Фақат оқ ва қора. Ранг-барангликка барҳам берилди. Бундан кейин тошкентлик ўқитувчилар мактабга фақат оқ ва қора рангдаги формада келишлари шарт.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси оқ ва қора рангли форма ҳақидаги буйруқ юқоридан туширилди, дейди.
- Тепадан министерстводан шунақа айтишди. Бир хил форма бўлиши учун оқ кофта¸ қора юбка кийишлари керак,- дейди ўқитувчи аёл.
Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, эндиликда тошкентлик ўқитувчи ва ўқувчиларни фарқлаш қийин бўлади. Боиси уларга ўқитувчи билан ўқувчиларнинг формалари бир хилда - оқ ва қора рангда бўлиши айтилган.
- Оқ кофта¸ қора юбка буюрилаяпти. Ўқувчиларимизга ҳам шунақа. Оқ кофта¸ қора юбка. Ўғил бола ўқувчиларимизга оқ кўйлак¸ қора шим. Эркак ўқитувчилар костюм-шим ëки оқ кўйлак билан қора шим кийишади, дейди тошкентлик ўқитувчи.
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги мактабларидан бирининг ўқитувчиси талаба билан устозларнинг бир хил рангдаги кийим кийиши ҳақидаги буйруқ куракда турмайди, дейди.
- Олдинги йил ҳар хил, энди ялтир-юлтир нималармас¸ ўқитувчиларга мос кофточка¸ юбкалар борку одмироқ¸ ана шунақалар кийилган. Бу йилдан форма оқ кофта¸ қора юбка бўлаяпти. Ҳамма ўқитувчи шунақа бир хил кияди. Ўйлаб қараса¸ ўқувчилар билан бир хил бўлиши ҳам нотўғри. Бу биз ўзимиз қарор қилган нарса эмас. Бошқачароқ ранг бўлса¸ яхши бўларди. Билмаймиз энди. Бизлар ҳам бир нима дея олмаймиз. Тепада қанақа қарор қабул қилинса¸ шунақа бўладида. Биз энди бажаришга мажбурмиз, дейди ўқитувчи аёл.
Бир хилдаги форма кийиш вилоятлардаги ўқитувчилардан ҳам талаб қилинмоқда.
Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Улуғбек Усмонов уларнинг мактабида ўқитувчилар кулранг формаларга ўтишганини айтади.
- Бизларда ҳозир аëлларга форма нима қилишди. Кулранг юбка¸ кулранг костюмчик. У классический эски ўзимизнинг олдинги педагоглар кийган форма. У жуда ҳам чиройли,- дейди Улуғбек Усмонов.
uzmetronom.com интернет нашрининг ёзишича, бир хил формага кийинтириладиган ўқитувчи аёлларга мактабга сочларини ёйиб ва қимматбаҳо тақинчоқлар тақиб келишга рухсат берилмайди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, ўқитувчиларга униформа жорий қилиниши, бундан беш йил аввал вазирликнинг 2005 йилнинг 21 февралдаги буйруғига асосан йўлга қўйилган эди.
Вазирлик ходимларидан бирининг айтишича, ҳар бир мактаб ўқитувчилари ўзаро келишган ҳолда бир хил рангдаги матодан форма тиктириш ҳуқуқига эга.
- Ягона форма йўқ. Бу мактабга мана бундай форма¸ у мактабга бундай форма деган ҳеч қанақа ҳеч ким топшириқ бермайди. Олдингидай бир хиллик йўқ. Икки-уч йилдан бери ўқитувчилар формаси мактабнинг педагогик жамоаси келишиб¸ маълум бир формани жорий қилса¸ мақсадга мувофиқ бўлар эди деган таклиф берилган. Бу вазирликнинг 29-30-буйруқлари билан тасдиқланган. Мамлакатдаги 9772 та мактабимиз ўзининг юридик мустақиллигига эга. Юридик эркин улар. Шунинг учун шароитдан келиб чиқиб¸ ота-оналар билан маслаҳатлашган ҳолатда ўқувчилар формаси жорий этилади. Жамоа маслаҳатлашган ҳолатда ўқитувчилар формаси жорий этилади. Мамлакатда битта форма жорий этилмайди. У қачонлардир бўлган,- дейди вазирлик ходими.
Биз билан суҳбатлашган ўқитувчиларга кўра, аввалги йиллари бир хилда форма кийиш ҳақида гап-сўзлар бўлган эса-да талаб ҳозиргидай жиддий бўлмаган.
Сирдарёлик ўқитувчи Наргиза опанинг айтишича, улар ҳам бундан беш йил аввал бир хилдаги форма тиктиришган. Бироқ бу формалар фақат мактабга комиссия келган кунлари кийилар эди, дейди Наргиза опа.
- Бундан 4-5 йил олдин бир хил форма бўлган эди. Ҳаммамизнинг формамиз жигарранг материалдан эди. Ҳар-ҳар замонда “кийинглар”, деб қўйишади комиссия келганда. Шунда киямиз. Менга ëқмайди бир хил формада юриш. Ўқитувчи барибир ажралиб туриши керакку¸ лекин унақа бир хил кийинибмасда. Мактабда 25та аëл бўлса¸ ҳаммаси бир хил кийинса¸ бир хил инкубатордан чиққан жўжага ўхшаб¸ менга ëқмайдида бу,- дейди сирдарёлик ўқитувчи.
Баъзи кузатувчилар ҳукуматнинг бу қарори бугун ўқитувчиларниг путури кетган обрў-эътиборини қайта тиклаш уриниши бўлиши мумкин, демоқда.
Улуғбек Усмонов ўқитувчиларнинг бир хилда кийинишлари тарафдорлари дан бири.
- Формада бўлса¸ қанақадир салобатли¸ кўриниши ҳам солидний кўринишда бўлади. Мана ҳозир ëшлар кийинаяпти ҳар хил. Шимларда келаëтган ўқитувчилар бор. Майочкалар кийиб келишади. Шимларда обтяжка қилиб кийиб юради аёл ўқитувчилар. Мен мактабларда бунақа бўлишига қаршиман. Классический стиль одежды для мужчин расман қора костюм¸ оқ кўйлак. Мактабда 30-40та ўқувчининг олдида турган одам ҳам шунақа кўринишда бўлса¸ буни фақат олқишлаш керак,- дейди Улуғбек Усмонов.
Тошкентлик мустақил кузатувчи Абдуманнон Холжўраев ўқитувчиларга бир хилдаги форма кийдириш орқали уларнинг тўкилган обрўларини қайта тиклаш амримаҳол деган фикрда.
-Ўқитувчилар ҳозир энг паст обрўга эга дейиш мумкинда. Бунинг сабаби авваламбор нафақат ўқитувчи¸ ўқиш яъни илмга эътиборсизлик. Иккинчидан қанақа қилиб обрў бўлиши мумкин? Ўқитувчи жалб қилинмаган иш қолмади. Нима жамоат ишлари бўлса¸ дейлик мана пахта компаниясими¸ ўтоқ қилишми¸ дарахтни оқлашми – ҳаммасига балогардон ўқитувчи. Кейин ўқитувчининг ойлиги паст. Ўқитувчи ўзининг бир ойлигига тирикчилик қилолмайдида. Ўқитувчиларга форма кийдириш бу овутишми ўзини билмадим. Мен бунақа нарсани талваса деган бўлардим. Давлатнинг талвасаси бу. Ўқитувчининг обрўйини форма билан ошираман деган тушунча нотўғри. Формани кийдирган билан маоши ошмайдику. Ëки илмий савияси ошмайдику. Қанақа қилиб обрў бўлиши мумкин. Ҳукуматнинг талвасаси бу. Чўкаётган одамнинг хасга ёпишидай гап бу,- дейди Абдуманнон Холжўраев.