Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Ҳамма нарса президентларнинг болалари учун!


Озарбайжон президентининг қизлари Лейла ва Арзу нафақат мамлакатда, балки хорижий давлатларда ҳам бир қатор мулклар эгаси экани айтилади.
Озарбайжон президентининг қизлари Лейла ва Арзу нафақат мамлакатда, балки хорижий давлатларда ҳам бир қатор мулклар эгаси экани айтилади.

Озарбайжон авиация соҳасидаги 23 та ширкатни ўзига бирлаштирган “SW холдинги”ни президент Илҳом Алиевнинг 21 ёшли қизи Арзу хоним бошқармокда. Давлатга қарашли “Azal” авиаширкатини хусусийлаштириш давомида мамлакат авиация соҳасининг ҳар бир тармоғи ягона SW холдингига қўшиб олинаяпти.

Боку халқаро аэропортидан шаҳар марказигача бўлган йўналишда “SW (Silk Way – Ипак йўли) холдинги” рекламаларини ҳар қадамда учратиш мумкин.

Бир қарашда оддий рекламадай кўринган бу плакатлар мамлакат авиация соҳасининг ҳар бир тармоғини монополияга айлантираётган компанияни тамсил этади.

Самолёт саҳнида парвоз давомидаги овқатланиш сервиси, давлат самолётлари ва вертолётларига техник хизмат кўрсатиш, авиачипталар савдоси, аэропорт ҳудудидаги 6 та Duty Free дўконлари ҳамда аэропортдан шаҳарга қатновчи такси хизматлари ҳам айнан SW холдингига қарашлидир. Шунингдек, “Silk Way Bank” ҳам SW холдингига тегишли экани айтилади.

Озодлик радиосининг Озарбайжон хизмати мухбирлари ўтказган журналистик текширув натижасида банк эгалари мамлакат раҳбари билан яқин қариндошлик алоқаларига эга икки аёл экани маълум бўлди.

Озарбайжон қимматли қоғозлар давлат кўмитасидан олинган ҳужжатларда қайд қилинишича, аёллардан бири «Azal» давлат авиакомпанияси раҳбарининг рафиқаси Зарифа Ҳамзаева, иккинчиси президент Илҳом Алиевнинг 21 ёшли қизи Арзу хоним бўлиб, айнан улар ушбу холдинг соҳибаларидир.

Айни пайтда Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева бир пайтнинг ўзида парламент депутати бўлиш билан бирга, «Ҳайдар Алиев жамғармаси», «Озарбайжон маданияти дўстлари жамғармаси», мамлакат Гимнастика федерацияларининг раҳбари ҳисобланади.

"The Washington Post" ёзишича, ўтган йили Илҳом Алиев 11 ёшли ўғли номига Дубайнинг ҳашаматли курорт ҳудудларида жойлашган 44 миллион АҚШ доллари турадиган 9 та қимматбаҳо виллани харид қилган. Шунингдек, президент Алиевнинг Лейла ва Арзу қизлари ҳам Дубайда бир қатор мулклар эгаси. Илҳом Алиев фарзандлари Дубайда жами 75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мол–мулк соҳибларидир.

Илҳом Алиевнинг президент сифатидаги расмий ойлик маоши миқдори йилига 230 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Шунингдек, мамлакат нефт саноати бойликлари ҳам шахсан Алиев жаноблари қўлида экани айтилади.

Озарбайжон қонунлари давлат мулозимларига бизнес билан шуғулланишни таъқиқлайди. Бироқ президент оиласи бундай чекловни айланиб ўтишмоқда.

Президент матбуоти котиби Азер Гасимов Озодлик билан суҳбатда «Silkway Bank»нинг хўжайинларидан бири Арзу хоним эканини тасдиқлади. Азер Гасимовга кўра, Арзу Алиева Озарбайжон фуқароси сифатида бизнес билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлиб, ёш жиҳатидан ҳам бу борада монеълик туғилмайди.

SW холдинги тараққиёти йўлида давлатга қарашли «Azal» авиакомпаниясининг приватизация масаласи йўлга қўйилди. Хусусийлаштириш жараёни 2003 йилда Озарбайжон Иқтисодиёт тараққиёти вазирлиги томонидан тайёрланган режа доирасида амалга оширилди.

SW холдинг интернет сайтида ёзилишича, холдингга қарашли “Silkwaybank” “Azalbank”нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 2008 йил 25 январида «Azal» ҳиссадорлик тижорат банки “Silkwaybank”ка айлантирилган эди. Бироқ бу жараён қандай кечгани ҳақида бирор-бир маълумот мавжуд эмас.

Амалдаги қонунларга кўра, хусусийлаштириш жараёни Давлат мулкини хусусийлаштириш масалалари бўйича Озарбайжон давлат қўмитаси томонидан амалга оширилиши лозим.

Аммо мазкур қўмитанинг матбуот хизмати раҳбари Гулу Халиловга кўра, қўмита айни банкни хусусийлаштириш билан боғлиқ бирорта ҳам маълумотга эга эмас.

“Turan” ахборот агентлигининг молиявий таҳлилчиси Анар Ханбейли бу жараён бошиданоқ айёрлик билан йўлга қўйилганини, бу ишга коррупция аралашганини айтади.

- Қоидага кўра давлат улуши Давлат мулкини хусусийлаштириш масалалари бўйича Давлат қўмитаси томонидан амалга оширилиши шарт. Улар аввал ариза беришлари, тариф қабул қилиниб, тендерда иштирок қилиш шартлари эълон қилиниши, шундан кейингина ғолиб аниқланиши лозим. Бироқ бу жараёнларнинг бирортаси амалга ошмади. Кутилмаганда банк номи ўзгартирилиб «Azalbank»ни «Silkwaybank» деб номлангани маълум қилинади. Банк хусусий шахслар қўлига ўтди. Бу ҳолатда давлатга хусусийлаштириш учун тўлашдими ёки йўқ? Бу ҳам номаълум. Шу ҳолатнинг ўзиёқ бу ишга коррупция аралашганини кўрсатади, дейди Анар Ханбейли.

Бу пайтда SW холдинг аста-секинлик билан “Azal” компаниясининг барча шаҳобчаларини эгаллаб улгурди. Жумладан, “Azal суғурта” ҳам SW холдинг домига тортилди. Шунингдек, SW холдинг “Azal” лойиҳаларининг ягона пудратчиси ҳисобланади. Бу лойиҳалар қаторида 150 миллион АКҚ доллари миқдоридаги учта аэропорт қурилиши ҳам бор.

Молиявий таҳлилчи Анар Ханбейлига кўра, “Azal”ни хусусийлаштириш билан боғлиқ ҳолатда барча томонлар: хусусийлаштириш қўмитасидан тортиб Марказий Банк, Молия вазирлиги ва албатта “Azal” томонидан эътиборсизликка йўл қўйилди.

- “Azal” ўз банкидан мосуво бўлганида, кўз ёши тўкиши лозим эди. Мен ўйлайманки, «Azal» президентининг рафиқаси билан мамлакат раҳбарининг қизи банк ҳиссадорлари бўлгани учун ҳам улар буни қилишмади, дейди Анар Ханбейли.

Озарбайжон раҳбарининг яқин қариндошларидан фойдасига энг сердаромад компанияларни хусусийлаштириши илк бор кузатилаётгани йук.

Озар мамлакатида кузатилаётган айни ҳолат Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Президент Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола ҳам мамлакатдаги бир қатор иқтисодий соҳаларни эгаллаб олганлари айтилади.
XS
SM
MD
LG