Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:28

Огоҳ бўлинг - “Антитеррор-тозалаш” тадбири!


Ҳар йили мустақиллик арафасида вилоятликларни пойтахтдан ҳайдаш тадбири бу “Антитеррор- Тозалаш”, дея аталди.
Ҳар йили мустақиллик арафасида вилоятликларни пойтахтдан ҳайдаш тадбири бу “Антитеррор- Тозалаш”, дея аталди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси “Антитеррор- Тозалаш” тадбирининг дастлабки кунларидаёқ паспорт режимини бузган 300 нафарга яқин шахс аниқлади ва 24 нафар гумондор шахс қўлга олди. Бу йил мустақиллик байрамини нишонлаш арафасида вилоятлардан келган ўзбекистонликлар потенциал террорчига айланди.


“Антитеррор-тозалаш” тадбири Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан амалга оширилаяпти.

Мазкур вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинишича, айни тадбир мамлакат фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида ўтказилаяпти.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Шавкат Бадаловга кўра, айни тадбир ортидан Тошкент шаҳрида кучайтирилган назорат тартиби жорий қилиниб, шаҳар кўчаларида милиция ходимлари сони кўпайтирилди.

- Уже кўпайган. Ҳозир ҳар қадамда милиция ходимлари. Чорсу бозорида ҳар 10-20 қадамда милиция турибди. Кечаданми ўтган кунданми бошланган бу операция. Илгари одам босадиган автобус уч-тўрт кунда битта келиб турадиган бўлса¸ ҳозир бирданига иккита шунақа автобус турибди. Давлатники¸ РОВД нинг автобуслари. У ҳалиги ҳуқуқбузарларни ëки аристонларни олиб юрадиган машина борку¸ шунақалар. РОВДнинг ўзининг хизмат автобуси ҳам туради. Унинг панжаралари бор ойнасида. Ҳар йил бўлади бу нарса. Ҳар йил мустақиллик байрамида ëки бошқа байрамлар арафасида ички ишлар ходимлари оëққа туради. Ҳамма ëқда усиление¸ надзор бошланади. Айниқса мустақиллик байрамида. Бу оддий ҳол бўлиб қолдию, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентда ҳар байрамда, каттароқ бирор тадбир арафасида назорат албатта кучайтирилиши кузатилади. Бундай пайтларда назорат, асосан, вилоятдан келувчиларга нисбатан қаратилади. Бу сафарги тадбирда ҳам вилоятдан келувчилар “ови” давом этмоқда, дейдии Шавкат Бадалов.

- Антитеррор деб ном қўйиб буйруқ чиқариб у-бу қилишади. Бу просто баҳона. Булар террорга қарши ҳеч қанақа иш олиб бормайди. Вилоятдан келганларни пойтахтдан йўқотиш пайига тушади. Вилоятдан келганларнинг ҳаммаси ўзи хоҳиши билан Тошкентни тарк этмаса¸ автобусда олиб бориб РОВДга тиқиб қўяди. Буларни ë ушлаб ўтиради ëки автобус-автобус қилиб¸ вилоятига олиб бориб ташлайди. Ҳар йили бўлади бу нарса, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентлик Абдуҳамид Камоловга кўра, байрамлар арафаси шаҳарда назорат кучайиши одатий кўринишга эга бўлиб, бу ҳолатни мардикор бозорларида одам камайиб қолганидан сезиш мумкин.

- Мана шу мустақиллик байрамидан олдин ҳар йили бўладиган мероприятие бу. Мардикорлар борми ëки қовун-тарвуз ташийдиганлар борми ўшаларни келиши байрамдан олдин тақиқланиб қўйиладида, бошқа вилоятлардан келиш. Ҳар йил шунақа бўлади. Ҳозир масалан қурилиш қилаётган бўлсангиз мардикор оламан десангиз¸ мардикорлар деярли йўқ. Ҳаммасини тарқатиб юборади, уй-уйига жўнатиб юборади,- дейди Абдуҳамид Камолов.

Ҳар бир байрам арафасида, айниқса мустақиллик байрами олдидан Тошкентда йўл – патруль масканларида, шаҳарга кириш йўлларидадаги блок-постларда назорат кучайтирилади.

Қибрайлик Ғофиржон аканинг айтишича, айни пайтда айрим жойларда айни ҳолат яна такрорланаяпти.

- Байрамга яқин усиление жуда кучли бўлади. Қачон бўлсин тўхтатиб текширтиради. Умуман Тошкентнинг ҳар тарафидан келсангиз ҳам текширади. Мустақил бўлганимизнинг дастлабки йиллари байрам тадбирларига ҳамма халқ кирарди¸ Каримов кирарди. Бир тоннача гуруч дамланиб¸ ош берарди Каримов¸ бир тонна. Халқ ўйнаган¸ кулган бўларди. Кейин сиқиб-сиқиб-сиқиб¸ хўжайинлар фақат ўзига қилиб олди. Таклифнома билан киради. Халқни киргизмайди бу байрамларга. Пединститут тарафдан¸ Чорсу тарафдан¸ Ҳамза тарафдан йўллар ëпилиб¸ ҳатто пашшани ҳам ўтказмайди байрамга, дейди қибрайлик Ғофиржон ака.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи Садрохун Сўпиев мустақиллик байрами олидан бўладиган бу каби назоратлар натижасида вилоятларда яшовчи фуқаролар Тошкентга келишга қўрқиб қолишганини айтади.

- Тошкентга бориб байрамни кўрай дейман. Аммо шунақа гапларни эшитиб “Калтак еб келмайин¸ нима қиламан” деб боргим келмайди. 20 йилдан бери бирор марта байрамни кўрган эмасман, дейди Садрохун Сўпиев.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳалқидан қўрққани учун мамлакатни доимий равишда кучайтирилган назорат остида сақлашни афзал билади.

- Байрамдан олдин шаҳарга қўймаслик учун, иложи борича одамни камайтиришга ҳаракат қилади. Бу коммунистларнинг услуби намойишларни ўтказганда осойишталик билан ўтиши учун. Нима учун? Чунки байрам бўлганда халқ кўчага чиқади. Тўпланади халқ. Халқнинг тўпланишидан Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят даражада қўрқади, бошқа нарсага айланиб кетмасин деб. Чунки халқнинг олдида обрўси қолмаган. Ҳукумат ҳам халқнинг олдида обрўйи қолмаганини сезади. Сабаби шунда, деди Искандар Худойберганов.

Озодликнинг манбаларига кўра, айни кунларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегара постларида ҳам назорат кучайтирилган.

Шу кунларда ёпиқ қолаётган ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон томони чегараолди ҳудудларни кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтгани айтилмоқда.

Биз ўзбек- қозоқ чегарасидаги вазиятни билиш мақсадида Тошкент вилоят божхона бошқармасига мурожаат қилганимизда, ушбу ташкилот ходими чегара постлари ёпилмаслигини, фақат хавфсизлик чоралари сифатида кучайтирилган тартиб йўлга қўйилганини билдирди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида ёзилишича, “Антитеррор-тозалаш” тадбир жараёнида Тошкент ИИББ Ҳамза тумани бўлими ходимлари Сергей Горячев билан Дмитрий Кан исмли шахсларни тўхтатиб, текширган пайтида улар ёнидан 50 дона ўқотар қуролнинг ўқлари борлиги аниқланади. Шунингдек, тадбир давомида паспорт режимини бузган 300 нафарга яқин шахс аниқланиб, 24 нафар гумондор шахс қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG