Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Саодат Омонова: Президент мамлакатдаги муаммолардан бехабар


Саодат Омонова президентга етиб бормаган гапларини Мустақиллик майдонида норозилик намойиши орқали етказиш ниятида.
Саодат Омонова президентга етиб бормаган гапларини Мустақиллик майдонида норозилик намойиши орқали етказиш ниятида.

Давлат назоратидаги “Ёшлар” телеканали журналистлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова Мустақиллик майдонида пикет ўтказмоқчи. Журналистлар миллий телерадиокомпанияда авж олган маҳаллийчилик, иқтисодий жиноятлар ва цензурага ана шу тарзда ўз норозилигини билдирмоқчи.


Бундан аввалги чиқишлари билан анча шов-шув кўтарган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар жорий йилнинг 6 декабр куни соат 12:00да Тошкентнинг Мустақиллик майдонида норозилик намойиши ўтказишни режалаштирмоқдалар.

Давлат назоратидаги "Ёшлар" каналининг икки журналисти тараддуд кўраётган тадбирлари орқали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида авж олган маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, иқтисодий жиноятлар ва цензурага нисбатан ўз норозиликларини намойиш қилиш ниятида.

Саодат Омонова Озодликка ўз ҳамкасби билан режалаштираётган намойишдан кўзлаган мақсадлари ҳақида гапириб берди.

- Мурожаатларимиз, аризаларимиз, сон-саноқсиз телеграммаларимиз жавобсиз қолгандан кейин ўз ҳақ-ҳуқуқимиз учун, умуман Ëшлар телеканалида ишлаëтган минглаб журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олиш учун курашни давом эттиришга қарор қилдик ва 6 декабр куни Ўзбекистон республикаси конституцияси қабул қилинганлигининг 19 йиллиги арафасида Мустақиллик майдонида норозилик намойишини уюштиришга қарор қилдик.

Озодлик:
Бу намойиш орқали кўзланган асосий мақсад нима?

- Энг биринчи ўринда цензурага қарши эканлигимизни намойиш этиш. Ўз мақсадларимизга эришиш учун раҳбариятнинг қанчалик лавозимга нолойиқлигини яна бир карра кўрсатиш учун, телевидение маблағлари талон-тарож қилинаëтганлигининг олдини олиш учун, айнан Ëшлар каналида мавжуд бўлган маҳаллийчилик, гуруҳбозликнинг олдини олишга қарши курашиш учун, ўз муносабатимизни билдириш учун мана шу пикетни уюштиришга қарор қилдик. Малоҳат опа билан иккаламиз бўламиз. Албатта лозунглар билан чиқамиз. “Йўқолсин цензура”, “Маҳаллийчиликка ўрин йўқ” каби лозунглар билан чиқмоқчимиз.

Озодлик: Шу пайтгача Ўзбекистонда пикетлар ўтказишга тўсиқлар мавжудлиги кузатилади, сизлар пикетга рухсат олдингларми?

- Тошкент шаҳар ҳокимининг номига ариза ëзиб, уни почта орқали жўнатдик. Кўрамиз жавобини. Лекин менимча, конституциямизда белгиланган бу нарса. Тинчлик намойишини ўтказишга, қонунда белгиланган доирада норозилик намойишини ўтказишга ҳаққимиз бор.

С. Омонованинг иддоа қилишича, ҳукумат доирасидаги айрим шахслар ҳомийлиги остида "Ёшлар" телеканали директори Хайрулла Нуриддинов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев давлат пулларини ўзлаштириш, таъмагирлик, ижтимоий тенгсизлик каби қонунбузарликларга муккасидан кетган.

Жорий йилнинг 23 август куни Саодат Омонова ва ҳамкасби Малоҳат Эшонқулова “Эзгулик” жамияти идорасида ўтказилган матбуот анжуманида "Ёшлар" канали директори Х. Нуриддинов ва уни "ўз қаноти остига олган" миллий телерадиокомпанияси раиси А. Хўжаевни давлат пулларини ўзлаштирганликда айблаган эди.

Шундан кейин бу икки журналист хорижий матбуот воситалари орқали қатор чиқишлар қилиб, миллий телерадиокампания раҳбарияти орқасида ҳукумат доирасидаги конкерт шахслар тургани боис тилга олинган муаммоларнинг бартараф қилинишига панжа орасидан қаралмоқда, дея таъкидлаган эдилар.

С. Омонова уларнинг танқидий чиқишлари президент Каримовга етиб бормагани ва 6 декабрдаги норозилик акцияси орқали президент бундан хабар топишидан умидвор эканини айтади.

- Мен тўғрисини айтаман, бизнинг чиқишларимизни, бизнинг мурожаатларимизни ë президентга етказишмади, ëки президентга бошқача талқинда етказишди. Куни кеча, биласиз, Олий мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, демократлаштиришга доир фикрлар билдирилди президентимиз томонидан.

Озодлик: Каримовнинг Ўзбекистон парламентида айнан сўз эркинлигининг чекланиши, матбуот эркинлигига имкониятлар яратиш тўғрисидаги гапидан кейин сизларнинг бу чиқишларингиз худди президент гапларига бир жавобдай кўринишда қабул қилиниши мумкин...

- Биласизми, мен масалан кўпдан буён ишламаяпман. 20-25-30 йиллаб ишлаëтгабнлар бор. Мен атиги 16 йил ишлаëтган бўлсам ҳам, тажрибамдан шу нарсани англадимки, ўзимиз агар вазиятни ўзгартирмасак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Лавозимидан айрилишдан қўрқадиган раҳбарларимизни ўйлаб уларнинг амрига бўйсунсак, ўзгариш бўлмайдида. Жуда кўп нарса, мен тўғрисини айтаман, президентга етиб бормаяпти.

Озодлик: Сиз мана 16 йилдан бери ишлайман деяпсиз. Сиз айтаëтган цензура кеча ëки ўтган кун пайдо бўлмагандир. 16 йил ичида бу цензура йўқмиди?

- Бошида СТВда ишлаганман. Даврнинг Самарқанддаги мухбири бўлиб. Бу нарса йўқ эди. Матбуот ниҳоятда эркин эди. Танқидий материалларни ҳам берганмиз. Роса кўп материаллар берганмиз.

Озодлик:
“Давр” информацион дастурининг бошдаги чиқишларида танқидий эшиттиришлар бўлган. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Лекин кейинги йилларда “Давр” эшиттиришларида бу нарса кузатилмади. Мана сиз бир неча йиллардан бери “Давр”да етакчи мухбирлардан бири бўлиб ишлаяпсиз. Сиз ишлаган аввалги йиллар давомида цензура, маҳаллийчилик йўқмиди?

- Биласизми цензура қайсидир маънода бор эди, лекин бу даражада эмас эди. Айнан Хайрулла Нуриддинов директор бўлиб келгандан кейин, Алишер Хўжаев телевидениега раис бўлиб келганидан кейин бу нарса авжига олди. Айнан Хайрулла Нуриддинов туфайли маҳаллийчилик гуллаб яшнаяпти. Мана биз шунча чиқиш қилдик. Ойликлар ўртасидаги фарқни айтдик. Ўша-ўша одамлар ўша ойликни олаяпти. Ишдан олиб ташланган Дилшод Муҳаммедов, Дилбар Қосимова яна ҳужжатлари қайтариб келинди. Ноҳақликка барибир одам бош кўтарадида. Чидайсиз, чидайсиз, одам ҳамма нарсага чидайди, лекин ноҳақликка чидай олмайдида.

Озодлик: Юқорида “норозилик чиқишларимиз эътиборсиз қолдирилаяпти, президентга етиб бормаяпти” дедингиз. Сизларнинг чиқишларингиз охирги пайтларда бир нечта интернет сайтларида, халқаро оммавий ахборот воситаларида ëритилди. Сиз президентнинг буларнинг бирортасидан хабари йўқ деб ўйлайсизми?

- Менимча, биласизми нотўғри етказишаяптида. Чунки хабари бўлса, шу пайтгача бирор чора кўриларди. Жимжитликку. Нимага шунча одамни қақшатаëтган Нуриддинов ишлаб юрибди?

Озодлик: Демак, сизларнинг чиқишларингиз президентга етиб борса, ҳаммаси жой-жойига тушиб, барҳам топиши мумкин, шундайми?

- Албатта мен ишонаман, президентимизга ишонаман. Бу ердаги ўғирлик, талон-тарожлик, миллиард-миллиард сўм маблағларнинг ўғирланиши – бу нарсаларга чек қўйилиши керак. Менимча, президент бундан хабар топсалар, албатта чора кўрадилар.

Озодлик: Сизнингча, президент Ўзбекистонда бўлаëтган ноҳақликлардан, муаммолардан бехабар.

- Ҳаммасидан эмас. Айрим нарсалардан хабардор. Мен ишонаман, президентимизга ишонаман.

Озодлик: Бу йил жойларда ҳатто биринчи синфларгача пахтага олиб чиқилди. Халқаро матбуотда бу нарса ëритилди. Бу каби нарсалардан президент бехабар ва хабар топса, бу муаммолар барҳам топиши мумкин деб ўйлайсиз.

- Ҳа, мен ишонаман. Чунки мактабда ўқиганимизда ҳам пахта муаммоси бор эди. Саккизинчи синфда чиққанмиз, лекин тўққизинчи синфда чиқмадик. Кейин 10-синфда барибир чиқдик... Мен айтмоқчиман, президент билса бу нарсаларни, у албатта тегишли чораларни кўради. Мана шу нарсага йўл қўйганларга албатта чора кўрилади ва бу нарсага йўл қўйилмайди деб ҳисоблайман. Минг чандон ишончим комил бу нарсага,- дейди Саодат Омонова.

Озодлик бу икки журналистнинг иддоалари бўйича телерадиокомпаниянинг қатор мулозимларига, жумладан, "Ёшлар" телеканали директорининг биринчи ўринбосари Зойир Қурбонов, "Ёшлар" телеканалининг "Давр" ахборот дастури бош муҳаррири Соҳибжон Алижоновларга мурожаат қилди.

Бироқ "Ёшлар" канали мутасаддилари мавзу юзасидан Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортдилар.
XS
SM
MD
LG