полиция кучларини киритиш қарорининг 17 июл куни Олмотада бўладиган ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари учрашувида тасдиқланиши кутилмоқда.