“Автоҳалокатда оёғим синди, жавобгар эса қочиб кетди”
Қашқадарёнинг Касби туманидан бўлган 22 ёшли Икром тўрт йилдан буён Россиянинг Краснодар вилоятида меҳнат қилади. Икром 1,5 ой аввал автоҳалокатга учради. Уни машинаси билан уриб юборган ҳайдовчи эса қочиб кетади. Икром маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган шикоят аризалари мутлақо жавобсиз қолаётганини айтади.
- Краснодарда тўрт йилдан бери юриб, ёмон бир ҳолатга тушиб қолдим. Ëрдам керак. Кимга бориб учрашишни сўрамоқчи эдим.
Озодлик: Нима бўлди?
- Аварияга тушиб қолдим. Судга берган эдим. Суд ҳам қабул қилмаяпти. Оëғимни синдирди. Оëғимни уриб кетди. Маст ҳолда эди шофëр. Милицияни пул билан ëпаман деяпти.
Озодлик: Оëғингиз қанчалик жароҳатланди?
- Иккита жойдан синган оëғим.
Озодлик: Юра олмайсизми ҳозир?
- Эртага гипсимни олдираман. Бир ярим ойдан бери ëтибман. Машинани номерини ëзиб олдим. Ўзи қочиб кетди. Кейин уголовний розискка бериб топдик, у бўйнига олмаяпти. Шу туришда йўлга ташлаб қочиб кетди. Мен ҳозир 20-30 минг қарзга кириб кетаяпман. Залогга паспортимни олиб даволандим. Милиция менинг арзимни тингламаяпти. У ҳаммасини оғзини ёпган, дейди 22 ёшли Икром.
Ўзбекча “разборка” – қулоғингни узиб оламан!
Хоразмнинг Ҳазараспидан бўлган Мурод ака ва яна бир неча ҳазараспликларни бир ҳамюрти қоп-қоп ваъдалар билан Москва шаҳрига ишлашга олиб келади. Иш бошлаб ойлик беришга навбат етганда эса ўзбекча “разборка” бўлади.
- Биз ҳазарасплик биттасининг қўлида ишладик. Пул берадиган вақт бўладию. Ойлик берадиган пайтда бизлар пулни сўрадик. “Ҳали эрта”, деб пулни чўзиб юрди. Кейин бизларни ишлатиб юрган посредник туғилган кунида бизни ўз квартирасига олиб борди. Туғилган кунига у бизларни урдириб, қўрқитиб қўйиш учун болаларни чақириб қўйган экан.
Озодлик: Сизларни уришга нечта йигитни чақирган?
- Улар бешта эди. Ўзларидан иккита бор эди. Ҳаммаси бўлиб еттита одам эди.
Озодлик: Сизлар нечта эдингизлар?
- Бизлар тўртта эдик. Туғилган кунига бордик, ўтирдик. Кетадиган бўлдик. Кейин булар жанжални бошлаб қўйди. У жанжал пул устида келиб чиқди. Кейин у боланинг у ерда қулоғини узиб олишди.
Озодлик: Ким узди?
- Ҳалиги чақириб қўйган болалар.
Озодлик: Кимнинг қулоғини узишди?
- Менинг ëнимдаги ҳазарасплик боланикини. Иккаламиз бирга ишлардик. Орқасидан келиб бўйнидан қисиб қулоғидан тишлаб олди. Қулоқнинг сирға осиладиган жойи борку, фақат ўша жойи қолди. Қолган жойини узиб олди. Кейин ҳалиги одам - ишлатиб юрган бола “Қулоғингни қўйдириб бераман. Ишлаган пулинггача бераман”, деди. “Бўпти, майли”, дедик. Кейин бермайдиган бўлди.
Озодлик: Қанчадан бери ойликларингизни олмадингизлар?
- Августдан кейин олмадик. Кейин чиқиб кетдикда бизлар. Пул бермагандан кейин ишлаб юрган жойдан қочиб чиқиб кетдик бизлар. Қўрқдик. Яна бир нарсалар қилиши мумкинлигидан. Ҳозир кимга дардимизни айтишни ҳам билмаймиз, дейди Москвада ишлаётган ҳазарасплик Мурод ака.
Қонун қачон амалга кўчади?
Самарқандлик бир суҳбатдош Ўзбекистон аҳли мамлакат конститутциясида белгиланган ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланиш имкони қачон яратилади дея савол ташлайди.- Ўзбекистон республикаси конституциясининг 18-моддаси бор. Шунинг бешинчи бобида шундай гаплар бор. “Ўзбекистон республикаси барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, мен эътиқодга урғу бераяпман, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида баробар деяпти. Нимага энди амалда йўқ булар. Мана шунча одамлар эътиқоди учун қамалаяпти, демоқчиман. Мана конституцияда белгилаб қўйибди. Эътиқод деган нарса ҳамма учун баробар. Ҳар ким нимага эътиқод қилса, шунга амал қилади, деб конституция белгилаб қўйган экан. Нима учун унда эътиқод учун одамлар қамалаяпти? Диндорлар масалан оиласидан, бола-чақасидан узоқда юрибди. Болалар етим бўлаяпти, тарбияси йўлда қолаяпти. Нимага Ўзбекистон ҳукумати конституцияда белгилаб қўйилган нарсага ўзлари амал қилмайди демоқчиман, дейди самарқандлик суҳбатдош.
“Собир Раҳимов номини тарихдан ўчиришмоқчи”
Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Ўрол ака Тошкент шаҳридаги Собир Раҳимов тумани ва шу номдаги метро бекатининг Олмазор деб ўзгартирилганига қарши эканлигини айтади.
- Бизнинг Ўзбекистонда Собир Раҳимов туманини Олмазор деб алмаштирди Олий мажлис қонунчилари. Кейин Собир Раҳимов метро бекатининг номини ҳам ўзгартирди. Нима эмиш бу халқнинг хоҳиши, иродаси эмиш. Бу умуман нотўғри фикр. Бу ўзбек генералини тарихдан йўқотиш. Менинг фикрим шу. Собир Раҳимов Совет иттифоқи қаҳрамони бўлади. Унинг номини тарихдан ўчириш бўлаяптида. Шунга қаршиман. Номининг қолишини хоҳлайман. Чунки у бизнинг ватанимиз учун курашган киши. Ўзбекистон ҳам СССРнинг бир бўлаги бўлганку. Шунинг учун шу кишининг номи қолишини истайман, дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.
*******************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!