АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë масалалари бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк 9 – 10 ноябр кунлари яна Ўзбекистонга сафар қилди.
Бу жаноб Блейкнинг жорий йил давомида Ўзбекистонга қилган учинчи ташрифидир.
Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот хизмати ходими Озодликка Роберт Блейкнинг ташрифи чоғида томонларни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинганини айтди.
- Тошкентда Давлат котиби ёрдамчиси Блейк қатор ўзаро манфаатли масалаларни, шу жумладан, АҚШ-Ўзбекистон муносабатларидаги хавфсизлик, сиёсат ва инсонпарварлик меъёрларига оид масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ҳукумат мулозимлари билан кўришди. Шунингдек, у Америка овози радиоси мухбири Абдумалик Бобоев билан унинг суд ишига алоқадор масалаларни гаплашди, деди АҚШ элчихонаси вакили.
9 ноябр куни кечқурун Роберт Блейк Америка овози радиоси мухбири Абдумалик Бобоев билан учрашиб, Бобоевнинг Озодликка айтишича¸ журналист устидан бораётган маҳкама билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
- Роберт Блейк билан кеча кечқурун, 9 ноябр куни учрашдим. Дастлаб Блейк жаноблари асосан менинг маҳкамадаги ишим билан қизиқди. Қандай жараëнда турганлиги, қандай бораëтганлиги ҳақида сўради. Мен аппеляция кутилаëтганини ва ундан кейин қандай йўл тутилишини ўйлаб кўришимни айтдим. У Тошкентда расмийлар билан ўтган учрашувларда менинг масалам кўтарилганини, муҳокама қилинганлигини айтди.
Хулоса ва натижа қандай бўлиши ҳақида айтмадию, ҳар ҳолда масала кўтарилганлигини айтди. Асосан шу. Кейин умумий вазият ҳақида фикр алмашдик. Сўз эркинлиги ва бошқа масалалар хусусида гаплашдик.
У мен билан боғлиқ жараëн АҚШ томонининг диққат марказида турганлигини, диққат билан кузатиб бораëтганлигини айтди. Бундан кейин ҳам бу АҚШ диққат марказида туришини айтди. У мендан сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақида сўради. Мен “Ҳақиқатан вазият оғир. Ëмонлашиб бораяпти. Чунки мен билан боғлиқ вазият нафақат менга балки бир қатор бошқа журналистларга нисбатан жиноий иш тайëрланганлигини кўрсатиб берди. Ҳақиқатан бундай қарор мавжудлигини мен ўзимнинг ишим жараëнида кўрдим ва гувоҳ бўлдим. Вазият ҳар ҳолда оғирлашиб бораяпти” дедим. У “Биз расмий даражадаги мулоқотларимизда доим инсон ҳуқуқлари билан, сўз эркинлиги билан боғлиқ масалаларни кўтариб келаяпмиз. Бундан кейин ҳам расмий учрашувларда буни кўтаришда давом этамиз” деди. Сиëсий маҳбуслар ҳақида ҳам тўхталдик. “Юсуф Жума билан боғлиқ вазиятни ҳам биз кузатиб бораяпмиз”, деди.
12 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Малик Бобоев шикоят аризаси юзасидан аппеляция жараëни бўлиб ўтади. Роберт Блейкнинг айнан ана шу жараëн арафасида ўзи билан учрашгани аҳамиятли эканини таъкидлай туриб Америка овози мухбири¸ бўлажак маҳкама мажлисидан катта натижа кутмаëтганини ҳам қўшимча қилади.
- Умид қилиш ҳар доим яхши. Умид бор, лекин шу билан бир қаторда агар аппеляция дастлабки ҳукмни ўз кучида қолдирган тақдирда ҳам унча ҳайратланмайман. Чунки ҳаммамиз Ўзбекистондаги маҳкама жараëнлари қандай ўтишини яхши биламиз, дейди журналист.
Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланиб маҳкамага тортилган эди.
Кейинчалик чегара билан боғлиқ айблов журналистдан олиб ташланди.
Жорий йилнинг 15 октябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди Америка овози радиоси мухбири Бобоевни туҳмат ва ҳақорат қилганлик, жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганликда айбдор, деб топиб, уни энг кам иш ҳақининг 400 баробар (18 миллион 86 минг сўм) миқдорида жаримага тортди.
Қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро эшиттиришлар бўйича АҚШ кенгаши, Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти журналист Бобоев билан боғлиқ маҳкамага норозилик билдирдилар.