Газлама расталари ëнди....
Самарқандлик Пардақул акага кўра, ёнғин натижасида одамларга шикаст етмаган, фақат бозордаги савдогарлар катта миқдорда моддий зарар кўришган.
- Бозорнинг материал сотадиган павилиони куйган.
Озодлик: Қайси бозорнинг?
- "Янгибозор". У ерда материал сотадиган павилион бор экан. Ана шу куйибди.
Озодлик: Қачон бўлган бу?
- 29 октябрдан 30 октябрга ўтар кечаси. У ерда энг қимматбаҳо материаллар сотар экан. Бу шаҳардаги энг катта бозорлардан бири эдида.
Озодлик: Одамлар талафот кўрмаганми?
- Йўқ, бу оқшом бўлганку.
Озодлик: Ярим кечасими?
- Ҳа. Катта миқдордаги товарлар ëнган. Аëлларнинг кўйлакларининг бир метри 100 минг сўмлиги, ундан ҳам ортиқроғи бор экан. У ерда катта-катта рўмоллар ҳам сотар эдида, дейди Пардақул ака.
Айрим манбаларга кўра, “Янгибозор”даги ёнғин натижасида бозордаги 70-100 минг доллар миқдоридаги товарлар ёниб кетган.
Айни пайтда ёпиб қўйилган “Янгибозор” янги йилдан кейингина ишга туширилиши айтилмоқда.
Болалар пахта тугаб¸ кўрак чувимоқда
Ўзбекистонда пахта плани бажарилгани эълон қилинганига ҳам ярим ой тўлаяпти. Бироқ ҳануз болалар далада қолмоқда.
Сурхондарёнинг Ангор туманидан қўнғироқ қилган бир отахоннинг айтишича, айни пайтда ҳатто 3-синф болалари ҳам далага ҳайдалган.
- Ҳозир бизда 3-синф болалари ҳам пахта тераяпти. 3- синф болалари кўрак тераяпти. Ўтириб чувиб ўтирибдида. Пахтадан ажратиб, чувияпти. Пахта терими ҳали давом этаяпти. Далада пахта йўқ. Шундай бўлса ҳам эрталабдан келиб болаларни устози олиб кетади. Кўрак тердириб, кўракни чувиб ўтиришади. Мана энди об-ҳаво ҳам айниб қолди.
Озодлик: Ҳаволар совуқми?
- Эртага 20 даража деяпти. Сурхондарëнинг тоғли районларида қор ëғади¸ дейди. Тошкентларда қисқа-қисқа ëмғир бўлади¸ деди.
Озодлик: 3-синф болалари бу ишларни дарс пайтида қилаяптими ëки дарсдан кейинми?
- Мактаб пайтида. Эрталаб домласи келиб олиб кетадида, олиб бориб кўрак тердиради. Хирмон жойда пахтани кўракдан ажратадида.
Озодлик: 3-синф ўқувчилари деганда¸ адашмаяпсизми?
- Йўқ, адашмаяпман. 3-4-5-синф ўқувчиларида. Далада ғўзапояни олаëтганда ғўзапоядан кўракни олаëтган бўлса керакда. Битта неварам 3-синфда ўқийди. Ҳозир келди. Мана соат 5 бўлаяпти. “Қаердан келаяпсан?” десам, “Пахтадан келаяпман” дейди. “Пахта қолдими? Ғўзапоя терилиб, сотилиб кетдику” десам, “Кўрак териб, кўракдан пахтани ажратиб берамиз устозимизга” дейди.
Озодлик: 3-синфда ўқийдиган неварангиз неча ëшда ҳозир?
- 10 ëш.
Озодлик: Демак, 10 яшар болалар ҳам пахтада.
- Ҳа. Нима қиламиз энди. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ дейди. Тақдирдагини кўриб юрибмиз энди. Бир хили бошяланг, бир хили ялангоëқ. Нима қилсин, дейди ангорлик отахон.
Ангорлик отахон Озодликнинг “Эркин микрофон" и орқали гапирган Қашқадарёнинг Чироқчи туманида яшовчи Назокат Равшанованинг 4000 доллар пулини фирибгар милицонер ўзлаштиргани воқеасини эшитиб, бунга ўз муносабатини билдиради.
- Қашқадарëда битта хотин 4500 доллар пулини олдириб қўйдику. У бечоранинг қари ота-онаси бордир, болалари бордир. Унинг хўжайини, мусулмон бўлсаку¸ майли ўрисларнинг бўсағасида ишлаб қанча вақтларда пул жўнатган. Ўғирлаган милиция ҳам тилхат олиб туриб, “Менда пул турсин, бераман” деб олиб қолиб, у бечорани чиқариб юборади. Милициянинг ўзи ўғрида ҳозир энди. Милиция, прокурор, терговчи ўзлари ўғри. Ҳозирги замоннинг ўғриси шулар. Юқорида ўтирган прокурор, ички ишлар вазирлигидагилар ўғриларни ўзи тасдиқдан ўтказиб, муттаҳамларни ишга олиб ўтирибди. Ундай қилиб егандан кўра гўнг еса бўлмайдими прокурорми, терговчими, милициями. Сағирнинг ҳам ҳақини ейдими у, дейди ангорлик отахон.
Камбағалга кун йўқ экан...
Сурхондарёнинг Олтинсой тумани Хайрондара қишлоғида яшовчи Матлуба исмли аёл 11 нафар ҳамқишлоғи номидан Озодликка қўнғироқ қилиб, нафақа пули билан боғлиқ муаммони тилга олади.
- 2 ëшгача бўлган болалар нафақаси борку. Ана шу нафақани бизнинг маҳалламизда пластикка солиб беради. Яна ойма ой олмаймиз. Бир ой олсак, келгуси ойга йўқ. Мана шундай аҳвол. Бизга ҳали июн ойини ҳам бергани йўқ.
Озодлик: Нечта болангизга нафақа пули оласиз?
- Битта ўғлим бор беш ойлик. Июл ойидан бу ëғига ҳали олганим йўқ. Учта фарзандим бор. Қийинда бизга. Ўзи 90 минг экан ойига. Қўлга майдалаб беришади 70 минг тегадида.
Озодлик: Пластикка ўтказиб, кейин уни нақд қилиб олсангиз, 70 минг оласиз қўлингизга.
- Шундай қилишадида. Давлат бўйича шундайми ëки камбағалларга кун йўқми¸ ҳайронман.
Озодлик: Фақатгина сизники вақтида берилмаяптими ëки бошқаларники ҳам шунақами?
- Мана шу қишлоғимизда шундай аҳволда.
Озодлик: Нимага шунча ойдан бери бермаяпсизлар, деб бирор жойга мурожаат қилдингизларми?
- Маҳалланинг ўзига борамизда. Борган билан қабул ҳам қилмайди. Умуман йўқда. Шунинг орқасидан кун кўрамизда. Лалми жойда турамиз. Умуман даромад йўқ. Хўжайиним Россияга кетган. Анчадан бери пул ҳам юборгани йўқ. Учта бола бор. Улар ейман, ичаман дейдию, дейди 11 нафар ҳамқишлоғи номидан Озодликка қўнғироқ қилган олтинсойлик Матлуба исмли аëл.
************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!