Миллий комиссия аъзолари ўтган икки кун давомида Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Моди, Шарқ, Қизил Киштак қишлоқлари аҳолиси билан учрашди.
Миллий комиссия раҳбари, Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Абдуғани Эркабоевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ мазкур комиссия мамлакат жанубидаги қонли воқеаларнинг сабаблари ўрганиш ва айни пайтдаги вазиятни таҳлил қилишни ўз олдига мақсад қилган.
- Асосий мақсадимиз воқеалар кечган жойга келиб, вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, ўз қулоғимиз билан эшитиш. Аҳоли билан учрашиб ҳақиқий аҳволни ўрганишни режалаштирганмиз. Ўтган икки ичида бевосита воқеалар бўлган жойларда бўлдик. Аҳвол¸ албатта¸ оғир. Ўша воқеаларда бевосита иштирок этган, кўрган, ўз бошидан кечирган одамларнинг сўзлари ниҳоятда қайғули. Хоҳ қирғиз бўлсин, хоҳ ўзбек, улар айтаётган воқеалар ниҳоятда аянчли. Биз воқеалар қайталанмаслигининг олдини оладиган, вазиятни ишга туширишга хизмат қиладиган идоралар, мамлакат етакчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, куч ишлатар тизимлар билан мулоқотда бўлаяпмиз, дейди парламент собиқ спикери.
Абдуғани Эркабоев Миллий комиссия аъзоларига нисбатан босим ёки тазйиқлар бўлган тақдирда, улар хавфсизлигини Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва маҳаллий комендантура вакиллари ҳимоя қилишини билдирди.
Миллий комиссия аъзолари 11 августгача халқ орасида бўлиб вазиятни ўрганишни, кейинчалик эса ҳужжатлар билан ишлашни режалаштирмоқда.
Мазкур комиссия 10 сентябрга қадар вазият бўйича ўзининг илк ҳисоботини эълон қилиши лозим.