Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Ҳуқуқ фаоли озодликка чиқарилди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов ўзининг бира тўла оқланишига ишонади.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов ўзининг бира тўла оқланишига ишонади.

1 декабр куни тошкентлик ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовнинг жазо ўташ муддати ўзгартирилиб¸ оиласи олдига қайтди. Бир йил олдин ҳуқуқ фаоли товламачиликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

- Ҳозир мен тўлиқ озодликка чиқдим, дея олмайман. Жазонинг турини енгилроғига алмаштиришди, холос. Аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштиришди. Бирор жойга ишга кириб, даромадимнинг 30%давлат ҳисобига ўтказиб, ҳар ҳафтада милиця бўлимига бориб, ўтиб туришим керак. Менга берилган қоғозга кўра, “2 йилу 7 ой 16 кун” деб кўрсатилган.Ўзи 4 йилга озодликдан маҳрум қилишган эди. Ҳозир мен 1 йил 4 ой колонияда бўлган бўлсам, шуни қолган қисмини аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштириб беришди, деди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов.

Жазони ўташ колониясидаги тазйиқлар ҳақида Фарҳод ака бундай деди:

- Сабр қилдик, гапнинг очиғи тазйиқ бўлмади, десам ёлғон бўлади. Лекин сабр қилсангиз, тартиб-қоидага амал қилсангиз, масалан, мен оиламни, икки вояга етмаган фарзандимни ўйладим. Тишимни тишимга қўйиб, бир амаллаб, жазонинг енгилроғига алмаштиришига эришдим, - дейди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли Фарҳод Мухторов 2009 йили 17 июл куни товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган эди. У пора сифатида 5 миллион сўм пул олганликда айбланган эди.

2009 йили 2 октябр куни Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовни товламачиликда айблаб, уни 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

2009 йил 3 декабр куни эса Фарҳод Мухторовнинг апелляция тартибидаги шикоят аризаси кўриб чиқилиб, унинг қамоқ жазоси беш йилдан тўрт йилга қисқартирилган эди.

Ҳуқуқ фаоли ўзига қўйилган айблов сохта эканини айтади:

- Йўқ, мен 100 фоиз ишонаман, вақти келиб оқланиб кетишимга ишонаман, деди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов.

Жазони ўташ колониясидан қайтган ҳуқуқ фаолининг соғлиги билан қизиқдик:

- Энди, ростини айтсам, соғлик унчалик яхши эмас. Хар ҳолда у ерлар санаторий эмас, шароити бошқачароқ. Лекин руҳий кайфиятим яхши. Худога шукур, оилам бағрига қайтиб келдим. Рафиқам, фарзандларим билан биргаман,- деди айни пайтда жазо муддати ўзгартирилиб, оиласи бағрига қайтган ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов.

Фарҳод ака суҳбат сўнггида жазони ўташ колониясида бир муддат журналист Солижон Абдураҳмонов билан бир отрядда бўлганлигини айтди:

- Солижон ака билан бирга бўлдик. Менда жуда яхши таассуротлар қолдирди. Жуда маданиятли, ўқимишли одам экан. Қолган маҳкумлар ҳам хурмат қилишар эди. Соғлиқларини мазаси йўқроқ эди. Мен кетишимдан сал олдинроқ, маҳбусларни Тошкентда даволайдиган сангородга жўнатишган эди. Ошқозонлари касаллиги туфайли. Олдин улар 9 - отрядда эди, кейинроқ бизнинг 2- отрядга ўтказилдилар. Икки ойча бирга бўлдик. Кейин мен сентябрда 78- колонияга кетдим. Улар эса августда сангородга кетган эдилар. Лекин у киши ҳам Олий судга ёзиб, кейинчалик оқланиб кетишига ишонаяпти. 273-моддасининг 5-қисми билан айбланган эканлар, шуни қилмаганлигини исботлаб бериш кайфиятида юрибди, дея колониядаги маҳбус журналист Солижон Абдураҳмонов ҳақида гапирди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов.
XS
SM
MD
LG