Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:27

Зилзиладан талафот кўрганлар ҳукуматдан ëрдам кутмоқда


20 июл кунги зилзиладан зиëн кўрганлар¸ ҳозирча ҳукумат ëрдами ҳақида эшитганлари¸ аммо уни кўрмаганларини айтмоқда.


20 июл куни юз берган зилзила оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бaғдод ва Ўзбекистон туманларидаги шикастланган уй-жойлар эгаларига ҳукумат томонидан моддий кўмак берилмаяпти.

Риштонликларга кўра, бузилган уйлар учун ҳукумат томонидан кўмак берилиши ваъда қилинган,бироқ орадан 23 кун ўтган бўлса-да ёрдамдан дарак йўқ.

Риштон тумани Оқер қишлоғининг Олимжон Собиров маҳалласида яшовчи Қаюмжон акага кўра, маҳаллада зилзила оқибатида шикастланган уй эгаларига ҳануз маҳаллий хокимликлар томонидан бирор-бир ёрдам берилмаган.

- Бизнинг ўзимизнинг кўчамизда тўртта бузилган уй бор. Биттасининг айвони, биттасининг ошхонаси шикастланган. Тўртта уйни кўрдик. Лекин давлат томонидан ҳеч қанақа ëрдам йўқ. Ҳозирча бирорта одамга ëрдам бўлгани тўғрисида эшитганимиз йўқ. Ҳукумат тарафидан ëрдам берди¸ деганини эшитганим йўқ. Уйи йиқилганларни рўйхатга олиб, ëзиб чиқиб кетишибди. Лекин ҳеч қанақа ëрдам тўғрисида гап йўқ, дейди Қаюмжон ака.

Риштондаги “Арча” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Аъзам ака хонадони ҳам¸ оила ҳисобича¸ зилзила оқибатида тахминан 2 миллион сўм атрофида зарар кўрган. Аъзам акага кўра, шикастланган уй эгаларига ёрдам беришни маҳаллий ташкилотлар ҳомийлиги асосида амалга ошириш режалаштирилган.

- Бизда ҳозир шикастланган уйларнинг сони, ҳалиги яшаб бўлмайдигани тўртта. Қолганлари 50-60 фоиз шикастланган.

Озодлик: Яшаб бўлмайдиган уй эгалари ҳозир қаерда яшаяпти?

- Ëнида бошқа уйлари ҳам бор-да. Ўзбекни биласиз битта уйга қараб турмайди. Иккита-учтадан уйи бор. Эски қурилган уйлар қулаб тушган. 30-40 йил бўлганлари. Ëнида янги қурилган уйларда вақтинча яшаб туришибди.

Озодлик: Сиз ўзингиз зилзила оқибатида қанча зарар бўлди?

- Мен ҳам 60 фоиз зарар кўрдим. Яроқсиз ҳолга келгани ҳам бор.

Озодлик: Пулга чақса қанча бўлади кўрган зарарингиз?

- 1-2 миллион бўлиб қолади.

Озодлик: Ҳукумат тарафидан бирор-бир ëрдам берилаяптими?

- Ҳукумат томонидан бизга ўхшаганларга ҳомийлар бириктирилди. Сиҳатгоҳлар, қурилиш ташкилотлари¸ дегандай ҳомийларни бириктирди. Ўшалар ҳозир келиб ўрганиб, ëрдам беришга ҳаракат қилишаяпти.

Озодлик: Сиҳатгоҳлар қанақа ëрдам беради? Пулдан ëрдам берадими?

- Билмадим энди. Одам кучи биланми ëки пул беришадими ҳозир ўшани маслаҳат қилишаяпти-да. Аниқ бир нима ҳали келгани йўқ ҳали, деди маҳалла раиси Аъзамжон ака.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 20 июлига ўтар кечаси юз берган зилзила оқибатида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 86 одам жароҳатланган эди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бири микрофонсиз суҳбатда зилзиладан кейи тузилган ҳукумат комиссияси қарорига кўра, қурбон бўлганларнинг оилалари ва уйлари шикастланган фуқароларга ҳукумат томонидан ёрдам ажратилган.

Бироқ ҳокимлик мулозими ёрдам кўлами ва унинг жабрланганларга қачон етиб бориши тафсилотларига тўхталишни истамади.

Зилзиладан зарар кўрганларга ажратилган ҳукумат ёрдами масаласи билан шуғулланаётган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, ҳукумат ёрдамини олаётганлар ҳам бор.

- “Зилзилада қурбон бўлганларнинг оиласига 2 миллион сўм, битта қўй, бир қопдан гуруч, шакар, ун, картошка, сабзи-пиëз қилиб тарқатаяпмиз” деб айтган эди ўша кунлари ҳокимият мулозимларидан бири. Ҳукумат комиссияси, Бош вазир ва бошқа вазирлар келган кунлар эди. Риштон туманида маҳалла раиси бўлиб ишлайдиган бир оғайнимиз бор эди. Унинг гапи бўйича¸ ажратилган ёрдам жабрланганларга берилган, дейди Абдусалом Эргашев.

Озодлик бу ёрдамни олган фуқаролар билан боғланиш имконига эга бўлмади.

“Правда Востока” газетаси маълумотига кўра, Ўзбекистондаги “Камолот” ёшлар ташкилотининг “Бунёдкор” отряди аъзолари икки ҳафта ичида зилзиладан шикастланган 150 та уйни қайта тиклади.

Бироқ риштонликлар билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, “Бунёдкор” отряди аъзоларининг ёрдами ҳақида улар умуман эшитмаганлар.
XS
SM
MD
LG