Мухолифатдаги "Эрк" партияси бош котиби Дюсселдорф шаҳрида ўтказилган "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати"нинг таъсис йиғинига таклиф қилинган эди.
Отаназар Орипов Озодлик билан суҳбатда, Германия элчихонасининг унга виза беришни рад қилиши ортида сиёсий сабаблар борлигига шубҳа йўқ, дейди.
- Мен 8 апрел куни Германия элчихонасига виза сўраб бордим. Анкета тўлдириб, уй аъзолари, оила аъзолари, ўзимнинг паспортимнинг копиялари, ҳужжатлар билан бордим. Лекин қўлимда таклифнома йўқ эди. Борадиган жойим маълум эдию, таклифнома йўқ эди.
Озодлик: Қаерга бормоқчи эдингиз?
- Дюсселдорфга. У ерда 2-4 май кунлари бўладиган мажлисга бормоқчи эдим. Документларни қабул қилмади. Фақат анкетани олиб қолди. “Таклифномани олиб келсанг, маблағинг борлиги тўғрисида маълумотнома, иш жойидан олиб келсанг, қабул қиламиз”, деди. Таклифнома келди "Андижон - Адолат ва тикланиш" ташкилотидан. Бу ташкилот Дюсселдорфда жойлашган, ўша ëқда регистрациядан ўтган. Ўшандан таклифнома келди 2-4 май кунлари бўладиган конференцияда қатнашишим учун. Кейин шуни олиб 21 апрел куни бордим. Таклифномани ҳам, бошқа ҳужжатларни ҳам олиб қолди. Виза учун тўловни ҳам тўлаб, “10 кун муддат. 2 май куни келасан”, деди. Кейин 2 май куни бордим. “Элчихона сизга виза бермади”, деди. Қўлимга берди расмий жавобини. Немисча ëзилган расмий жавоб.
Озодлик: Сабабини тушунтиришдими?
- Расмий жавобда “Чақирувчи томон сизни танимайдиган одамлар экан”, деб ёзилган. Чақирувчи томон "Андижон - Адолат ва тикланиш" ташкилоти эди. Ўшанинг номидан келган.
Озодлик: Улар ташкилотчи бўлсаю сиз иштирокчи бўлсангиз, унда нимага рад қилишди? Ўзингиз нима деб ўйлаяпсиз?
- Менинг тушунишимча, кўраяптики таклиф қилаëтганлар ҳам сиëсий нимадаги ташкилот. Ўзбекистондан борган одамлар. Мен ҳам лавозим бўйича партия бош котиби. Мухолифатдаги ташкилот. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати билан жанжал чиқишидан хавфсираб бермадими, деб ўйлайман.
Озодлик: Бошқа бирор давлатга чиқиш учун виза олишда шунақа ҳолатга дуч келганмисиз?
- Йўқ. Мен кўп марта Америкага борганман, Канадага борганман, Норвегия, Полшаларга борганман. Биринчи марта бунақа муаммога дуч келишим.
Озодлик: Нимага айнан Германия шунақа йўлни тутаяпти?
- Германиянинг муносабати яхшида Ўзбекистон ҳукумати билан. Бу ерда яна Германиянинг ҳарбий базаси бор,- дейди мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов.
Ўзбекистонда ҳарбий базага эга Германия 2005 йил ноябр ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокир Алматовга, зеро у ЕИнинг исталмаган шахслари рўйхатида бўлса ҳам, даволаниши учун виза берган эди.
Зокир Алматов ўшанда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатларига кириши ман этилган 12 расмийси рўйхатида эди.
Эслатиб ўтамиз, 2-4 май кунлари бир қатор мухолиф гуруҳларни бирлаштирган "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида учрашиб, Ўзбекистонда президент Ислом Каримовни тинч йўл билан ағдариш йўлларини муҳокама қилган эди.
Йиғинда "Андижон - Адолат ва Тикланиш" ташкилоти, "Эрк" партияси, “Таянч” ҳаракати фаоллари қатнашган.
Уларга кўра, араб давлатларида юз берган ва давом этаётган инқилоблар бунинг Ўзбекистонда ҳам имкони борлигини кўрсатган.
"Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" 25 май куни Берлинда ўзининг биринчи қурултойини ўтказишни режаламоқда.