Швеция, Грузия, Арманистон, Молдава, Қозоғистон, Қирғизистон каби турли мамлакатлардан бўлган ва турли йилларда Швециядаги FOJO институтида таҳсил олган бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат йўллаб, ўзбек ҳамкасблари Абдумалик Бобоевни таъқиб қилишни тўхтатишни сўради.
“Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Абдумалик Бобоев “Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш" ва Ўзбекистон жиноят кодексининг яна бир неча моддалар бўйича айбланмоқда. Журналистнинг ўзи барча айбловларни рад қилиб, жиноят иши журналистик фаолияти боис қўзғатилганини айтмоқдатанқидий мақолалари учун таъқиб қилинаётганини айтмоқда.
Иши судга оширилган журналист 2008 йилда FOJO институтининг “Журналистлар ва демократия” медиа дастури бўйича таҳсил олган.
Ўша пайтда Абдумалик Бобоев билан бирга ўқиган ўзбекистонлик мустақил журналист Сергей Наумов ҳамкасбини қўллашни маънавий бурчи деб билади.
- Биз Малик билан боғлиқ вазият ойдинлашгач, Швециядаги FOJO институтининг бир гуруҳ собиқ талабалари ҳамкасбимизни қўллаб Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатни имзолашга қарор қилдик. Бу акцияда Швеция, Грузия, Арманистон, Молдава, Қозоғистон, Қирғизистон каби дунёнинг турли мамлакатларида яшаб, ишлаётган журналистлар иштирок этмоқдалар. Ушбу мурожаатимиз ўша мамлакатлардаги Ўзбекистон элчихоналарига топширилади. Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати бунга қандайдир эътибор қаратиши даргумон. Бу бизнинг маънавий бурчимиз. Биз ҳеч бўлмаса жим ўтиргандан кўра, ўзимиз яхши биладиган инсонни қўллашимизни шу йўл орқали намойиш қилаяпмиз. Битта томчи балки ҳеч нарса қила олмас, лекин томчилар кўпайса селга айланиши мумкин, дейди Сергей Наумов.
Грузиядаги “Georgian Times” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Фридон Дочия ҳам Абдумалик Бобоевни қўллаш акцияси иштирокчиларидан бири.
- Биз Маликка нисбатан жиноий иш очилганини кескин қоралаймиз. Чунки биз Маликни виждонли инсон сифатида биламиз. У ҳеч қачон ўз халқига қарши чиқмайди. Бироқ у эркин журналист сифатида ўз фикрларини эркин айтиш ҳуқуқига эга. Бу эса ҳукумат тизимидагиларга ёқмаслиги табиий. Шунинг учун унга қарши уюштирилган сохта жиноий иш очишди. Мен эркин бир мамлакатнинг фуқароси сифатида, шунингдек, ўз фикрларини матбуотда эркин ёритаётган бир журналист сифатида Маликни қўллаб-қувватлайман, дейди Фридон Дочия.
Швециялик журналист Элин Жонсон Абдумалик Бобоев Тошкент режимининг навбатдаги қурбонига айланишидан хавотирда эканини айтади.
- Ўзбекистон ичкарисида режим қолипидан чиқиб фаолият кўрсатаётган жуда кам сонли журналистлар қолди. Малик шундай журналистлар бири. Малик билан боғлиқ вазият Умида Ахмедова ва Владимир Березовскийлар билан боғлиқ ҳолатнинг давомий кўринишидир. Буни эркин фикрлашнинг тақиқланиши, режим қолипидан чиқмасликка огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин. Мен Маликнинг қайси бир мақоласи ҳукумат ғашига текканидан бехабарман. Лекин бир нарсани биламанки, Ўзбекистонда эркин журналист сифатида фаолият кўрсатишнинг ўзиёқ ҳукумат ғашига тегиши аниқ, дейди Элин Жонсон.
Малик Мансур тахаллуси билан танилган журналист Абдумалик Бобоев Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўзига қўйилган айбловларни асоссиз, дея атади.
Абдумалик Бобоевнинг айтишича, унга нисбатан очилган жиноий ишга унинг “Америка овози” радиоси орқали эфирга берилган ўн бешдан зиёд мақоласи асос қилиб олинган.
- Янглишмасам, у ерда 15га яқин ëки ундан кўпроқ мақолаларим бор. Яъни радиода кетган, радионинг сайтида берилган мақолалар. Кўпроқ ижтимоий вазият ҳақида, мустақиллик ҳақидаги мақолаларим бор. Янглишмасам молиявий инқироз ҳақидаги мақолаларим, ëшлар ҳақидаги мақолаларим, ташқи сиëсий алоқалар ҳақидаги мақолаларим бор. Ўшалар бўйича мониторинг маркази мутахассисларининг хулосалари бор. Яъни улар қаердадир туҳмат сифатида кўрилган, қаердадир ҳақорат сифатида кўрилган ëки ижтимоий ҳақсизлик, деб кўрилган. Албатта мен бу айбловларнинг ҳаммасини рад қилганман, дейди Абдумалик Бобоев
Малик Мансур “Америка овози” радиосининг ўзбек хизматида 2002 йилдан буён штатсиз-жамоатчи мухбир бўлиб ишлаб келаяпти.
“Америка овози” радиоси ўзбек хизмати бошлиғи Жавдат Сайҳон Озодлик билан суҳбатда журналист Малик Мансур Ўзбекистондаги воқеаларни холисона ёритиб келгани, ўз вазифасини профессионал даражада, қолаверса, “Америка овози” журналистик қоидаларига содиқ ҳолда бажариб келаётганини таъкидлади.
Тошкент шаҳар прокуратураси Абдумалик Бобоев ишини судга оширган ва ундан "мамлакатни тарк этмаслик" тўғрисида тилхат олган. Ҳозирча суд қачон бошланиши номаълум.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўзбек журналисти Абдумалик Бобоевга туҳмат қилганлик айби қўйилаётганидан ташвиш билдирди.