Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Чирчиқ қамоқхонасидаги олти маҳбус ўз жонига қасд қилди


Маҳкумлар ҳикояларига кўра¸ қийноқ бобида Жаслиқ Чирчиқ қамоқхонаси олдида ҳолва бўлиб қолган.
Маҳкумлар ҳикояларига кўра¸ қийноқ бобида Жаслиқ Чирчиқ қамоқхонаси олдида ҳолва бўлиб қолган.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган 64/6- жазони ўташ муассасасида олти нафар маҳкум қамоқхонадаги зўравонликларга норозилик сифатида ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тутқунлар яқинларига кўра, улардан бири ўлган, қолганлари оғир жароҳат олган.

Ўтган йилнинг декабр ойида Чирчиқ қамоқхонасидаги олти нафар маҳкумнинг қамоқхонадаги қийноқларга норозилик билдириб ўз жонига қасд қилгани хабарини Озодликка ушбу муассасада сақланаëтган маҳкумлардан бирининг онаси етказди. Ўзи ва ўғлининг хавфсизлигидан хавотир боис¸ она ўзи ва маҳкум ўғлининг исми-шарифи келтирилишини истамади.

- Биттаси ўлган, қолганлари изолятор, санчастда ëтишибди. Бу бедодликку. Шуларни изоляторга ташлагандан кейин шу даража қийнашганда болаларни. Совуқ хлорли сувни сепиб, яланғоч қилиб совуқ хоналарга қўйиб болаларни, қаттиқ қийнаб, орқаларига дубинка тиқиб. Зубной пастани тиққандан кейин, қийнагандан кейин бир йигит ўзини кесганда. “Ваҳшийларнинг қўлида ўлгандан кўра¸ шаҳидликни бўйнимга олдим” деб қийнайдиганларнинг каттасининг отини баданига ëзган “Тўлқин ваҳший” деб. Кейин қон кетиб ўлган, дейди тошкентлик онахон.

Ўзбекистон қамоғидаги маҳкумлар қийноқлар гувоҳи сифатида ўз қонли кийимларини яқинлари орқали қолган дунëга кўрсатишга уринишган эди.
Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституцион тузумга тажовуз қилганликда айбланиб¸ 10 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган маҳкум ўғли билан Чирчиқдаги қамоқхонада учрашганида, унинг қийноқлар натижасида қуруқ суякка айланганига гувоҳ бўлганини айтади бу суҳбатдошимиз.

- Аҳволи шу даражада оғирки, болалар эмаклагудай кириб келишди эшикдан. Шу даражада озиб-тўзиб кетганки, энди у ерда зулм шу даражада кучайиб кетган, ўшаларнинг бошлиғи “Сенлар барибир ўлиб кетасан. Сенлар ўлдиришга буюрилгансан. Кечирим сўраганларинг ҳам ўласан, сўрамаганларинг ҳам ўласан” дебди. 10 йилдан бери ўтирган бўлса болам¸ 10 йилдан бери бунақа аҳволни кўрмаганмиз. Бунақа аҳволни кўриб мен ҳозир инфарктний состояниеда ўтирибман. “Шу даражада хорланиш, шу даражада камситиш жон-жонимиздан ўтиб кетди” деяптида болалар. Фашистларнинг концлагерларида болаларни кўрсатадию қоқ суяк. Шунақа бўлиб қолган. Тасаввур қилинг¸ матрасларни ҳовлига олиб чиқиб ҳўлда қандай ëтади? Матраснинг ичидаги пахталарини олиб ташлаб ичида қолдирмаган. Уни кейин тикиб ташлайди. Темирнинг устида қуруқ латтада, ҳўл адëл, ҳўл матрасда ëтишди болалар, дейди Чирчиқ колониясидаги вазиятга бевосита гувоҳ бўлиб қайтган тошкентлик онахон.

Тошкентлик 47 ёшли Абдужалил Каримов ҳам 12 йилдан буён Чирчиқдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаяпти. Абдужалил Каримов ҳам 1999 йили Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилганда айбланиб, Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Маҳкум Каримовнинг онаси Ҳурихон Каримова ҳам, кейинги пайтларда Чирчиқ қамоқхонасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар кучайгани ҳақидаги шикоятларга гувоҳлигини айтади.

- Жуда морално эзишаëтган эканда. Ëтадиган ўрнига сув сепиб ташлаëтган экан. Кейин кечаси соат 10 да ҳам турғазиб, совуқда юргизаëтган экан. Зонадаги болаларни руҳан эзишаëтган эканда. Кун давомида совуқда юргизиб, кечаси соат 10 дан кейин ухлаб ëтган болаларни ўрнидан турғизиб юришга мажбур қилишаëтган эканда. Ўша ердан ўлик ҳам чиқибди яқинда. Болаларни ëмон урган экан ўлиб қолганини ҳам билмай қолибди. Ўлик ҳам чиқибди. Уйланмаган йигит экан, дейди Ҳурихон Каримова.

Ҳаракат нет. сайти “Жаслиқдаги қийноқлар ҳолва экан” номли хабарида Чирчиқдаги 64/6-сонли жазони ўташ муассасасида жазо муддатини Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик айби билан қамалган 350 нафардан зиёд маҳкумнинг доимий қийноқларга солинаётгани ҳақида ёзди.

Чирчиқдаги қамоқхонадаги вазиятдан яхши хабардор “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов мазкур қамоқхонанинг Ўзбекистондаги қийноқлар мунтазам тус олган қамоқхоналардан бири эканлигини айтади.

- Биздаги маълумотларга кўра¸ ҳаммага маълум Қорақалпоғистон республикасининг Жаслиқ посëлкасидаги 64/71 зонаси, Зарафшон, Қизилтепадаги зоналарда¸ айниқса¸ конституциявий режимга тажовуз қилганликда айбланиб жазо ўтаëтган колонияларда қийноқлар кўп қўлланилади¸ деган маълумотлар бор бизда. Бундан ташқари¸ қийноқлар бўйича ўзига хос ўринда турадиган қамоқхоналардан биттаси бу Қаршининг Шайхали посëлкасидаги колония ҳисобланади. Кечагина олган маълумотимизга кўра¸ Чирчиқда ўтирган маҳкумлар айтаяптики, “Биз Жаслиқдан келганмиз. Жаслиқ ҳолва бу ернинг ëнида. Бу ерда қийноқлар системаси йўлга қўйилган” деган гаплар бор, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Озодликнинг жаноб Шодиевга йўллаган расмий мактуби нусхаси.
Озодлик Чирчиқ қамоқхонасида қийноқларнинг мунтазам тус олгани бўйича билдирилаëтган гувоҳлар ҳикоялари ва иддаоларга муносабат билдиришни сўраб¸ яна Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилди.

Бу муассасада телефон гўшагини кўтарган ходимдан саволлар юзасидан ёзма равишда мурожаат қилиш шартлиги ҳақидаги жавоб олгач, 13 январ куни Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Шодиев номига яна хат йўлладик.

Озодлик ушбу мактуб орқали жаноб Шодиевдан Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ўлим ҳолатлари ва қийноқлар қўлланилиши борасидаги иддоаларга ойдинлик киритишни сўради. Аммо ҳозирча қамоқхоналардаги вазият учун маъсул бўлган бу идорадан жавоб чиқмади.

БМТ нинг Қийноқлар бўйича махсус маърузасиси Тео Ван Бовен¸ 2002 йили Ўзбекистон қамоқхоналарига қилган қисқа ташрифидан сўнг¸ ўзбек қамоқхоналарида қийноқнинг систематик характерга эга эканини таъкидлаган эди.

Ван Бовендан сўнг ушбу лавозимда ишлаган Манфред Новак эса¸ ўз фаолияти давомида Ўзбекистонга сафар қилишга муваффақ бўла олмади ва Озодлик билан суҳбатлардан бирида¸ "Ўзбекистон ҳукуматининг қамоқ ва ҳибсхоналардаги қийноқлар борасида яширадиган бир сири бўлса керакки¸ мен каби мустақил кузатувчиларнинг бу муассасаларни кўришига изн бермаëтир" дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлардан туриб¸ қамоқхоналардаги қийноқларнинг систематик эканини инкор этиб келмоқда. Тошкент расмийларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида қийноқ билан боғлиқ алоҳида олинган ҳолатларгина бўлиши мумкин¸ холос.
XS
SM
MD
LG