Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Олмаотадаги ўзбек қочқини очлик эълон қилди


Ўзбек қочқини Отабек Абдувалиев БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонаси вакилларидан ўзи ва хотинини тезроқ учинчи давлатга чиқариб юборишни сўрамоқда.
Ўзбек қочқини Отабек Абдувалиев БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонаси вакилларидан ўзи ва хотинини тезроқ учинчи давлатга чиқариб юборишни сўрамоқда.

19 ёшли ўзбек қочқини Отабек Абдувалиев ҳомиладор рафиқаси Моҳира билан биргаликда 5 кундан буён БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонаси идораси олдида очлик акциясини давом эттираяпти.

Диний эътиқоди туфайли Ўзбекистонни тарк қилишга мажбур бўлган андижонлик Отабек Абдувалиев уларни учинчи давлатга чиқариш жараёни пайсалга солинаётганига нисбатан норозилик сифатида айни очлик акциясини бошлаган. Бу ҳақда Отабек Абдувалиевнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда маълум қилди.

- УВКБ ООНнинг олдида очлик эълон қилганман қўлимда плакатлар билан. Ҳалигача тўхтатганим йўқ. Талабларим қондирилмагунча тўхтатмайман.

Озодлик: Нима учун очлик эълон қилаяпсиз? Талабингиз нима?

- Талабим, мана, қайнонам Юсупова Муҳайë учинчи давлатга кетган. Лекин мени кеткизишмаяпти. Бизларни бирга кеткизиши керак эди. Бизларни бу ерда ушлаб туришибди ҳозир. Мени учинчи давлатга нима учун чиқармаëтганининг сабабини тушунтириб беришини хоҳлайман. Бундан уч ой аввал БМТ Олмаота ваколатхонаси бошлиғининг номига ариза билан мурожаат қилганман мен билан кўришишликка, аҳволим нима бўлаëтганини билишликка. Ариза билан мурожаат қилганимга уч ой бўлди. Менга ҳеч қандай жавоб бўлмади. Нима учун менинг ҳуқуқларим БМТ томонидан поймол қилинмоқда? Ҳозир рафиқам ҳомиладор. Ўзимнинг мазам йўқ. Мана шу ҳолатимизда ҳам биз очлик эълон қиламиз. Бир кун олдин мени тез ëрдам олиб кетди. Юрагимнинг мазаси йўқ. Лекин барибир мен тўхтатмайман бу нарсани. Нима бўлишидан қатъий назар, менга эътибор беришларини хоҳлайман.

Озодлик: Мана, очлик эълон қилганингизга 5 кун бўлаяпти. Бирор одам сиз билан учрашдими?

- Кеча учрашишди. Қочқинларни бошқа давлатга кўчириш билан шуғулланадиган аëл бор экан - БМТ ходимаси. “Биз сиз қўйган талабларни кўриб чиқдик”, деди. Мен: “Канада ҳукумат қабул қилганми ëки қилмаганми? Нима бўлаяпти? Янгилик борми? Саккиз ойдан бери наҳот бирор янгилик бўлмаса? Менга маълумот беринглар. Мен шуни сизлардан талаб қиламан”, дедим. Ваҳоланки, менинг бирорта талабимни қондиришгани йўқ. Менга: “Агар очлик эълон қилиш билан бизларни қўрқитмоқчи бўлсангиз ëки Канада ҳукуматини қўрқитмоқчи бўлсангиз, бу билан эриша олмайсиз”, деди. Мен: “Очлик эълон қилиш билан сизларни қўрқитмоқчи эмасман, мен ўз ҳуқуқларимни талаб қилаяпман”, десам, “Биз кўзимизни юмаëтганимиз йўқ. Сиз очликни давом эттирсангиз, давом эттираверинг. Бизнинг унга қаршилигимиз йўқ”, деди.

Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз?

- Мен давом эттираман. Майли, ўлсам, шу ерда ўлаверай. Нима бўлсак, шу ерда бўлаверайлик. Бизлар чарчадик. Асабларим тугади. Менинг ëшим 19 да.

Озодлик: Асли қаердансизлар?

- Мен Андижонданман. Аëлим Тошкентдан.

Озодлик: Нима учун Ўзбекистонни тарк этгансизлар?

- Диний эътиқодимиз учун тарк этганмиз. Мен Қирғизистонда диний сабоқ олганман. Мадрасада ўқиганман. Олмаотага келиб-кетиб ишлаб юрардим. Борган вақтимда мен устимга ридо киярдим. Узун кўйлак кийганим учун мени милиция чақириб, участковойлар чақириб, тинч қўймагандан кейин қочиб чиқишга мажбур бўлганман. Олмаотага келиб топширганимдан кейин икки ой ўтиб, менга қочқинлик статусини беришган. БМТ томонидан қочқин, деб тан олинганман. Департамент томонидан менга рад жавобини беришаяпти. Нима қилишни билмаяпман. КНБ бир неча марта ушлаган. Мана шу 29 қочқин ушлангандан бери КНБ мени 10 маротаба олиб кириб сўроқ қилди. Уже мен чарчадим. Бу нима деган гап? Нима қилайлик, қаëққа борайлик, кимга мурожаат қилайлик, - дейди 19 ёшли ўзбек қочқини Отабек Абдувалиев.

Феврал ойи бошида Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган бошқа бир ўзбек қочқини Аброр Қосимов ҳам очлик эълон қилган эди. Унинг рафиқаси Марғуба Худойберди-Охунованинг Озодликка билдиришича, эри ҳибсхона ходимлари томонидан калтакланганига норозилик сифатида очлик эълон қилган ва Аброр Қосимовнинг калтакланиши оқибатида қовурғаси синган бўлиши гумон қилинаяпти.

Шунингдек, Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган Маъруф Йўлдошев ҳам ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар билан учрашувни талаб қилиб очлик эълон қилган эди.

Маълум бўлишича, Қозоғистон ҳарбий прокуратураси Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган Аброр Қосимов ва Маъруф Йўлдошевларнинг ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар билан учрашишига рухсат берган.
XS
SM
MD
LG