Озодлик суҳбатлашган оддий ўзбекистонликларга кўра¸ ҳар йили буғдой ўрими пайтида мамлакат бозорларидаги буғдой нархи 50 фоизгача арзонлаб кетар эди. Бироқ бу йил бунинг акси кузатилаяпти.
5 июл куни Ўзбекистоннинг барча вилоятига қўнғироқ қилиб вазиятни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, айни кунларда мамлакатнинг барча ҳудудларида буғдой нархи баландлигича қолаяпти.
- Уннинг бир килоси 1500 сўм, буғдойнинг бир килоси 1000 сўмдан баланд,- дейди бухоролик Жалолиддин ака.
- Халқ қийналиб кетди. Буғдой йўқ, бозорда 1200 сўмгача. Шу нархда ҳам топиш қийин,- дейди сурхондарёлик Олим ака.
- Магазинда ун йўқ. Пул бор, ун йўқ. Тегирмондаги унлар 1300-1400 сўм. Буғдойнинг таги йўқ. Энди қанақа қилиб яшаб бўлади? Магазинда бир ойга киши бошига 1 кило 200 грамм ун бераяпти. Ўша ҳам вақтида бермаяпти,- дейди наманганлик Исоҳжон ака.
- Тоза буғдой 1000 сўм, сал ифлосроғи 800 сўм. Ўтган йили арзон эди. Бу йил уч баробарга қимматлаб кетди. Ўтган йили тоза буғдой 350 сўм, ифлосроғи 250 сўм эди,- дейди қашқадарёлик Жўра Муродов.
- Ҳозир бозорда буғдойнинг бир килоси 900 сўм, 950 сўмгача. Самарқанднинг Оқдарё туманида, кеча бозор шундай нархда бўлди. Тегирмоннинг уни 1300сўмгача,- дейди самарқандлик Мухтор ака.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоийда бир кило буғдой нархи бозорда 1000 сўмдан сотилаяпти. Фарғона, Андижон, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам бир кило буғдой нархи 950-1000 сўм атрофида баҳоланмоқда.
Жиззахлик Азимжон акага кўра, ун ва буғдой нархининг кўтарилиши буханка ва тандир нонларига ҳам таъсир қилаяпти.
- Жиззахда бир буханка нон 700 сўм, тандир нон 600 сўмга кўтарилди,- дейди жиззахлик Азимжон ака.
Наманганлик Исмоил акага кўра, буғдойнинг қимматлиги маҳаллий бозорда Қозоғистон унининг нархи кўтарилишига ҳам сабаб бўлаяпти.
- Дўконларда Қозоғистон унини топиш мумкин. Улар ҳам қимматлаяпти. Бир қоп қозоқ уни 96 минг сўмдан сотилаяпти. Бу жуда қиммат,- дейди Исмоил ака.
Озодлик мухбири суҳбатлашганлар буғдой қимматлиги бошқа маҳсулотларнинг ҳам нархи кўтарилишига сабаб бўлаётганини айтишди.
Масалан, деярли ўн кун аввал 1000-2800 сўмдан сотилаётган сомоннинг прессланган бир тойи нархи шу кунларда Сурхондарёда 6000 сўмгача кўтарилган.
Наманганлик Исмоил ака сўнгги кунларда гўшт нархи ошганини айтиб, буни ҳам буғдой қимматлиги билан боғлайди.
- Буғдой тақчил бўлгани учун нарх-наво қимматлаб кетаяпти. Гўштнинг нархига ҳам таъсир қилаяпти. Бир кило қўй гўшти 16 минг сўм, мол гўшти 14 мингга чиқди,- дейди наманганлик Исмоил ака.
Буғдой қимматлиги бу йил мамлакатнинг жануб вилоятларида қурғоқчилик бўлиб, ёғингарчилик бўлмагани боис буғдой ҳосили кам бўлгани билан изоҳланмоқда.
Қашқадарёлик фермер Жўра Муродовга кўра, бу йил аксар фермерлар буғдой бўйича белгиланган режани бажара олмадилар.
- Бу йил сувсиз, лалмикор ерларда буғдой бўлмади. Сувли жойларда яхши бўлди. Бу йил ёғингарчилик бўлмагани, қурғоқчилик бўлгани учун ҳосил яхши бўлмади. Фермерлар буғдой шартномасини бажара олмади. Бу ҳеч кимнинг айби эмас. Об-ҳавонинг таъсирида шундай бўлди,- дейди Жўра Муродов.
Жиззахдаги “Марҳабо” фермер хўжалиги бу йил буғдой режасини 103 фоизга бажарди. Фермер хўжалиги раҳбари Меҳри Эрматовага кўра, об-ҳаво ёмонлиги фермерларнинг баҳонаси холос.
Фермер аёл мамлакатдаги аксар фермерларнинг буғдой экиш технологияларини яхши билмаслиги ортидан жорий йилда буғдойдан кам ҳосил олинди деган фикрда.
- Буғдой ўзи кўп сув талаб қилмайди. Биринчи навбатда¸ ғаллани яхши кўкартириб олиш керак, иккинчидан вегетация пайтида яхшилаб суғориш керак¸ офтоб урмаслиги учун. Ким буғдойни эккани замоноқ ҳаракат қилиб, суғориб қараган бўлса, буғдойи яхши бўлди. Ким эътибор бермаган бўлса, буғдой ололмади, - дейди фермер аёл Меҳри Эрматова.
Қашқадарёлик фермер Жўра Муродов жиззахлик ҳамкасби фикрларини қўллайди ва буғдой ҳосилининг яхши бўлмаганига ўтган йилги ерларни оптималлаштириш амаллари ҳам сабаб бўлганини айтади.
- Буғдойнинг яхши бўлмаганига оптималлаштириш ҳам салбий таъсир кўрсатди. Оптималлаштириш жараёнида масалан, дейлик менинг ерим бошқага қўшилган бўлса, у ёқда у ишлади, бу ёқда мен ишладим. Уруғни мен олганман. Ва еримни қайтиб олиш ҳаракатида экишни тўхтатиб турдим¸ еримни ажратиб оламан деган мақсадда. У ёқ- бу ёқда ҳужжат қиламан деб юриб, икки ўртада ер қаровсиз қолиб кетди. Бу ерда фермерларнинг ҳам айби кўп бўлди,- дейди қашқадарёлик фермер.
Жўра Муродов бу йил буғдой ҳосили яхши бўлмаганига яна бир сабабни келтиради. Унга кўра, кейинги бир-икки йил ичида буғдой далаларида пайдо бўлган оқбош номли бегона ўт буғдой ҳосилининг чўғи пасайишига сабаб бўлаяпти.
- Оқбош деган бегона ўт бор, у ҳам бошоқли экин ҳисобланади. Ўша ниҳоятда кўпайиб кетди. У чиримайди ҳам. Бир йилдан кейин шудгор тагида қолиб кетса ҳам, яна ўсиб чиқаверади. Унга қарши кураш чоралари ҳам бўлаяпти. Йўқотадиган дори бераяпти. Уни сепган билан фойдаси бўлмаяпти. Оқбош бошида билинмай туради. Арпа буғдойга ишлов бериб, озиқлантирилганидан кейин арпа билан буғдой оқбошнинг тагида қолиб кетади. Оқбош уларни сиқиб қўяди. Ўнта бўри битта қўйга ҳужум қилганидай гап. Собиқ СССР даврида уруғчиликка катта аҳамият берилар эди. Агар бирорта бегона ўт пайдо бўлса, карантин қилиб, қайта комиссия келиб текшириб, қайтадан назоратга олиб, уни кейин яна текшириб сифати назорат қилинар эди. Ҳар бир маҳсулотнинг сифат белгиси тамғаси бўларди. Шу нарса ҳозир деярли йўқ. Улар “назоратдан ўтди” дейди билмадим. Лекин мени ўзим ҳам буғдой уруғи олганман. Уруғ жуда расво эди,- дейди Жўра Муродов.
Ўзбекистон Дон маҳсулотлари ҳиссадорлик компанияси расмийси Комил Пиримов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистонда буғдой ҳосили камлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди.
- Ҳосилдорлик яхши, ёмон эмас. Ишлагани меҳнат қилгани ҳосилини олаяпти,- деди Комил Пиримов.
Озодлик Комил Пиримов билан боғланган пайтида, у Қашқадарёда хизмат сафарида бўлиб, буғдой ўрими вазиятини ўрганаётган экан.
Ундан Қашқадарёдаги буғдой мавсуми борасида сўраганимизда, “Режа бажарилади” деган қисқа жавоб берди, холос.