Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:39

Ислом ака: Ҳақиқатпарварлигим панд беряпти!


Ислом ака Ўзбекистонда бозорқўмлик "ёғли" жой эканини тан олади, лекин унга нисбатан тазйиқлар сабаби унинг ҳақиқатпарварлигида эканини таъкидлайди.
Ислом ака Ўзбекистонда бозорқўмлик "ёғли" жой эканини тан олади, лекин унга нисбатан тазйиқлар сабаби унинг ҳақиқатпарварлигида эканини таъкидлайди.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги деҳқон бозори бозорқўми қўнғироқ қилиб, ҳақиқат учун курашаётгани учун маҳаллий ҳокимият тазйиқларига учраётганидан шикоят қилди. Ислом ака ҳақиқат учун охиригача курашишга тайёрлигини айтди Озодлик мухбири билан суҳбатда.


Чироқчилик “бозорком”: Мен ҳақиқат учун курашаяпман!


Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Кўкдала” деҳқон бозори раиси Ислом Усанов маҳаллий мутасаддилар унинг қонуний ишлашига йўл қўймаётганини айтади. Ислом Усановга кўра, у бозорларнинг тушум пулларини тўлиқ давлатга топширишни талаб қилгани учун унга тазйиқ ўтказилмоқда.

- 2009 йил 12 майда Кўкдала озиқ-овқат м.ч.ж бозорига раис бўлиб ўтдим. Келганда билдимки, муҳит жуда бошқача. 12та бозорим бор менинг. Раис бўлиб келганимда муҳитни билдимки, битта катта бозорга 100 сўм тушса, бир сўмини давлатга берар эканда, 99 сўмини район раҳбарлари билан бўлиб еб юрар экан. Мисол биттасининг бозорига 5 миллион тушади. У 1 миллион топшираяпти. Биттасиникига 3,5 миллион тушади, у 300 минг топшираяпти.

Озодлик: Ўзи аслида бир ойлик тушум қанча ўзи? Ҳамма бозорлардан тушган ҳақиқий тушум.

- 35 миллионгача бозордан тушаяпти.

Озодлик: Бу пулнинг қанчаси давлатга топширилган?

- 50 фоиз. Одамлар бозорлардан анча пул олган. Мен бозоркомлардан режани бажаришни талаб қилдим биринчи ўринда. Давлат режасини бажаришни талаб қилдим. Уларга бу гапим ëқмадида. Мен раис бўлиб келишдан олдин 6та асоий бозоркомлар туман ҳокими, туман СНБси, началник милицияси прокурори, департаменти – ҳаммаси билан алоқадор экан. Сабаби мен учта бозоркомни олти ой узлуксиз режани бажармаганлиги учун ишдан олдим. Улар идорамда жанжал қилди. “Агар фармойишингизни бекор қилмасангиз, хоҳланг туман ҳокими ëки СНБсини ëнингизга олиб келамиз, хоҳланг ëнига олиб борамиз”, дейди. Мен “Билганингни қил. Мен фармойишимни бекор қила олмайман. Бўшаб кетсам, кетаман. Энди сизларни қайтариб ишга олмайман”, дедим. 19 июлда бўшатган бўлсам, 20 июл куни мени Чироқчи туман ҳокими Камол Равшанов билан туман СНБ бошлиғи фамилияси эсимда йўқ, Аҳрор деган йигит чақиртирди. Бордим. Борсам, ҳокимнинг хонасида иккаласи ўтирибди. “Ислом ака, бозоркомларни ишдан олибсиз”, дейди. “Олдим. Олти ойдан бери режани бажармайди. Хоҳласа пул топширади, хоҳласа бермайди. Давлат режаси бор. Ишдан олдим”, дедим. Туман ҳокими, туман СНБси, туман началник милицияси, туман прокурори, туман департаменти мени бир ярим йилдан бери жуда қийнаб ëтибди.

Озодлик: Нимага шунча бошоғриқлардан кейин ҳам бўшамасдан ишлаяпсиз?

- Менми? Шуни яхши кўраман. Ҳақиқат учун курашишни яхши кўраман. Мана бунга ўхшаган порахўр одамлар билан олишишни яхши кўраман. Шунинг учун ўз хоҳишим билан кетмаяпман. Ўзим ҳақманда. Агар менинг бир нарсани еб қўйган жойим бўлганда, ноҳақ бўлганимда, мен уларнинг олдига бориб, тавба-тазарру қилиб, ë ор-номусимни сотиб, ишлаб юрган бўлар эдим ëки бўлмаса улар мени бир томонлама илдириб, мени йўқ қилган бўлар эди. Ҳозир прокурор, суд менга қарши ҳужжатлар қилиб, мен уларнинг одамларини ишдан олганлигим учун ноҳақ далил-исботлар қилиб ҳужжат тайëрлаб ўтирибди.

Озодлик: Ислом ака, бозор раҳбари бўлиш халқ тили билан айтганда “ëғли жойлардан бири”.

- Энг ëғли, энг азобли иш ҳам.

Озодлик: Шунақа ëғли жойга ҳар ким ҳам етиша олмайди. Сизнинг бу жойга келиб қолишингиз қанақа? Кимгадир сиз ҳам узатганмисиз демоқчиман?

- Йўқ, ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганман, дейди Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Кўкдала” деҳқон озиқ-овқат бозори раиси Ислом Усанов.


Чироқчи туман ҳокими: “Бозорком” пулларни ўзлаштирган!

Чироқчи туман ҳокими Камол Равшанов эса, Озодлик билан суҳбатда Ислом Усановнинг ўзини “Кўкдала” деҳқон бозорига тушган пулларни ўзлаштирганликда айблайди.

- Ҳеч ким тўсқинлик қилаëтгани йўқ. Ўзи 260 миллион пулни давлатга топширмасдан еб қўйган. Шунинг учун солиқ буни прокуратурага берган. Нима қиларини билмай юрибди у. Давлатнинг пулини жойига қўйсин бўлди. Айб ўзида унинг. Солиқ ҳам, ҳокимият ҳам унга қаршилик қилаëтгани йўқ. Ўзининг соҳаси бўйича ишлаяпти. Режасини бажарсин бўлди. Бошқа гап йўқ унга, дейди Чироқчи туман ҳокими Камол Равшанов.


Ғаллаорол йўллари асфалт кўрмаган

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи Набижон Жўрабоев Озодликда берилган "Ўзавтойўл" давлат ҳиссадорлик жамиятида 18,6 миллиард сўмлик камомад аниқлангани ҳақидаги мақолага ўз муносабатини билдирар экан, Ғаллаоролдаги автойўллар аҳволига тўхталади.

- Бизнинг Ғаллаорол тумани марказининг ўзида, ҳокимиятнинг олдида мустақилликдан бу ëғига асфалт теккани йўқ. Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили деди, Камолот ëшлар йили деди, Баркамол авлод деди, миллиард-миллиард пуллар кетиб бораяпти, ҳеч ким бунинг ҳисобини олмаяптида. Районимизда машина юра олмайди. Ҳокимият биносининг орқасида кичкина йўл бор. Шуни бечора бир магазинчи икки-уч йилдан бери шағал тўкиб машина ўтадиган қилаяпти. Ҳали қишлоқ тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Қишлоқларга асфалт етиб ҳам боргани йўқ. 18-19 йилдан бери наҳотки пул ажратилмаса? Машиналарнинг ҳар йил тўлайдиган налоглари қаëққа кетаяпти? Ғаллаорол территориясида юрган машиналарни кўчада ким кўрса, ойнаси ëрилган машина бўлса, шу Ғаллаоролники деб ўйласа бўлаверади. Демоқчиманки, бир машина асфалтни товуққа дон сочгандай машинанинг устида туриб, ямаларни икки-уч ойда бир ямаб чиқади, дейди ғаллаороллик суҳбатдошимиз Набижон Жўрабоев.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG