Ярим ойдирки, Ўзбекистоннинг “борса келмас”и – Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яқинларига мўлжалланган меҳмонхонада ўттизга яқин аёл ўз жигарлари билан учрашиш ниятида сарғайиб ўтиришибди.
Бу аёллар Озодлик билан боғланиб, ўз дарду ҳасратларини тўкиб-солишди. Уларга кўра, кейинги бир ой давомида диндор маҳбуслар (айниқса, 159-модда бўйича қамалганлар)га нисбатан тазйиқ ва босимлар янада зўрайган бўлиб, улар мунтазам қийноқларга тутилмоқда.
“Жаслиқ”даги ўз яқинлари билан учрашиш ниятида бўлган бу аёлларнинг айтишича, уларнинг қариндошлари қийноқлар натижасида жисмонан мажруҳга айлантирилган ва шу боис улар билан учрашишга рухсат беришмаяпти.
Тошкентлик Клара Алимовага кўра, Жаслиқдаги диндор маҳбуслар қамоқхонадаги ноҳақликларга қарши норозилик билдириб, очлик эълон қилишган. Кейинчалик очлик эълон қилган маҳбусларнинг барчаси жазо изоляторига ташланган.
- Очлик қилишган. Ҳозир бу ерда тинч эмас ичкари. Очлик эълон қилганини сабаби, 3–отрядда саккизта болани олиб кириб, уриб ёмон қилгандан кейин, бошқа болалар айтишган: "Саккизта боланинг айби нима, биз барчамиз бир тан, бир жонмиз. Фақат намоз ўқисак, рўза тутсак. Шуми айбимиз? Болаларни қайтаринг”, деган. Кейин очлик эълон қилишган. Энди менинг ўғлимнинг охирги гапи: “Онажон мендан рози бўлинг, биз ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўламиз, бизни қўллаб-қувватловчи ҳеч ким йўқ” деди болам, дейди Клара Алимова.
Жаслиқ қамоқхонаси ёнидаги меҳмонхонада ўтирган ўттизга яқин аёл орасида биргина Клара Алимовагина ўз фарзанди, 31 ёшли Миркарим Саидкаримов билан учрашишга муваффақ бўлган.
Тўрт йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасида ўтирган Миркарим 1999 йилда “Ўзбекистон конституциявий тузумига тажавуз қилиш”да айбланиб, 15 йилга қамалган эди.
14 кун кутиб, ниҳоят фарзанди билан учрашган Клара Алимованинг Озодликка билдиришича, калтаклар натижасида ўғлининг бош чаноғини синдиришган.
- Миркарим билан учрашдим. Боламнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Жуда озиб кетган. Қамоқхонада ўтирганига 12 йил бўлаяпти. Ўзбекистоннинг ҳамма қамоқхонасини кўриб чиқди. Яқинда қори ва бошқа диний уламолар келибди. Айнан президентимизнинг Туркманистонга сафари чоғида. "Сизларни бутун дунё ёмон кўради, сиз - ҳизбут-таҳрирчиларни, сизларнинг оила аъзоларингиз билан қириб ташлаш керак”, деган фатволарни берган. Ёзда бир қанча болаларимизнинг жасадлари чиққан қамоқхонадан. Болалар қаттиқ касал бўлган, урган уларни, калтак зарбидан уларнинг айримларининг бош миялари ёрилган. Ўша пайтда менинг ўғлимни ҳам қонга белаб, ванналарга осиб қўйишганини қулоғим билан эшитиб чиқдим. Мана ҳозир бу ерда оналар ўтирибди. Улар олдида ўғлимдан эшитган айрим гапларни айтишга ожизман. Чунки уларда ҳам юрак бор. Лекин болаларимизни ургани рост. Бош мияларининг қатиғи чиқиб кетган, беллари синган. Ўзимнинг ўғлимнинг думбаси парчаланиб, шундай учиб кетган. Кечирасизу, уларнинг орқа тешигига дубинкаларини тиқиб, кейин оғизларига тиқишган. Ахир кимга мурожаат қиламиз? Ўғлим айтаяпти: “Битта Оллоҳ, ундан бошқа бизни қўллаб-қувватловчи йўқ, ойижон”, деяпти. Лекин барибир халқаро ташкилотлар, БМТ - ҳаммалари билиб қўйишса, яхши бўларди Ўзбекистон зоналаридаги ҳақиқий аҳволни. Энди хўрлаш, нафсониятига тегиш каби гаплар доимий бўлиб турибди. "Қайтасанми-йўқми, сенларни барибир қайтарамиз. Қайтмасанглар, сенларни ўлим даражасигача олиб борамиз, сенларни синдириб, зонани тили билан айтганда “ломка” қиламиз", деб қўрқитишмоқда.
Озодлик: Клара опа, уларни нимадан қайтаришмоқчи?
- Айнан "Оллоҳ йўлидан қайтасан" деяпти-да. Болаларнинг айби фақат намоз ўқигани. Улар: "Сенинг худойинг фақат менман" деган даражага боришган. Жуда мусулмонларни устидан кулиб, синдириб, изнасилование даражасига олиб боришган.
Бу ерда мендан ташқари 70- 80 ёшдаги онахонлар ўтиришибди. Уларга болаларини кўрсатишмаяпти. Нимага десангиз, ҳар бир отряддан саккизтадан, тўрттадан болаларни олиб, подвалларга олиб бориб, айнан Беридиевнинг ўзи муштлаб, қўлларига перчатка кийиб, болаларни уриб, “Сизларни оила аъзоларинг билан қириб юбораман”, деб болаларни хўрлашибди. Кейин болалар прокуратурага ёзишибди. Прокуратурани чақириб бермабди. "Мана сенга поркуратура" деб, айнан Бердиевнинг ўзи жуда ёмон хўрлаб, тепиб, болаларни уриб, “ломка” деган нарса қилиб ташлашибди.
Озодлик: Клара опа, Бердиев ким у ?
- Бердиев - у киши начальник, хозяин бўлган турмада, дейди Клара Алимова.
Андижонлик Муҳаррам Ваҳҳобова маҳбус ўғли Зафарбекни кўрмаганига бир ярим йил бўлган. 36 ёшли Зафарбек Ваҳҳобов ҳам Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича қамалган. Ўғлини кўриб кетиш илинжида бўлган онахон 15 кундан буён кутиб ўтирибди.
- Мен Андижондан келдим. Болам 11 йилдан бери шу ерда қамоқхонада. Ваҳҳобов Зафарбек Аҳмаджонович, 2-отрядда. 159-модда билан қамалган. 15 кундан бери кутиб ўтирибман, "изоляторда" деб киритмаяпти. Мен кетмаяпман. Менинг келиб кетишим осонми Андижондан? Энди калтаклагандир, азоблагандир, кўкартиргандир. Шунинг учун киргизмаяпти оналарни. Қийнаган, қийнаган болаларни. Шунинг учун киргизмаяпти. Одам ўлдирган, ўғирлик қилган ва бошқа ҳаммасига рухсат бор. Фақат 159 га рухсат йўқ, - дейди Муҳаррам Ваҳобова.
Самарқанднинг Ургут туманидан Муҳайё Ҳожиева ҳам 15 кундан буён боласи билан учрашиш ниятида кутиб ўтирибди. Унинг ўғли Нўъмонжон Эргашев 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, 10 йилдан бери қамоқхонада жазо муддатини ўтаётир. Тўрт йилдан буён Жаслиқда ўтирган ўғлини кўриш орзусида бўлган онахон боласининг тақдиридан хавотирда.
- Менинг ўғлим ҳеч нима иш қилгани йўқ. "Намозхон", "давлатга қарши" деб ушлаб беришди. Боламга азоб бериб, ўн хил айбларни бўйнига қўйиб қамашди. Келганимга 15 кун бўлди. Киритмайди, изоляторга дейди. "Нимага болам изоляторда, болам одам ўлдирдими?" дедим. "Нима унақа қиласизлар?" дедим. Шундай азоб беришаяпти. Нима қилиш керак? "Кетинглар, кетинглар" дейди. Қандоқ кетамиз бизлар. Менинг болам бировнинг ҳаққини ейдиган бола эмас, бировни урадиган бола эмас, қўлига қурол олмайди. Мен боламни яхши тарбия қилганман. Менинг бешта болам бор. Ҳаммасини уриб-уриб тарбия қилганман. Мен: "ўзим кирай олдига" деб ўтирибман, "кетмайман" деб ўтирибман. Ўлигини ҳам, тиригини ҳам кўрсатмаяпти. Хавотирдаман боламдан, - дейди Муҳайё Ҳожиева.
Тошкентлик Нигора Хўжаева ўн кундирки, маҳбус укаси Миробидни кўриш истагида. Миробид Ҳолиқов ҳам 159 билан қамалганлардан. У ўн бир йилдан буён қамоқда.
- Бизлар ўзи октябрда киришимиз керак эди. Келганимда "изоляторда" деб, қайтариб юборишди. Кейин яна келдик. Келсак, "17 ноябрда изоляторда ташланди", дейишди. Нимага энди изоляторга ташланади? Бугун яна замначалник Қорабоев чақиртирди. Милицияхонадан одам келиб, “Сизлар ўтирманглар, бефойда ўтирганинглар, қайтиб кетинглар”, деди. Нимага энди бизлар қайтиб кетар эканмиз? Кўрмасдан кетмаймиз, бизнинг келишимиз осон эмас. Бизга на ўлигини кўрсатмайди, на тиригини. Ичкарида нима бўлиб ётибди - Худо билади. Болалар очлик эълон қилишгач, уларни қийнашгач, уни кўрмагунча кетмайман. Кўриб, кейин кетаман. Ўн кундан бери шу ерда ўтирибмизми, кўрмасдан кетмаймиз энди, - дейди Нигора Хўжаева.
Тошкентлик Малика Холмуҳамедованинг турмуш ўртоғи тўққиз йилдан буён Жаслиқда қамоқ жазосини ўтаяпти.
Малика Ҳолмуҳамедова қамоқхонада қийноқларнинг янада ваҳшийлашиб бораётгани ва қийноққа солинган маҳбусларнинг ғойиб бўлиб қолаётгани хусусида Республика Жазони ижро этиш бош бошқармасидан олган жавобини шундай ифодалади.
- "Биз инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб қиламиз, у ерда йигитларнинг аҳволи жуда оғир, ҳатто қуруқ қайнаган сувни ҳам беришмаётган экан, сиз ҳуқуқ ҳимоячисиз, ёрдам беринг" десак, бошқарма ходими: "Мен ҳуқуқ ҳимоячиси эмасман, кўрмаяпсизми, формада ўтирибман", деб бизни калака қилди, дейди шугина жавобни олганидан ҳафсаласи пир бўлган аёл.
Жаслиқ қамоқхонаси ва Республика жазони ижро этиш бош бошқармасидан бу борада бирор-бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.
Озодлик радиоси Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яқинларига мўлжалланган меҳмонхонада ўтирган ўттизга яқин аёл ва уларнинг яқинлари тақдири билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.