Болаларни қийнашни тўхтатинг
Ўзбекистон олийгоҳларидан бирининг ўқитувчиси Бобир Рашидов ўқувчи ва талабаларнинг бу йилги пахта мавсумида ҳам далаларга ҳайдалаётганига норозилик билдирар экан, Озодлик орқали президент Каримовга мурожаат қилиб, бу ҳолатга чек қўйишни сўрайди.
- Ҳурматли Президент Ислом Каримов. Мана Ўзбекистонда навбатдаги пахта йиғим-терим кампанияси бошланди. Бутун республика вилоятлари бўйлаб мактаб ўқувчилари, коллеж, академик лицейлар ўқувчилари, шу жумладан олий ўқув юрти талабалари пахта теримига жалб қилинаяпти. Мен Озодликнинг "Эркин микрофони" орқали сизга мурожаат қилмоқчиман. Мана мустақилликнинг 19 йили ҳам ўтиб бормоқда. Сизнинг "Ўтмишга қайтувчи йўлларнинг ҳамма кўприклари ëқиб ташланган", деган гапингиз бор. Аммо, афсуски, мустақил Ўзбекистон Совет давридан қолган пахта йиғим-терим кампаниясига бутун Ўзбекистон халқини, Ўзбекистон ëшларини жалб қилиш тадбирини ўтмишда қолдириб кетмасдан янги тузумга, янги жамиятга мерос қилиб олди. Мен ушбу фурсатдан фойдаланиб сизга айтмоқчи бўлган фикрларим бундай оммавий тадбирлардан воз кечиш пайти етиб келмадимикан? Қачон Ўзбекистон халқи, Ўзбекистон ëшлари пахта билан боғлиқ бўлган оғир қийинчиликлардан қутулади? Ҳозир олий ўқув юртлари, коллеж талабалари орасида шундай гаплар юрибдики, пахта йиғим-теримидан қолиш нархи 400 минг сўм, деб белгиланаяпти. Пахта йиғим-теримига борган талабалар эса, бормаган талабалар, ўқувчилар ҳисобига икки-уч баробар норма бажаришга мажбур этилаяпти. У ерда жуда оғир шароитлар. Сув етишмовчилиги, озиқ-овқатларнинг етишмовчилиги, бунинг устига ўқувчилар, талабалар устидан раҳбарлик қилаëтган раҳбарларнинг тўймас нафси, уларни қийнаш, азоблаш, мен ўйлайманки, буларнинг даври етди, жаноб президент. Ўзбекистон келаси йил мустақилликнинг 20 йиллигини байрам қилади. Сиздан илтимос қиламан, сизнинг бош вазирингиз ҳам, ҳокимларингиз ҳам халқни қийнаëтганига чек қўйиш керак, дейди Бобир Рашидов.
“Шайтанат” га қараб намоз ўқиганмиз
Озодлик эфирида ва сайтида берилган Жаслиқ қамоқхонаси маҳбусларига бу йил Рамазон ойида рўза тутиш ва намоз ўқишга рухсат берилгани ҳақидаги мақолга ўз фикрини билдирган собиқ маҳбус Сайфулла Зикиров бундай рухсат берилишига ишонмаслигини айтади.
- Андижонда ҳам критий режим бор. У ҳам жуда қаттиқ тартибдаги режим ҳисобланади. Андижонда 64/1 да ўтирганимизда, рўза пайтида авваламбор ҳеч қанақа рўзага рухсат йўқ. Овқат емаган одамга “Сен специално мана шунақа қилаяпсан. Гўëки голодовка эълон қилдинг”, деган баҳона билан олиб чиқиб жазолаб юбораверишади. Камерадан олиб чиқиб ерга ўтқизиб қўяди. Ерга ўтқизганда оëғини узун қилиб тўғрига қаратиб ўтирғизиб қўяди. Солдат ëки милициялардан биттаси оëғини босиб туради. Биттаси дубинкани мўлжаллаб туриб оëғининг тагига уради. Асосан уч марта урилади. Специално уриладики қимирламай қолсин. Умуман юра олмайдиган қилиб қўяди. Рўза тутишнинг умуман иложи ҳам йўқ, шароит ҳам йўқ.
Озодлик: Балки ҳозир вазият ўзгаргандир Ўзбекистон қамоқхоналарида? Бунга ишонмайсизми?
- Ўша пайтда ҳам проверкалар келарди. Европанинг ташкилотларидан ҳам келишди. Мингта жойдан келишарди. Ундан ташқари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан ҳам келишарди. У ерга кирганда жуда нима саволларни беришарди. Худди кўрмагандай “Сизларни қийнашмаяптими? Сизларга ҳеч нарса қилмаяптими?”, деса, орқасида бундоқ дубинкани ўйнатиб туради. Унинг олдида ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч нарса демайди. Ҳозир проверка бўлаяпти, деб олдиндан айтиб қўйишади. “Биттанг чурқ этсанг, ўзингнинг пайкангни еб оласан”, дейди. Пайкаси бу дубинка. Ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч нарсани гапирмаган, гапирмайди ҳам. Ҳеч қачон у ерда рўзага рухсат бўлмаган.
Бизлар ўзимиз ҳам намоз ўқиганмиз. Алҳамдулиллоҳ бизлар Худодан қўрқамиз. Унда ҳам намоз ўқиганимизда туалетнинг орқасида бекиниб ўқийдиган жой бўлади ҳар битта камерада. Туалетнинг орқасига бекиниб ўқиш мумкин. Ўшанда ҳам ўтирган ҳолатда. У ҳам жуда камдан кам. Ҳар битта камерада информаторлар ўтиради. Агент дейилади. Қулоқ, деймиз билзарнинг тилда. Қулоқлар ўтиргандан кеин уларнинг ëнида ҳеч қачон намоз ўқиб бўлмайди. Бу нарсаларни кўп кўрдик. Бизлар намоз ўқиëтган пайтимизда қўлимизга китоб олиб олардик. "Шайтанат"ми, "Сўнгги ўқ"ми шунга ўхшаган китоблар кўп бўларди. Лекин диний китоблар умуман йўқ. Тоҳир Маликнинг китобларини олиб, гўëки китоб ўқиган киши бўлиб, китобга қараб туриб намоз ўқирдик. Алоҳида таҳорат қилиб чиққанини бировга сездирмаган ҳолатда. Таҳорат қилиб чиқиб, туриб олиб, намоз ўқишлар ҳаëтда бўлмаган. Ўтириб ўқишга ҳам шароит йўқ. Китоб ўқиëтганга ўхшаб, нон еб турганга ўхшаб, ëки просто ҳаëл суриб ўтирган киши бўлиб, ўқилади, дейди собиқ маҳбус Сайфулла Зикиров.
Касалмандлар художўйроқ
Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан қўнғироқ қилган Карима исмли суҳбатдошимиз “Бир саволга беш жавоб” рукнида кўтарилган “Камбағаллар художўйроқми?”, деган мавзуга ўз муносабатини билдиради.
- Менимча, кўпроқ дардманд, азоб тортган ëки қийноқдан инсон кўпроқ динга ихлос қилади. Бойлар, ҳамма нарсаси тўқлар камроқ Худони ўйласа керак. Шундай фикрдаман. Кўрганим-да энди. Ҳамма нарсаси борлар камроқ Худо, дейди. Масалан, бирор ногирон инсон кўпроқ Худога ихлос қиладики, ҳаëтда ҳам тажрибада кўп кўрганман. Ҳамма нарсаси етарли инсон камроқ Худо дейдими дейманда, дейди Карима исмли аëл.
Хўжаюздаги энг қари бўйдоқ
Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Хўжаюз қишлоғида яшовчи 28 ёшли Хурсандмурод Жабборов ўзини қишлоқдаги энг қари бўйдоқ деб ҳисоблайди.
- Менинг ëшим 28 га тўлди. Уйимда иккита уйланган оилали акам бор. Бизларнинг шароитимиз бўлмаганлиги сабабли ўша акаларимга уй-жой сотиб олиб бера ололмаяпмиз ва кўчириб чиқара олмаяпмиз. Мен уйланиб турмуш қура олмаяпман. Нима қилишим керак?
Озодлик: Акаларингиз ҳеч қаерда ишлашмайдими?
- Йўқ, ишламайди. Иш йўқ нима қилайлик.
Озодлик: Уйингизда иккита акангиз, сиз ҳамма эркаклар ишсиз.
- Ишсиз. Фақат камроқ деҳқончилик қиламиз холос кун ўтиши учун. Бизлар катта оиламиз. Ниҳоятда катта оила.
Озодлик: Уйингизда ҳозир нечта одам яшайди?
- 11та Худога шукур.
Озодлик: Нечта хона?
- Тўртта.
Озодлик: Тўрт хонали уйда 11 киши яшайсизлар?
- Ҳа.
Озодлик: Турар-жой ўрни сўраб кўрмадингларми?
- Сўраб кўрилган. Тўрт йил, демасам ҳам, беш йил бўлган камида. Пуллари ҳам берилган халқдан йиғилиб. Участка ўлчаб берамиз, дегани учун берганмиз у пулни. Файзулла ака, деган одам бор. Илгари докторлик қилган. Шу одам йиғиб олган. Фермер хўжалиги Шароб ака, деган фермер билан биргаликда участка ўлчаб берамиз, деб туриб, йиғиб олган ўша пулни оила бошидан.
Озодлик: Қанчадан бергансизлар?
- Камида 300 минг сўмдан ëки бўлмаса 400 минг сўм, ундан ҳам зиëдроқ. 500-600 минг сўмгача. Ҳамма ҳар хилда. На участка бор, на пул бор. У пулнинг қаерга кетганини ҳам ҳеч ким билмайди. Мен уйланишим керак. Уйим йўқ уйланай, десам. Нима қилай? Томнинг устига уйланиб бўлмайдику.
Озодлик: Мана пул берибсизлар. Натижаси нима бўлди, деб мурожаат қилиб кўрмадингларми?
- Опажон, мурожаат қилмаган жойимиз қолмаган. Вилоятгача чиққанмиз. Фақат пойтахт Тошкентга чиқишим қолган. Нима қилай? Борар жойни билмасам мен пойтахтда. Вилоят ҳокимиятларигача ариза билан мурожаат қилганмиз қишлоқнинг одамлари билан. Бунақа оила бизда кўп. Лекин айнан аҳволи танг оила бизларники. Участка йўқ, мен уйлана олмайман. Қишлоқда энг катта бўйдоқ мен, десам ҳам бўлади. Отам пулдор бўлса эди, Самарқанддан бирорта уй сотиб олардим. Унақа 20-30 миллион пулим йўқ менинг. Иложим йўқ. нима қилай? Участка бермаса, мен шунақа қилиб юравераманми? Мен қатори уйланмаган қолмаган ҳозир, дейди Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Хўжаюз қишлоғида яшовчи 28 ёшли Хурсандмурод Жабборов.
**************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!