Чегара билмас мухбирлар ҳақ
Сурхондарёнинг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла Азимов Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида Ўзбекистон 178 давлат орасида 163-поғонадан жой олганини мутлақо ўринли, деб ҳисоблашини айтади.
- Ўзбекистон конституциясида “Оммавий ахборот воситалари эркин”, “Цензурага йўл қўйилмайди”, деб ëзилган. Лекин Ўзбекистонда цензура мавжуд. Оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият ҳисобланади. Тўртинчи ҳокимият саналгандан кейин албатта эркин бўлиши керак. Масалан ҳозир Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари 1000дан зиëд. Газета, журнал, телевидение, радио. Кузатиб борсангиз, фақат мақтовдан иборат. 24 соат мақтов фақат. Камчилик томонларини умуман ëритиб бермайди. Қалами ўткир журналистлар бор. Юқоридан босим бўлгани учун шундайдир. Эркин, бемалол ижод қила олмаяпти, деб ўйлайман, дейди Абдулла Азимов.
Тожикистон поезди ўзбекникидан тинчроқ
Озодликка Россияда меҳнат қилаётган жуда кўплаб меҳнат муҳожирлари қўнғироқ қилиб, поезд орқали Қозоғистон ҳудудидан ўтаётган пайтда қозоқ чегарачилари уларни уриб, пул талаб қилаётганидан шикоят қилиб келмоқдалар. Россиядан қўнғироқ қилган тожикистонлик Имомназар ака уларга Тожикистон поезди орқали кетишни тавсия қилади.
- Бутун воқеаларни кузатиб бораяпман. Ўзбекларга жуда раҳмим келадида. Ўзбекистонлик ўзбеклар Қозоғистондан ўтиш маҳалида поездда жуда азоб чекаяпти. Қозоғистонлик чегара ходимлари азоб беряпти. Шунинг учун мен уларга айтмоқчи эдимки, Тожикистоннинг поезди билан борсалар анча енгил бўлиши мумкин.
Озодлик: Нима учун енгил бўлади деб ўйлаяпсиз?
- Тожикистоннинг поезди билан кетсалар, жуда яхши бўларди. Проводник ва проводницалар қўллаб-қувватлаб кетарди. Тожикистон поезди анча тинч демоқчиман.
Озодлик: Сиз айтаëтган поезд қаердан қаергача келади?
- Москвадан Душанбегача. Ўзбекистон орқали ўтади.
Озодлик: Сиз шу вариантни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига тавсия қиласиз.
- Ҳа. Душанбе поезди билан боришса, йўлда бунча азоб чекишмайди. Тожикистон поездининг ходимлари, проводниклар, уларни ҳимоя қилиб кетади. Бир-икки сўм пулини олади, лекин ҳимоя қилиб кетади. Бирор киши гапирмайди, дейди тожикистонлик Имомназар ака.
Навоийда нима айб?
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчимизни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали билан боғлиқ вазият ташвишга солаяпти. Шу йил июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеалар чоғида Навоий ҳайкалининг қўли ва бурни синдирилиб, бўйнига сиртмоқ ташланган эди. Ангренлик тингловчи бу ҳолатдан ҳайратга тушганини айтади.
- Ўш-Жалолобод воқеалари тўғрисида гапирганларингда Алишер Навоийнинг бўйнига сиртмоқ ташланиб, қўли синдирилган деган гапни сизларнинг манбадан эшитганман. Ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман, озарбайжон ҳаммаси туркийзабон халқлар. Алишер Навоий бундан 6 аср олдин ўтиб кетган. Буюк инсон у киши. У кишининг асарларини шу пайтгача севиб ўқиймиз, ҳурмат қиламиз. Даҳо одам бўлган. Миллатчилик шу даражага етибдики, шунча одамларнинг уйларини ëқиб юбориб, ўлдириб, бошқа қилиб, энди келиб Алишер Навоийга қилганини эшитиб қаттиқ хафа бўлдим. Ждуа қаттиқ ранжидим. Бу Қирғизистонда бирор-бир ҳокимият, бирор-бир бошқарув системаси борми йўқми? Мен тушунмай қолдим. БМТ деймиз, ЕХҲТ деймиз, бошқа деймиз. Қачонгача булар шу ердаги ўзбек халқига мансуб миллатни қийнаб, азоб беради? Алам қиладида. Қайси миллатга мансуб бўлмасин, инсонку, дейди ангренлик суҳбатдошимиз.
Ким кимга хизмат қилиши керак
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан қўнғироқ қилган Ғофуржон ака Ўшда ўқиётган талабаларнинг ўқишларини давом эттира олмаётганидан қайғураётганини айтади. Айни пайтда мингга яқин ўзбекистонлик талаба Ўшдаги вазият боис Қирғизистонга бора олмаяпти.
- Мингта бола ўқишга бора олмаëтган экан Ўшга. Бизларнинг халқ таълимидагими, Олий таълимдагими биттаси Сарвар Усмонга номини билдирмасдан интервью берди. Эшитдим. Ëқамни ушладим жавобларига. “Биз билмаймиз, ўзи кетган, биз бир йилда бир кўриб чиқамиз”. Масалан уруш бўлса ëки фавқулодда ҳолат бўлса, икки мингта ярадор бўлса, мингта ярадорга болницада жой бўлса, қолган мингтасини жанг майдонига ташлаб кетавериш керак эканми болницада жой йўқ деб. Мен жуда ҳайрон бўлдим бу чиновникка. Мингта бола ўқишсиз, ҳунарсиз қолади. “Улар ўзи борган. Биз билмаймиз”, дейди. Ўзбекистоннинг паспортида “ҳимоясидадир”, деб ëзиб қўйибди. Бизнинг фуқароларни Россия ўрмонига олиб бориб ташласа, индамасанглар, ўлдириб кетса биров, сўрамасанглар, унда бизга министерство нимага керак? Улар бизга хизмат қилиши керакми ëки бизлар уларгами? Шуни ҳам билиб олгим келади. Булар халққа хизмат қилиши керакми ëки халқ “Худога шукур” деб буларга хизмат қилиши керакми? Мингта одамга бефарқ қарашаяпти. Катта нарсада бу. Битта, иккита, учта. Тўртта, ўнта бўлса ҳам майли, дейди қибрайлик Ғофур ака.
Бизда ҳаммаси пулга сотилган
Хоразмнинг Урганч шаҳридан қўнғироқ қилган Аделия опа икки йилдирки қўшниси, собиқ милиция ходимидан азият чекаётганини айтади. Аделия опа ушбу қўшнисидан жабр кўргани боис ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилгани, бироқ хоразмлик прокурору судялар оддий аҳоли дардига қулоқ солмаслигидан шикоят қилади.
- Суд, прокуратура, 02 деган организациялар умуман ҳеч нарса айтмайди. Май ойидан бери ҳуқуқ-тартибот органлари ҳеч нарса қилишмаяпти. Закон не работает. Бизда ҳамма судялар подкупленний. Судларнинг ҳаммаси ўзининг жойини сотиб олади. Уларнинг билимлари йўқ. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини ҳам тушунишмайди. Тупойларга ўхшаб ўтиришади. Билими йўқ, билими. Прокуратурага “протест киргазинг” деб айтасиз ëки ариза берасиз. Ариза бериб, икки-уч ой кутаман, аммо жавоб олмайман. Кейин мен уларга бақириб-қичқирсам, жавоб беришади. Бугун эрталаб шаҳар прокурори билан урушиб келдим. Фақат хат ëзаверишади. Ҳеч қанақа действие йўқ, дейди хоразмлик Аделия опа.
**************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!