Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Хонанданинг сирли ўлими, энага ва ҳуқуқ фаоллари можароси


Суръат Икромов ўзига нисбатан чиқарилган ҳукм ортида ИИВ амалдорлари турганига шубҳа қилмайди.
Суръат Икромов ўзига нисбатан чиқарилган ҳукм ортида ИИВ амалдорлари турганига шубҳа қилмайди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовни туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбдор деб топилди. 28 сентябр кунги суд қарорига кўра, ҳуқуқ фаоли 100 минг сўм миқдорида жарима тўлаш ва матбуот орқали раддия бериш мажбурияти юклатилди. 29 сентябр куни “Эзгулик” жамияти устидан ҳам маҳкама бошланди.


Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро фуқаровий судида судья Баҳром Файзиев раислигида қарийиб икки ой давом этган маҳкама қарорига кўра, Суръат Икромов ўз етакчилигидаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи номидан 2008 йилнинг 26 февралида эълон қилган мақоласида шахсни ҳақорат қилганликда айбдор, деб топилди.

Ушбу мақолада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими ҳақида гап боради. Орадан икки ярим йил ўтиб, марҳум Дилнура Қодиржонова уйида энага бўлиб ишлаган Рена Матмуродова ва унинг эри Отаназар Худойберганов Суръат Икромов устидан судга даъво аризаси киритган эдилар.

Матмуродова аризасини қисман ўринли, деб топган суд қарорига норозилик билдирар экан Суръат Икромов аппеляция тартибида шикоят аризаси киритиш ниятида эканини айтади.

- Суднинг қарори бўйича, ўша ëзилган материал бўйича интернет орқали бошқатдан ëзиб опровержение билдириш тўғрисида гапирилган. Менга қўйилган даъво аризадаги 10 миллион эмас 100 минг сўмни тўлаш нима қилган. Яъни даъвогарнинг фойдасига маънавий зарар сифатида. Сабаблари, мотивлари ҳеч нарса гапирилмади. Бир ҳафтадан кейин тайëр бўларкан. Қарорни олиб кейин апелляцияга берамиз. Буларнинг ëзган нималаридан мутлақо рози эмасман. Бу нотўғри. Умуман асоссиз чиқарилган қарор, дейди ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромов “Фуқаролик кодекси”нинг 100-моддаси яъни “Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш”да айбланиб маҳкамага тортилган эди.

Марҳум санъаткор Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими ҳақида хабар тарқатган “Эзгулик” жамияти ҳам бир неча ой аввал айни модда бўйича маҳкамага тортилиб айбдор, деб топилган эди.

“Эзгулик” жамияти ҳам матбуот орқали раддия бериш ва 200 минг сўм жарима тўлашга ҳукм қилинган эди.

29 сентябр куни Тошкент шаҳри Шайҳонтаҳур туман фуқаровий ишлар бўйича судида “Эзгулик” жамияти устидан айни даъво бўйича янги маҳкама бошланди, дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

- Бизнинг ташкилот 2008 йилда тарқатган докладида тилга олинган Дилнура Қодиржонова бўйича материалимиз учун бизга 200 минг жарима белгиланди. Бундан ташқари биз ўша докладимизда “Милицейский беспредел”, деган сарлавҳа остида Ўзбекистондаги милиция ходимларининг қилаëтган зўравонликлари, уларнинг ноқонуний даражада қилаëтган ҳаракатларини ëритувчи конкрет фактлар келтирган эдик. Айнан мана шу бўлимга суд ажримида кўрсатилганки, мана шу материалларимиз тасдиқланмади дейдиган сарлавҳа билан биз раддия беришимиз керакмиш. Энди бу ҳам камлик қилганидек ўтган йили докладимизга иддао қилишган бўлса, бу йил 2009 йилда чиққан релизимизга худди ўша айблов, худди ўша ариза билан яна "Эзгулик" устидан Шайхонтоҳур туман фуқаролар судига яна мурожаат қилишган. Бу иккинчи даъво аризаси. Мана бугун ўша маҳкама кўрилади, дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамиятининг 2008 йил 3 ноябрдаги хабарида айтилишича, 2007 йилда сирли равишда ўлган Дилнура Қодиржонова Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовнинг укаси – ўша пайтда Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Жамшид Матлюбовнинг иккинчи хотини бўлган.

Ўзбекистон матбуоти марҳум санъаткор Қодиржонова ўлими хусусида "санъаткорнинг юраги бехосдан тўхтаб қолган", деган хабарларни тарқатган эди.

Кейинчалик Дилнура Қодиржонова ўзини осиб ўлдиргани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Марҳум санъаткорнинг онаси Октябрхон Юсупова эса қизининг ўз жонига қасд қилмагани, уни ўлдиришганига шубҳа қилмайди.

Октябрхон Юсупова бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилиб, ҳақиқат қарор топишига ва қизининг ҳақиқий қотиллари жазоланишига кўмаклашишни сўрайди.

Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими ҳақида хабар тарқатган ҳуқуқ фаоллари эса, бугунга келиб айбдорга айланаяпти.

Суръат Икромов ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмини мутлақо асоссиз, деб ҳисоблар экан, суд қарори ортида ички ишлар вазирлигининг амалдорлари турганига ишончи комил эканини айтади.

- Энди бу ишнинг орқасида турган Тошкент шаҳар, Якксарой тумани Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Жамшид Матлюбов. Унинг қудасими, қариндошларими бор экан прокуратура, нималарда. Босим ўтказган судга, судьяга. Менимча, бунга унинг акаси ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовнинг алоқаси ҳам бўлиши керак. Шунақа коррупцион одамлар ўша раҳбариятда ўтирганлар, шунақа босим ўтказишаяпти судларга. Айниқса менинг фаолиятимни тўхтатиш ëки халақит бериш каби мақсад қўйилган. Ундан ташқари Қодиржонова Дилнуранинг ўлдирилганини босди-босди қилиб тўхтатиш масаласи, дейди Суръат Икромов.

Васила Иноятова ҳам ҳуқуқ фаолларининг кетма-кет судга тортилиши ортида ИИВнинг амалдорлари турганига шубҳа қилмайди.

- Мен ўйлайман яна ўша Матлюбовларнинг аралашуви, Матлюбовларнинг босими остида ариза қабул қилинди. Бу ҳаракатларнинг орқасида бизнинг жамиятимизга умуман Ўзбекистонда қолган бир-икки ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳаракатларини бутунлай синдириш, бутунлай ҳуқуқ ҳимоячилик ҳаракатларини тўхтатиш, умуман ички ишлар ходимлари томонидан қилинаëтган зўравонликлар, ноқонуний ҳаракатларни умуман очтирмаслик, ошкора қилдирмаслик, ҳақсизликни яна давом эттириш. Мана шунга қаратилган деб биламан. Яна қайтараманки менинг шубҳам йўқ бу ерда на Метмуродова, ўша даъвогарлар Худойбергановнинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Биз уларни кўрмаганмиз ҳам. Бу ерда ўша Матлюбовларнинг қилаëтган босими, Матлюбовларнинг мана шунақа жинояткорона ҳатти-ҳаракати. Ундан бошқа нарса эмас. Мана мен эртага Варшавага учиб кетаяпман Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг йиллик саммитига. Мен Матлюбовлар қилаëтган зўравонликлар ҳақида у ерда албатта гапираман, дейди Васила Иноятова.
XS
SM
MD
LG