“Йўқ пахтани топиб келасан”
Хоразм вилоятининг Хива туманидаги 42-ўрта мактабнинг директори дарсдан сўнг 4-синф ўқувчиларига 1 килодан, юқори синф ўқувчиларига "5 килодан пахта топиб келасан", деб мажбурият қўйган. Бу ҳақда оталардан бири ва 4-синф ўқувчиси Эркин микрофонга гапириб берди:
- Тўртинчи синф ўқувчиларига пахта тамом бўлдию. Шундай бўлса ҳам кунига бир килодан пахта сўрашаяпти. Болалар пахта топа олмасдан дайдиб юрибди. “Мактабга бормаймиз, пахта деб айтишади” деб йиғлашади.
Озодлик: Улар қаердан териши керак? Пахта борми ўзи?
- Пахта йўқ. “Уйларингизда бўлса, олиб келинглар, бўлмаса далага чиқамиз” дейишибди. Мана, қизим ҳам ëнимда турибди.
Озодлик: Қизингизга беринг телефонни. Қизингиз билан гаплашайлик.
- Ало.
Озодлик: Ассалому алайкум.
- Ассалому алайкум.
Озодлик: Тилла қиз, исмингиз нима?
- Маҳбуба.
Озодлик: Нечанчи синфда ўқийсиз?
- Тўртинчи.
Озодлик: Ўқитувчиларингиз нима деди?
- Пахтани териб келасан ëки пахтага чиқарамиз, деди.
Озодлик: Пахтани қаердан олиб кел, деди?
- Даладан.
Озодлик: Далада пахта борми?
- Йўқ. Мактабдан дарсдан чиқиб теринглар, деди.
Озодлик: Пахтани териб мактабга олиб борасизларми?
Ҳа¸ дейди 4-синф ўқувчиси Маҳбубахон.
“Менга ёрдам беринг”
деб Озодлик тингловчиларига мурожаат қилади, етти йилдан буён тўшакка михланиб қолган, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи 43 ёшли Зулфия Бегалиева:
- Мен биринчи гуруҳ ногирониман. Етти йил бўлди тўшакка михланиб ëтибман. Битта вояга етмаган ўғлим бор. Касал бўлганимдан кейин эрим бошқасига уйланиб кетди. Ҳозир ижарада тураман.
Озодлик: Оëғингиз дардмандми?
- Ҳа. Хуллас, юра олмай қолдим. Ундан олдин ҳам касал эдим. Лекин ëтиб қолганимга етти йил бўлди. Ўғлимдан ҳам тортинадиган бўлганман. Ўзингиз тушунасиз - ëтган одамнинг горшоги, бошқаси ëнида бўлади. "Агар иложи бўлса, ногиронлар уйи бўлса, кетиб ëтсам экан" деб, ўйланиб қоламан. Боламни ташлаб кетишга кўзим қиймайди. Самарқандда бир профессор бор экан. Ўша киши “Операция қилмаса бўлмайди, юрмайсиз”, деди. Ўзбекистонда ногиронларга муносабатни биласиз. Пенсиям у ойдан бу ойга, тўғрисини айтсам, етмай ҳам қолади. Қисқасини айтсам, менга озгина бўлса ҳам ëрдам қиладиган одам топилмасмикан? Ўзимизда мурожаат қилмаган ерим қолмади. Ҳатто Тошкентдаги республика бўйича ногиронлар жамиятига мурожаат қилдим. Мана, газеталарга ëздим. Ҳеч қаердан наф бўлмади. Озодликка бир ëрдам қиладиган бўлмасмикан, деб нима қилаяпман-да. Агар оëққа туриб кетсам эди, қайтарардим. Мана ўғлим вояга етиб келаяпти¸ дейди етти йилдан бери тўшакка михланиб ëтган Зулфия Бегалиева.
“Озодлик бекорчиси”дан “Озодлик гурунгчиси” яхшироқ”
дейди Бухоро шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчи Иброҳим.
- Менинг биринчи ўринда айтмоқчи бўлган фикрим шу эдики, интернет сайтингларда Озодлик бекорчиси деган саҳифа ташкил қилинган. Менинг интернетга киришга имкониятим бўлмаган тақдирда ҳам эфир орқали мавзулар ҳақида эшитиб, билиб юрибман. Яхши мавзулар кўтарилаяпти. Шу саҳифанинг номи хусусида фикрим бор эди. "Озодлик бекорчиси" дегани, бу менинг шахсий фикрим албатта, шу саҳифанинг савиясига кейинчалик таъсир қилиб қолиши мумкин. Қолаверса, “бекорчи” хусусида ҳам қанақадир бошқача талқин бўлиб қолиши мумкин кейинчалик. Ўйлашиб кўриб, балки "Озодлик бекорчиси" деганнинг ўрнига "Озодлик гурунгчиси" деб ўзгартирилса, ҳар ҳолда, яхшироқ бўлармикан, дейман. Бу албатта менинг шахсий фикрим¸ дейди бухоролик суҳбатдошимиз Иброҳим.
“Ўзбекларга ҳануз қийин бўляпти”
дейди Ўш шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчи:
- Биз Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан. Бизларни сиқаяпти булар. Ўзбекларга ҳанузгача кун йўқ.
Озодлик: Қандай сиқаяпти? Нима дейишаяпти? Ким сиқаяпти?
- Давлат кучлари. Ўшнинг ичида юрганингизда тутаяпти, машинани текшираяпти. Машинани текширганда: “Машинадан 30 метр узоқ турсангиз текшираман, бўлмаса текширмайман” деяпти. 30 метр узоқлашсангиз, машинангизнинг ичидан аниқ бир нарса чиқади. Сизга тегишли бўлмаган нарса чиқади-да. Ўзлари ташлаб қўяди.
Озодлик: Масалан, нима чиқиши мумкин?
- Масалан, қимматбаҳо нарсалар чиқади. “Бу ўғирланган буюм”, дейди. Бўйнингизга илади-да. Мақсад пул олиш, ўзбекларни эзиш бўлаяпти. “Тинчлик, тинчлик” деган билан ҳанузгача тинчлик йўқ. Кечаси қўрқинчдамиз. Кўчаларнинг бошида хавотирда яшаяпмиз. Ўзбекларга мадад бўладиган ҳеч ким йўқми¸ - дейди ўшлик суҳбатдош.
****************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!