Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:20

"СТС" Ўзбекистонда "СофТС"дан даромад кўра олмади


Тошкентлик телетомошабинлар "СофТС"да кўриб келган сериалларни охирига етказа олмайдиган бўлди.
Тошкентлик телетомошабинлар "СофТС"да кўриб келган сериалларни охирига етказа олмайдиган бўлди.

Шу сабабдан Ўзбекистондаги бизнесини тўхтатишга қарор қилган СТС медиа холдинги бу мамлакатдаги бизнес юритиш қоидалари уларга қимматга тушаётганини айтмоқда. Россия ширкати икки йил аввал Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган “Terra Group” медиа-холдинги билан ҳамкорликда ташкил қилинган "СофТС" дан фойда кўролмади.

Жорий йилнинг 5 августидан бошлаб Россиянинг "CTC" медиа телевизион холдинги Ўзбекистондаги қўшма корхонасини тугатишга қарор қилди.

"СТС" компанияси матбуот котиби Екатерина Осадчейнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон телереклама бозорининг аҳволи уларни қониқтирмагани боис улар бу мамлакатдаги бизнесига сармоя ажратишни тўхтатишган.

- Ширкатимиз Ўзбекистондаги қўшма корхонани ёпишга қарор қилди. Буни компания узоқ вақтдан буён режалаштириб келаётганди. Мутахассислар вазиятни қайта таҳлил қилиб, бу борадаги фикрларини билдиргач, ширкатнинг Ўзбекистондаги бизнеси учун сармоя ётқизишни тўхтатдик. Ўзбекистон телереклама бозори ва унинг ривожланиши компания мутахассисларини қониқтирмади. Биз 2007 йилда кўзлаган режаларимиз пуч эканлигига амин бўлдик. "СофТС" томошабинлар аудиториясини кенгайтира олмади. Ўзбекистон телереклама бозорининг жорий аҳволи ва потенциалига ортиқча баҳо бериб юборилган. Бу соҳада мамлакатда расмий баҳолаш ва рейтинглар тизими йўқлиги боис келажакда бирор бир муваффақиятга эриша олиш амримаҳол. Шунинг учун Ўзбекистондаги қўшма корхонани ёпишга қарор қилдик. Бу қарорни Ўзбекистондаги ҳамкоримиз “Terra Group” медиа-холдинги билан биргаликда қабул қилдик қароримиз, дейди "СТС" компанияси матбуот котиби Екатерина Осадчей.

“Terra Group” медиа-холдинги ходимаси Озодлик билан суҳбатда айни пайтда "СофТС" кўрсатувлари тўхтатилмаганини айтиш билан чекланиб, батафсил изоҳ беришдан бош тортди.

"СофТС" телеканали директори Евгений Шек билан телефон орқали боғланганимизда, у саволларимизни электрон почта орқали жўнатишимизни сўради. Биз у айтган манзилга саволларимизни интернет орқали жўнатиб, унга қайта боғланганимизда, жаноб Шик телефон гўшагини кўтармади.

"СТС" компанияси Ўзбекистонда "СофТС" телекомпаниясини 2007 йил сентябрь ойида рўйхатдан ўтказган. 2008 йилнинг апрел ойидан бошлаб телеканал рус тилидаги кўрсатувларини намойиш қила бошлаган. "СофТС" асосан, Россиянинг "СТС" ва "Домашний" телеканалларининг айрим кўрсатувларини намойиш қилиб келмоқда. "СофТС" кўрсатувларини фақат Тошкент ва Тошкент яқинидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли кўриш имконига эга.

Тошкентлик суҳбатдошимиз Шавкат Бадалов "СофТС" кўрсатувлари ўзбек томашабинларига унчалик хуш келмаганини айтади.

- "СофТС" чисто развлекателний программа бу. Бизларнинг идеологиямизга тўғри келмайдиган бўлса¸ олиб бермайди Москваникини. Бизнинг идеологияга тўғри келадигани бўлса¸ мумкин бўлган¸ цензурадан ўтадиган нарсаларни олиб беради. Доимий сериаллар бор. Масалан, “Отанг билмасин” деган. Ўшаларни беради. Ундан кейин “Крутой тюнинг” деган ҳар хил темир-терсаклар билан иш қилаëтгани ҳақида сериал. Эрталаб ва кечқурун бирорта чет элнинг киносини беради. Уни ҳам саралаб бизнинг идеологияга тўғри келадиганидан топиб беришади. Ахлоқий тарбияга мос келмайдиганларини олиб бермайди. Москвада кетаверади. Бу ëққа олиб бермайди. Дежурний каналда бу. Бошқа каналда ярим соат¸ бир соатдан кейин кино берадиган бўлса¸ бекор ўтирмаслик учун "СофТС" га олиб бирор бир кулгили нарсасини кўриб туришга дежурний канал. Йўқ бўлса ҳам бизга фарқи йўқ,- дейди Шавкат Бадалов.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов "СофТС" кўрсатувлари рус тилида берилгани ва телеканалдаги техник сифатсизликлар боис томошабинлар аудиториясини кенгайтира олмади деган фикрда.

- Биринчи навбатда умуман оммавий ахборот воситалари қанақадир бир майдонни топа олмаса¸ мухлисларини¸ аудиториясини топа олмаса¸ медиа бозорида унга нон йўқ. Мен ўша канални кўриб борувчи одам сифатида айтаман. Масалан каналда бирор одамни қизиқтира оладиган¸ аудиторияни торта оладиган бирор нарса йўқ.

Иккинчидан¸ асосий факторлардан биттаси бу каналнинг русийзабон эканлигидир. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг жуда ҳам катта қисмини ўзбеклар ва асосан Ўзбекистондаги маҳаллий телеканалларни кўрадиганлар ташкил қилади. Шунинг учун мен "СофТС"ни кўриб борадиган бирорта бир доимий мухлисни учратганим йўқ. Уларда тайинли бир кўрсатув¸ кўнгилочар дастурлар кўрганимиз йўқ. Улар кўпроқ анъанавий филмларнинг рус тилидаги вариантларини қўйиш билан чекланган. Бундан ташқари реклама блокларида материаллари жуда ҳам сифатсиз. Бундан ташқари эфир сифати ҳам жуда ëмон эди. Бир хил пайтлари пирпираб техник носозликлар юзага келади,- дейди мустақил журналист.

Абдураҳмон Ташанав СТС компаниясининг Ўзбекистонни тарк этиши ортида бир қатор сиёсий сабаблар ҳам бўлиши мумкинлиги тахмин қилади.

- "Terra Group"¸ умуман Гулнора Каримовага тегишли ширкатларнинг жуда катта қисми медиа бозорни зўравонлик билан эгаллайди катта маблағлар¸ бошқалар ҳисобига. Лекин барибир бозор бу бозор. Масалан, Гулнора Каримова ҳам битта нарсага пул тиксада¸ ҳеч бўлмаса, харажатларини етарли даражада қопламаса¸ унга бизнесмен сифатида тармоқни ëпишга тўғри келади. Менимча¸ бу ерда ҳам шунақа бўлган. Лекин айрим доираларда сиëсий версиялар ҳам бор. Яъни “Россия билан Ўзбекистон муносабатлари жуда ҳам ëмон. Россия каналларида Ўзбекистонга муносабат ëмонлашаяпти. Ҳукумат сиëсати ëмонлашаяпти”, деган гаплар бор. Лекин буни тасдиқловчи расмий далиллар ëки гап-сўзлар йўқ ҳозирча,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

"СТС" компаниясидан олинган маълумотларга кўра, СофТС ишга туширилганидан бошлаб иш фақат зиёнига юра бошлаган. 2010 йилнинг биринчи ярмида унинг тушуми 5 фоизга яъни 4,88 дан 5,14 миллион долларга ўсган.

Айни пайтда, "СТС" медиа компаниясининг жаъми айланма маблағлари 16 фоизга ўсиб 253 миллион долларни ташкил этгани айтилмоқда.

Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган “Terra Group” медиа холдинги “СофТС” каналининг 49 фоиз улушига эгалик қилади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги энг йирик медиа холдинг ҳисобланган “Terra Group” таркибига “Terra” ва “Замин” радиолари, “Марказ ТВ” телеканали, “Pan Terra” реклама агентлиги, “BellaTerra” ва “Baby Terra” журналлари киради.
XS
SM
MD
LG