Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Ўзбекистонликларнинг 30 фоизида уй-жой муаммоси бор


Ўзбекистонликларнинг 30 фоизи тошкентлик Насриддин ака сингари "болаларимиз кўчада қолмасайди", деган ташвишда.
Ўзбекистонликларнинг 30 фоизи тошкентлик Насриддин ака сингари "болаларимиз кўчада қолмасайди", деган ташвишда.

Ўзбекистонлик оилалаларнинг 30 фоизи кейинги 12 ой мобайнида турар жой билан боғлиқ муаммога дуч келган. Маркази АҚШда жойлашган Gallup тадқиқот марказининг дунë бўйлаб ўтказган сўрови ана шундай натижа берди.


Gallup тадқиқотига кўра, собиқ иттифоқ давлатлари орасида турар жой билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган аҳоли сони бўйича биринчи ўрин Озарбайжонга берилган. Бу ерда 78 фоиз аҳоли турар-жой ҳақини тўлашга қийналмоқда. Иккинчи ўринда Грузия, учинчи ўринга қўйилган Туркманистон аҳолисининг 38 фоизи уй-жой билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Аҳолисининг 30 фоизи турар жой масаласида қийналаётган Ўзбекистон эса, рўйхатнинг пастроғидан жой эгаллаган.

Биз ўзбек оилаларидаги уй-жой муаммосини ўрганиш учун Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи икки фуқаро фикрини ўргандик.

Улардан бири мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрида, иккинчиси эса Сурхондарёнинг Сариосиё туманида яшовчи оддий ўзбекистонликлардир.

Тошкенда яшовчи Насриддин ака икки хонали квартирада, рафиқаси икки ўғли ва икки қизи билан истиқомат қилади. Насриддин ака учун муаммоси энг долзарб масаладир.

- Уй-жой нархлари жуда кўтарилиб кетди. Оддий фуқаро уй-жой масаласини ҳал қилишда анча муаммоларга дуч келиши мумкин, дуч келади деб ўйлайман. Шахсан ўзимнинг тўртта фарзандим бор. Иккита ўғил, иккита қиз. Катта ўғлим мана 26 ëшга кириб қолди. Ўзим 28 квадрат-метрлик хонадонда тураман. Икки хонали уйда яшаб келаяпман. Энди уйлантириш керак. Уй масаласи жуда қийин аҳволга солиб қўяяпти.

Озодлик: Демак, яна иккита уй керак.

- (кулиб) Нима қиламиз энди. Жуда ҳайрон қолдирадида. Яқинда худди менга ўхшаган ўртоғим ўғлини уйлантирди. Гаплашиб қолдик. Тўй арафасида гаплашиб қолдик. “Ўзим балконда турибман. Келин тушгандан кейин балкондан ҳам чиқиб кетсак керак”, деган гапни қилди.

Озодлик: Келин учун уйни бўшатиб балконга чиққанми?

- Ҳа. Балконда ëтиб турибман, деяптида. “Келин тушгандан кейин балкондан ҳам чиқиб кетсам керак”, деб ҳазил қилдида. Тўйни яхши ўтказишди, келинни тушириб олишди.

Озодлик: У киши ҳозир ҳам балконда яшаяптими?

- Шунақа шекилли. Уй-жой масаласи жуда жиддий. Ҳозир уй-жой масаласи ҳал бўлмаса, болалар катта ëшга етганда бомж бўлиб кетмасин, деб қўрқаман. Ҳозир икки хонали уйнинг энг арзони 30 миллион туради. Бундай нархга оддий халқнинг олиши қийинда.

Озодлик: Ўғлингиз мана 26 ëшга кирибди. Яқин орада уйлантирмоқчимисиз?

- Ëзда шунақа ният бор.

Озодлик: Уй масаласи қанақа бўлади унда?

- Энди менга ҳам балконга чиқиб кетишга тўғри келади шекилли.

Озодлик: Балконда яшаш имкони борми? Ўраб қўйиш имкони борми?

- Ҳа, ўраб қўйдик.

Озодлик: Ҳозир тайëрми? Тайëрлаб қўйдингизларми?

- Ҳа, дейди тошкентлик Насриддин ака.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқитувчилик қилаётган Фахриддин Аҳмедовга кўра, қишлоқ ҳудудларида ҳам уй-жой муаммоси мавжуд.

- Айнан ўзимизнинг Сариосиë тумани ҳақида гапирадиган бўлсак, кўпчилик фуқаролар ўзларининг шахсий томорқаларида қурган уйларида, битта хўжаликда иккита-учта фарзанд бўладиган бўлса, уларни уйлантиргандан кейин уларга жой олишда, шу кеча-кундузда уларга томорқа олиш, участка қуриб бериш, квартира сотиб олишга қурби етмаганидан битта хўжаликда уч-тўрт хўжалик яшаяпти жуда қийин аҳволда. Уч хонали уй бўладиган бўлса, ҳар битта хонасида биттадан хўжалик турибди. Бу ҳам қийин аҳвол. Квартира миқëсида олиб кўрадиган бўлсак ўзимизнинг туманда, учта хонасида дейлик учта хўжалик яшаб келаяпти. Бошқа сотиб олишга уларнинг қурби етмайди. Иқтисод билан боғлиқ албатта. Маблағга бориб тақалади. Шу боисдан битта хўжаликда иккита-учта оила яшаяпти. Бундай ҳолатлар жуда кўп, дейди сариосиëлик ўқитувчи Фахриддин Аҳмедов.
XS
SM
MD
LG