Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Рамазон сиëсати


Аксар мусулмон мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда Рамазон ибодатини бажаришга ҳукумат қўйган чекловлар етмаганидек, бозорларда нархлар ҳам кўтарилади.
Аксар мусулмон мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда Рамазон ибодатини бажаришга ҳукумат қўйган чекловлар етмаганидек, бозорларда нархлар ҳам кўтарилади.

Озодлик тингловчи ва муштарийларидан Ўзбекистонда мусулмонларга нисбатан тазйиқлар кучаяётгани, айниқса, Рамазон ойи амалларини бажаришга тўсиқлар яратилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келаётгани боис, "Ислом ва мусулмонлар" рукнида Рамазон ойи бошқа мусулмон ўлкаларида қандай ўтади, деган саволни кўтардик.


“Ислом ва мусулмонлар” рукнининг бу сонида Ислом давлати бўлган ёҳуд аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилган бир неча мамлакат мисолида Рамазон ойида юритиладиган давлат сиёсати ҳақида гап боради.

Зеро, Ислом дунёси учун муқаддас бу ой дунёнинг баъзи давлатларидаги мусулмонлар учун ҳукуматлар тақдим этган енгилликлар билан, баъзи давлатларда эса, аксинча, қийинчиликлар билан ўтади.

Рамазон ойи аввалида суҳбатлашганимиз кўпчилик ўзбекистонлик мусулмонлар Рамазон ойи муносабати билан ҳар йилгидек бу йил ҳам яратилайтган мушкулликлар, хусусан, маҳалла, кичик-кичик қишлоқларда масжидларнинг ёпилгани, 18 ёшгача бўлган намозхонларнинг жума намозларига қўйилмаётани, расман рухсат берилган диний муассасалардан бошқа жойларда диний либосда юрмаслик ва ибодат қилмаслик, сўнгги хабарларга кўра эса, кафе ҳамда ресторанларда ифтор бермаслик, аҳоли уйларида йиғилиб таровеҳ намозини ўқишга чекловларнинг кучайганидан сўзладилар.

Рамазон ойида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида бўлган диндорларнинг муттасил кузатувга олиниши, қамоқдаги диндор маҳбусларнинг хўрланиши ҳақида Озодликка хабаралар келишда давом этмоқда.

28 миллиондан ортиқ аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Ўзбекистонда диндорлар Рамазон ойини шундай қийинчиликлар билан ўтказаётган бир кезда дунёнинг бошқа мусулмонлар давлатларида аҳвол қандай, деган савол асосида эшиттириш тайёрлар эканмиз, дастлаб, Ўзбекистонга ёнма-ён қўшни бўлган Тожикистонга назар ташладик.


Тожикистонда Рамазонда бозор нархлари назорат қилинади

Тожикистон Республикасида ҳозир 7 ярим миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади ва аҳолининг асосий қисми Ислом динининг сунний мазҳаби мансубдир.

Тожикистонлик таниқли Ислом уламоси Акбар Тўражонзоданинг ҳозир шахсий ширкати бор ва унинг қўлида 230 киши ишлайди.

- Масалан менинг ишхонамда иш соат 1 гача. Эрталаб соат 8 дан 1 гача иш. Соат 1 дан кейин ҳаммага жавоб бераман рўза муносабати билан. “Шу тўрт соатда яхши ишланглар бўлди”, дейман. Ҳеч қандай зарар кўрмайман. Иншооллоҳ Худо баракасини беради.

Акбар Тўражонзода ўз вақтида дунёнинг бир неча Ислом давлатларида бўлган ва у ерда Рамазон ойи муносабати билан давлат миқёсида мусулмонларга бериладиган енгилликларга шахсан гувоҳ бўлган. Эндиликда ўз мисолида бунга амал қилар экан, Тўражонзода, бундан дин ва дунё ишларида фақат фойда кўраётганини айтади.

- Саудия, Қувайт, Иордания – мен ўзим Иорданияда ўқиганман, мамлакатларнинг барчасида Рамазон ойида иш вақти уч соатга камайтирилади. Баъзи мамлакатларда тўрт соатга камайтирилади. Иорданияда уч соат эди. Бундан ҳеч ким ҳеч қандай зарар кўрмас эди. Билъакс, фойда кўришади. Бунга имон керак, эътиқод керак. Баракага ишониш учун имон ва эътиқод керак. Пайғамбаримиз (С.А.В) ҳадисларида “Ҳар ким ўз қўлида ишлайдиганларга Рамазон ойида енгиллик берса, Оллоҳ унга енгиллик беради”, деган.

Акбар Тўражонзодага кўра, Тожикистон ҳукумати одатда Рамазон ойи муносабати билан алоҳида сиёсий қарорлар қабул қилмайди.

Фақат ҳар йили кузатиладиган бир хайрли иш бор, уни айтмасак бўлмас, дейди суҳбатдошимиз.

- Хайрли иш шуки, президент бозор нархларининг арзон бўлишини таъминлаш учун бутун шаҳар ҳокимларига буйруқ берди. Рамазонда нархлар баландлаб кетмасин, деган маънода кўрсатма берди. Бу тўғрида Душанбе шаҳар ҳокимияти ҳам гўшт сотувчи, ун сотувчи, умуман энг керакли маҳсулотларни сотувчилардан нархлар маълум бир чегарадан ошмасин деб талаб қилди. Иловатан уларга ҳукумат ëрдами шу бўлдики, уларни кундалик топширадиган маблағдан озод қилди. Шу ойнинг ичида ҳар қандай тафтишлардан озод қилишди, дейди тожикистонлик ислом уламоси Акбар Тўражонзода.

1988-92 йилларда Тожкистон муфтийси, кўп йиллар давомида Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва парламент депутати бўлган, таниқли уламо Акбар Тўражонзода аслида аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилган Тожикистонда аҳли исломга муносабат бошқача бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди.

Унга кўра, гарчи Рамазон ойида бозордаги нарх-наволарни назорат қилиб туриш аҳолига катта енгиллик берсада, бошқа тарафдан мамлакатда диний таълимнинг чеклангани, мухолиф партияларга тегишли масжидлар фаолиятига тўсиқларнинг мавжудлиги, радикал диний оқимларга аъзолик, деган айбловлар билан мусуслмонларнинг маҳкамага тортилаётгани аҳолида ҳукуматнинг Ислом динига асл муносабати ўзгача, деган тасаввурни пайдо қилади.

Тожикистон ҳам худди Ўзбекистон каби фуқароларнинг диний ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани, диний эркинлик бўғилгани боис, халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинадиган давлатлар сирасига киради.


Афғонистонлик мусулмонлар Рамазонда ярим кун ишлайди

Эндиги манзил – Ўзбекистон ва Тожикистонга қўшни бўлган, 28 миллиондан ортиқ аҳолисининг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этган Афғонистон Ислом Республикасидир.

Афғонистон парламенти депутати, афғонистонлик ўзбек Сардор Раҳмон ўғли Рамазон ойи давомида давлат идоралари ишчиларини пешин намозидан кейин ишдан озод қилиш узоқ йиллик анъанадир, дейди.

- Афғонистонда Рамазон ойида, хусусан, давлат идораларида ишлаëтган инсонлар учун иш вақти озаяди. Давлат идораларида соат 8 дан 1 гача ишлайдилар. Ундан кейин дам олиш бўлади. Ҳатто эски шўровий тузумига тарафдор коммунистик ҳокимиятлар даврида ҳам бу қоидага амал қилинарди,- дейди Афғонистон парламенти депутати.

Ҳозирча Афғонистонда ҳукумат томонидан Рамазон ойида мусулмонларга берладиган ягона енгиллик шу, дея қўшимча қилади Сардор Раҳмон ўғли.

Қолган масалаларда эса Рамазон ибодати йиллар давомида Афғонистонда шаккланиб келган анъаналар асосида олиб борилади. Сардор Раҳмон ўғли сўнгги 30 йилдан бери давом этаётган оқибатлари, айниқса, Рамазон даврида сезилади, дейди.

- Карзай ҳукумати уруш замони билан шуғулланиб ëтибди ва жиддий бир шаклда давлатсозлик ва ë давлатдорлик масаласи билан ҳозир шуғулланмайди. Афғонистонда жиддий давлат идоралари ишлаб турмаганлиги сабабли ҳамма нарса ўз ҳолига қўйилган ва шунинг учун ҳам фақирлар Рамазон ойида арзон озиқ-овқатдан фойдалана олмайдилар, дейди Афғонистон парламенти депутати Сардор Раҳмон ўғли.

Аксар камбағал давлатларда кузатилгани каби Афғонистонда ҳам Рамазон ойи давомида бозорларда нарх-наволар қимматлаб кетади ва мамлакат ҳукумати, жилла қурса, бозорларни назорат қилиб туриш қурбига ҳам эга эмас, дейди у.


Эронда Рамазонда маҳбуслар озод қилинади

Афғонистондан фарқли ўлароқ, унга қўшни бўлган Эрон Ислом Республикасида Рамазон ойи давомида мамлакатдаги озиқ-овқат бозорлари ҳукумат назорати остига олинади.

75 миллиондан ортиқ аҳолисининг асосий қисми Ислом динининг шиа мазҳабида бўлган Эрон Ислом Республикасида Рамазон ойи давомида жамоат жойларида таомланиш мумкин эмас.

Бундан ташқари, Эронда Ўзбекистон ёхуд Тожикистонда умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган анъана бор - Рамазонда эронлик маҳбусларнинг баъзилари озодликка чиқарилади.

Эронлик тарихчи, “Фардо” радиоси журналисти Мурод Вайсий мамлакатда ҳар йили Рамазон ойи олдидан ҳукумат томонидан жорий этиладиган иккита махсус тартиб-қоида бор.

- Рамазон ойида саҳарликдан ифторликкача бўлган вақт мобайнида уйидан ташқарида, яъни, жамоат жойларида овқатланиш ҳамма учун тақиқланган. Озиқ-овқат дўконлари ёки ошхоналар ишлаши мумкин, аммо, у ерларда овқатланиш мумкин эмас. Бу Рамазон ойи ҳурмати учун жорий этиладиган доимий расмий тартиб-қоида ҳисобланади,- дейди Мурод Вайсий.

Иш вақти эса Эронда йиллар давомида ўзгаришсиз қолиб келган эди. Бироқ, бундан уч йил аввал президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Рамазон ойида иш вақтини қисқартириш тартибини жорий этди.

- Уч йил муқаддам ҳукумат шу қарорини эълон қилди ва ҳозир бу ойда давлат ташкилотларининг иши, одатдагидек, эрталабки соат 8да эмас, балки 9да бошланади ва тушдан кейин соат 2да тугайди. Лекин, бунинг орасида пешин намози ҳам ўқилади. Шунинг учун, аксарият давлат ташкилотлари учун Рамазон кунлари, гўёки, ярим-байрам кунларидек ўтади,- дейди тарихчи журналист.

Бундан ташқари, Рамазонда давлат миқёсида амалга ошириладиган яна бир сиёсий тадбир – маҳбусларнинг озод этилишидир. Журналистга кўра, бу Аҳмадийнажод ҳукумати манфаатини кўзлаган тарғибот дастурининг бир қисмидир ва озод этиладиганлар кичик миқдорда иқтисодий жиноят содир этган маҳбуслардир.

- Бу давлатнинг тарғибот дастуридир. Яъни, давлат ташкилотларидан ёҳуд оддий одамлардан йиғилган хайрия пуллари ҳисобига енгил иқтисодий жиноятлар содир этган, бироқ, бунинг учун зиммасига юкланган жаримани тўлолмаётган маҳбуслар озод этилади ва бу мамлакат расмий телевидениеси орқали кенг кўламда намойиш этилади,- дер экан эронлик тарихчи журналист Мурод Вайсий, баъзи ўринларда мусулмонлар ҳақларини ҳимоя қилишга қаратилган бундай сиёсатнинг демократик тамойиллар билан зид келишини ҳам эътироф этиш кераклигини қўшимча қилди.


Мисрда Рамазон муносабати билан “ёзги вақт” тўхтатилди

Мисрда эса, бу йил 11 август куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланиши муносабати билан “ёзги вақт” вақтинча тўхтатилди ва бу чора рўзадорларга енгиллик яратиш нияти билан изоҳланди.

Ал-Азҳар университети ўқитувчиси, доктор Муҳаммад Саид, бу албатта рўзадорлар учун қулайлик, дейди.

- Бу мусулмонлар учун жуда катта қулайлик бўлди. Чунки, ҳозирги вақт билан биз Таровеҳ намозини оқшомги соат 11да якунлаяпмиз. Тасаввур қилинг, агар намоз бир соат кеч якунланганида биз 12 да чиққан бўлар эдик. Сўнг тонгги соат 3 да яна саҳарлик қилиш учун ўриндан қалқиш керак бўлар эди.

Мисрда аввал тилга олганимиз давлатлардаги каби Рамазон ойида иш вақти давлат миқёсида қисқартирилмайди. Аммо, мусулмонлар Рамазон ойи ибодатлари учун шароит истаса, уларга бундай шароитлар муаммосиз муҳайё этилади, дея давом этади “Ал-Азҳар” университети профессори.

- Баъзи давлат ташкилотларида ва хусусий ташкилотларида ярим кунлик иш тартиби жорий этилади, аммо, ҳамма давлат ташкилотларида ҳам эмас. Бироқ, рўзанинг охирги 10 кунида кўп ташкилотлар жамоа билан келишган ҳолда таътил эълон қиладилар. Бу мусулмонларнинг “эътикоф”га кириши, яъни охирги 10 кунни фақат ибодат билан ўтказиши учун ажратилади. Аммо, бу ҳам кўпроқ ташкилотларнинг ўз ихтиёри билан қабул қиладиган қароридир,- дейди доктор Муҳаммад Саид.

Миср Араб Республикаси расман дунёвий давлат ва мамлакатнинг қарийб 80 миллионга етган аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи ислом динининг суннийлик мазҳабига эътиқод қилади.


Рамазон сиёсати ҳам Ислом, ҳам мусулмон учун зарур

Тожикистонлик Ислом уламоси Акбар Тўражонзода аслида Рамазон сиёсати барча мусулмон давлатлари учун жуда зарур, деб ҳисоблайди.

Рамазон сиёсати дер экан, Акбар Тўражонзода, мусулмонлар учун муқаддас бўлган 30 кунлик бу ибодат чоғида ҳукуматлар аҳли Ислом бўлган халқи билан мулоқотни ривожлантириш ниятини намойиш этиш воситасида бугунги кунда аксар давлатлар учун катта муаммо бўлиб турган радикализмнинг пайини қирқиши мумкин.

Акбар Тўражонзода яна дунёда мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатлар тажрибасидан мисоллар келтиради.

- Бутун Европа, Америка мамлакатини биз энди мисол қилиб келтирмаймиз. Ҳиндистон ҳам дунëвий мамлакат, аммо ҳамма динлар билан робитаси яхши. Ҳиндистонда 400 миллион мусулмон бор. Ҳамма масжидлари эркин, ҳамма мадрасалари эркин. Нега экстремистик ҳаракатлар Ҳиндистонда йўқ? Чунки озодлик бор. Индонезияда 170 миллион мусулмон бор, аммо мамлакат дунëвий мамлакат. Христиан ҳам бор, бошқалар ҳам бор. Ҳамма динлар бор. Озодлик борлиги учун ҳеч қандай жанжал йўқ, экстремизм ҳам йўқ. Жамиятлари, мадрасалари, мактаблари, институтлари бор. Масжиднинг фаолияти ҳеч қачон муаммога сабаб бўлмайди. Чунки аслан ижозат олиш деган гап у ерда йўқ. Қайси мамлакатда озодлик бўлмаса, экстремизм бўлади, терроризм бўлади. Агар авторитар бўлса, истибдодий ҳукуматлар бўлса, диктатура бўлса, унда бўлади,- дейди тожикистонлик Ислом уламоси Акбар Тўражонзода.

Азиз муштарий, "Ислом ва мусулмонлар" рукнининг бу сафарги сонида 4 давлат – дунёвий давлат саналган Тожикистон ва Миср, ҳамда исломий давлат мақомида бўлган Афғонистон ва Эронда Рамазон ойи муносабати билан жорий этиладиган махсус тартиб-қоидалар ҳақидаги баъзи маълумотларни тақдим этишга ҳаракат қилдик.

Ўзбекистонда эса бу борада вазият қандай экани ҳақида аввалги дастурларимизда суҳбатлашган эдик ва бугунги маълумотларни сизга Ўзбекистонда ҳукм сураётган бугунги вазият билан қиёслаш имконияти ўлароқ сизнинг эътиборингизни қозонади, дея умид қилиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG