Бу ҳақда Озодликка Азимжон Асқаровнинг ўғли Азизбек маълум қилди.
- Суддан олиб чиққандан кейин конвойнинг ўзи уриб, тепиб, роса уришиб¸ машинага ортиб олиб чиқиб кетишган. Суд залидан олиб чиқиб¸ кўчанинг ўзида уришган.
Озодлик: Кимни уришган?
- Ҳаммасини. Дадамни, ëнидаги болаларни уришган. Урганда жуда қаттиқ уришган. Жуда қаттиқ уриб, машинага ортиб олиб кетишган.
Озодлик: Конвойларнинг ўзлари урганми?
- Ҳа. Орада, ўлган участкавойнинг қариндош-уруғлари деб гапирилади, қариндошими йўқми билмайман, умуман ҳар судга келиб бу ëқдан борган одамларни тошбўрон қилишади.
Озодлик: Уларга тан жароҳати етмаганми? Аҳволлари қанақа?
- Аҳволлари жуда оғир¸ деб телефон қилишди. Кўрган одамлар телефон қилишди. Жуда оғир¸ дейишди. Кўрган одамлар йиғлаб телефон қилишди. Шу кунгача бўлган бунақа нарсалар, кўп бўлган, лекин бу даражада бўлмаган.
Озодлик: Демак, Азимжон аканинг соғлиқлари анча жиддий.
- Анча жиддий. Жуда оғир, дейишди. Бирга ëтган болалар бир неча кундан бери ўрнидан турғазиб ëтқизиб қўйишган. Ўзи ўрнидан туриб ëта олмаган. Суд залига яқин боргизишмаяпти. Шу кунгача ҳали судда қатнашган одам бўлмади. Саккизта одамнинг қариндош-уруғи, ака-укаларининг бирортаси ҳам ҳали суд залига кира олгани йўқ. Киргизишмаяпти. Тошбўрон қилишади, уриб, тепиб, мана охиргисида адвокатнинг устидан сув сепишибди. Уришмоқчи экан, милициялар ажратибди, дейди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ўғли Азизбек.
Азимжон Асқаров ва яна етти маҳбус билан боғлиқ аппеляция жараёнини кузатиб келаётган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шариповнинг Озодликка маълум қилишича, 4 ноябр куни бўлган воқеа натижасида судланувчилардан бирининг боши ёрилган.
- Суд тугагандан кейин судланувчиларни машинага юклаëтганда, ўлганларнинг қариндош-уруғлари тош отишган. Шунда Қўчқоров деган судланувчининг бошига теккан экан.
Озодлик: Боши ëрилибдими?
- Ҳа. Кўзи жароҳат олган. Кўзини тиктиришга қандайдир касалхонага мурожаат қилишган. Адвокатнинг айтишига қараганда, шундай калтаклаш бўлаяпти эканки, ҳақоратлаш, хўрлаш дейиш мумкин буни. Маҳбусларни ташийдиган махсус машинага олиб чиқаëтганда милиция ходимлари томонидан “тез-тез бўл” деб тепиб, судланувчиларни уриб, югуртиришаяпти. Суд органлари “Биз қўриқчиларни ажратамиз. Милициялар қўриқлайди адвокатларни. Бемалол гувоҳлар ҳам кириши мумкин” деб ваъда берган. Лекин бу амалга ошмаяпти. Илгари қандай бўлса, шундай. Судда ҳам жуда қаттиқ қарғишларни айтишиб, сўкиб, адвокатларга тазйиқ ўтказишлар бўлган. Бу ердан Азимжон аканинг қариндошлари, бошқалари борганда, ўлганларнинг қариндош-уруғлари киргизмасдан қувиб, машиналарини олиб қўйиб ҳаттоки, қочиб кетишга мажбур бўлишган.
Озодлик: Абдумалик ака, милиция ходимлари йўқми?
- Милиция ходимлари жуда кўп. 30-40та милиция ходимлари иштирок этаяпти. Лекин бу ерда яна бир нарсани назардан қочириш керак эмас. Бозорқўрғон воқеалари бўйича судланувчилар Азимжон ака ва еттита судланувчининг устидан даъвогарлар асосан милиционерлар бўлаяпти. Жабрланувчилар, гувоҳлар милиционер бўлаяпти. Демак, уларнинг муомаласи ҳам ўшанга яраша бўлади. Милиционерларнинг ўзлари жабрланувчи бўлаяптида.
Озодлик: Буни бирор-бир ҳолат бўлаëтган бўлса, олдини олишга ҳаракат қилишмаяпти¸ деб тушуниш мумкинми?
- Шундай тушуниш мумкин. Энди ҳаракат қилиб, адвокатларни кириб чиқишда тўсаяпти. Суд залида ҳақорат, сўкиш, қўрқитишлар бўлиб турибди. Кираëтганда ва чиқаëтганда адвокатлар милициялар қуршовида кириб чиқаяпти. Ҳозир адвокатларга ҳам, судланувчиларга ҳам милиция олдини тўсиб нима қилиши мумкин. Лекин гувоҳларга ҳеч ким кафолат бергани йўқда, дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов.
Азимжон Асқаров ва яна етти ўзбек жорий йилнинг 29 сентябр куни ҳам маҳбусларни қўриқловчилар томонидан суд залида аёвсиз калтакланган эди.
Ўш шаҳрида жойлашган харбий қисмлардан бирида ўтказилган маҳкамада, тушлик учун танаффус эълон қилинган пайтда, судланувчиларнинг темир панжара ичида конвой томонидан калтаклангани айтилган эди.
Кейинчалик судланувчилар адвокатларининг бир неча бор калтаклангани ҳам айтилган эди.
Азимжон Асқаров Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб қамоққа олинган эди.
2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда судланган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берганлар.
15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини бир умрга, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Бироқ барча маҳкамаларда судланувчилар ўзларига қўйилаётган айбловларни инкоқ қилиб келишади.
25 октябр куни Жалолободда Азимжон Асқаров ва унинг шериклари шикоят аризаси бўйича аппелляция жараёни бошланди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўш қирғини юзасидан 4000дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда бу воқеаларга алоқадорликда айбланиб, 268 одам қўлга олинган, мингдан ортиқ одамга қидирув эълон қилинган.