29 август куни ўзбек сенаторлари Фарғона вилояти Охунбобоев тумани номини Қўштепа, деб ўзгартириш ҳақида қарор қилди.
Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб объектлар номлари ўзгартирилди.
Масалан, шаҳардаги “Мирзо Улуғбек” истироҳат боғининг номи ўзгартирилиб, “Ғофур Ғулом” деб номланди.
“Халқлар дўстлиги” саройи “Истиқлол”га ва шу номдаги метро бекати эса "Бунёдкор"га ўзгартирилди.
“Максим Горький” номидаги метро “Буюк ипак йўли” номини олди.
Филология фанлари номзоди, тилшунос олим Бахтиёр Исабековга кўра, Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йилларида жой номларини ўзгартиришда тарихий номларни қайтаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Лекин, дейди тилшунос олим, бугунги кунда ўзбек маданияти, Ўзбекистон тарихига алоқаси бўлмаган жой номлари ҳам сақланиб қолган.
- Тошкентдаги йирик кўча номларидан Ленин, Фрунзе, Куйбишев деган номлар олинди, яқинда Максим Горький ҳам олинди, лекин рус адабиëтида улуғ бўлган Пушкинга ҳайкаллар қўйилиб, Ўзбекистоннинг марказидаги йирик манзиллар ўшанинг номи билан аталиши борда. Бу ҳолатлар изоҳсиз. Мана “Космонавтлар” деган бекат ëки бўлмаса Шота Руставели, Шевченколарнинг бўлиши. Рус совет тизими орқали кирган шунақа номларнинг бизга ëтлиги кўриниб турадида. Янги шаҳар ëки бўлмаса Тошкентнинг Анҳоридан ўнг томонида кўп жойларда ҳамон эски номлар сақланган. Мана шунақа нарсаларнинг ўтмиш асорати Тошкент шаҳрида ҳали ҳам яққол кўриниб туради, дейди Бахтиёр Исабеков.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги топоним комиссияси аъзоларидан бири исмини ошкор этмаслик шарти билан “Озодлик”ка берган суҳбатида, бугунги кунда совет мафкурасига хизмат қилган Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев сингари тарихий шахсларга сиёсий тус берилиб, улар номи билан аталган объектларни қайта номлаш жараёни кетмоқда, дея маълум қилди.
Баъзи хабарларга кўра, Тошкентдаги “Ҳамза” ва “Собир Раҳимов” туманларига ҳам яқин орада янги номлар берилиши мумкин.
Бахтиёр Исабеков Совет давридаги айрим раҳбарлар номига қўйилган объектларнинг қайта номланишини қўллаб-қувватлайди.
- Бизнинг тарихимизда мавқеи, роли номаълум бўлган кишилар номига қўйилган ҳар қандай жойни, менинг ўзимнинг шахсий фикрим, ўзгартириш тарафдориман. Масалан, айтайлик Охунбобоевнинг ўзбек давлатчилигидан тортиб маънавиятида, бошқада ўйнаган мавқеи деган нарсанинг ўзи бўлмайдиган нарса. Охунбобоевнинг кимлиги, унинг бизнинг миллатимиз тарихида тутган ўрни масаласи Совет даврида фақат бўртиб кўрсатилган нарса эди. Мен Охубобоевнинг миллатга қилган таъсири, миллатга келтирган фойдаси, деган нарсада бирор-бир мисол айта олмайман. Шунинг учун Охунбобоевни ва шунга ўхшаган қатор нималар бор, Совет ҳукуматига хизмат қилган одамлар. Ҳатто мен Усмон Юсуповми, Шароф Рашидовми – буларнинг ҳаммасини совет ҳукуматига хизмат қилган одам сифатида билиш керак деган фикрдаман, дейди Бахтиёр Исабеков.
Тарих фанлари доктори, профессор Файзулла Исҳоқов эса тарихий номлардан бутунлай воз кечишга қарши эканлигини айтади.
- Совет даврини иложи борича ҳаммасини қоралашга ўтишаяпти. Лекин бу ерда сал танловли ëндашув ҳам бўлаяпти. Ўтган ҳафатда миллий боғда Ойбекка жуда катта ҳайкал очилди. Шу кишининг номини қолдиришди. Ғафур Ғуломнинг номи бор. Бошқа шоирлар, ëзувчиларнинг номини олиб ташлашди. Ҳатто жонини жабборга бериб меҳнат қилган Усмон Юсуповнинг ҳам номини олиб ташлаб, ҳозир Шайхонтоҳур деб номлашди у кўчани. Яқинда Охунбобоев номини олиб ташлашди. Фарғондаги Охунбобоев тумани ҳозир Қўштепа райони дейилади. Энди бунчалик қилиш яхши эмас. Совет даврида ëмонликлар кўп бўлгану, лекин тарозининг палласига қўядиган бўлсак, Совет даврида яхшилик кўпроқ бўлганку ëмонликдан кўра. Каримовнинг охирги асарида ҳам бор. Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқа кўпгина бизнинг йирик ëзувчи, олимларимизни мақтаб ўтган. Феномен деган. Буларнинг ҳаммаси совет даврида шаклланганку. Совет даврида ижод қилганку. Бунақа қарама қаршиликлар Ўзбекистон мафкурасида кўп. Мафкуранинг ўзи том маънода йўқ. Шунинг учун мана шунақа ëндашувлар бўлаяпти. Ҳақиқатан ҳам халқим деб, мамлакатим деб, фаолият олиб борганларнинг кўпини ном-нишонсиз қилиб юборишаяпти. Бу яхши эмас. 19 асрда яшаган бир француз шоири “Агар ўтмишга сен тўппончада отсанг, келажак сенга замбаракдан отади” деган, дейди Файзулла Исҳоқов.
Ўзбекистонда жой номларининг алмаштирилиши кўп ҳолатларда раҳбар ва амалдор шахсларнинг кўрсатмаси асосида бўлиши сир эмас. Масалан, Мирзо Улуғбек боғи Ғафур Ғулом номига ўзгартирилишида шоирнинг ўша пайтда юқори лавозимларда ишлайдиган фарзандлари хоҳиши инобатга олинганини айтишади кузатувчилар.
Тилшунос олим Исабеков ҳам Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи ва Мирзо Улуғбек боғининг қайта номланиши замирида маълум доирадаги шахсларнинг хоҳиш-истаклари яширинган деган фикрда.
- Биринчидан, Халқлар Дўстлигини ўзгартириши менга маъқул бўлмади. Биринчидан, бу номланишнинг ўзи яхши эди. Унда советизм ҳам, русификация ҳам кўринадиган нарса эмас. Мен шунинг ëнидаги Комсомол бекатининг ўзгартирилганлигини тушунаман. Лекин Халқлар Дўстлигининг ўзгартирилишининг асосини тушунганим йўқ. Бунақа ўзгартиришларнинг заминида нима ëтишини англаш жуда қийинда. Бу қандайдир бир кишининг иродаси, истаги билан бўладиган нарсага ўхшаб қолади. Шунинг учун бундай ўзгаришларни мен асосли эмас ëки асоси халққа тушунтириб берилмаган қатордаги топонимик ўзгартиришларга киритган бўлардим. Мирзо Улуғбекни Ғафур Ғуломга ўзгартиришда кишининг шахсий муносабати ëтса керак. Буни ҳеч қачон оқлаган бўлмас эдим. Мирзо Улуғбек номининг ëйилиши, бизнинг маънавиятимиз тарихида ўйнаган роли, уларнинг мавқеи нуқтаи назаридан келиб чиқилганда ҳам умуман Мирзо Улуғбекни Ғафур Ғуломга алмаштиришнинг ўзи, комиссия қилиб тарозининг икки палласига қўядиган бўлса, Мирзо Улуғбек турган палланинг у ëғига Ғафур Ғуломни қўйишнинг ўзи бир ножоиз бўлган ҳолат, дейди Бахтиёр Исабеков.
Кейинги пайтларда нафақат Тошкентда мамлакатнинг барча вилоятларида ҳамтопонимлар янгиланаётганини ҳам кўриш мумкин.
Масалан, Самарқанд шаҳридаги Халқлар дўстлиги маҳалласи Барака деб ўзгартирилди. Булунғур туманидаги “Жанжал” қишлоғи “Тинчлик”га айлантирилди. “Қизил қўшин” қишлоғи эса, “Гулистон” деб номланди.