Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Ўзбекистонлик фаоллардан бирининг ўғли қамалди


Татяна Давлатова.
Татяна Давлатова.

“Бирдамлик” ҳаракати ташкилотнинг Ўзбекистондаги раҳбарларидан бири Татяна Давлатованинг ўғли ҳибсга олинишини унинг сиёсий фаолияти билан боғлаяпти.


Тошкентлик ҳуқуқ фаоли,“Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими раҳбарининг ўринбосари Татяна Давлатованинг ўғли 33 ёшли Юрий Давлатов 22 август куни наркотиклар савдосига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Татяна Давлатованинг ўзи Озодликка маълум қилди.

- Ўғлимга туҳмат қилишди. Милиция, прокуратура уни ортидан бир ой пойлади. Бир йигит Юра унга наркотик сотгани ҳақида айтган эмиш. Ўғлимда ҳеч қачон наркотик бўлмаган. У фақат ичишни яхши кўради. Кечадан бери ўғлим билан учрашишга рухсат беришмаяпти. Бугун мен ўғлимга қийноқ қўллаётгани, уни уриб бўйнига қўйишлари мумкинлиги борасида ариза ёздим,- деди Татяна Давлатова.

Айни пайтда Юрий Давлатов Тошкент шаҳрининг Яккасарой туман Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида ушлаб турилгани айтилмоқда.

Яккасарой ИИБсидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Давлатовага кўра, 22 август куни кечқурун унинг уйида Яккасарой ИИБнинг саккиз ходими тинтув ўтказган.

Яккасарой туман Ички ишлар бошқармаси терговчиси А.Югай Давлатовага тинтув ўтказиш ҳақидаги (муҳрсиз) қарорни кўрсатган.

Тинтув натижасида ҳеч нарса топилмаганидан сўнг протокол тузилган.

"Бирдамлик" ҳаракати ушбу ҳолат бўйича баёнот эълон қилиб, Татяна Давлатованинг ўғли ҳибсга олинганини онасининг сиёсий фаолияти билан боғлади.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими раҳбари Дилором Исҳоқовага кўра, Татяна Давлатова сиёсатга аралашганидан кейин, унга нисбатан босим кучайган.

- Татяна Давлатовага айниқса босимнинг кучайиб кетгани менимча, унинг кўпроқ ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида эмас¸ балки сиëсатга аралаша бошлаганида¸ деб биламан. Чунки эътибор бериб қараб чиқилса, Татяна Давлатова “Бирдамлик” ҳаракатида жуда актив ишлай бошлаганидан бери унга мана шундай тазйиқлар жуда кучайиб кетган. Умуман тинчлиги йўқ ҳозир. Татяна Давлатова ҳозир кўпроқ ҳуқуқ ҳимоячиси эмас, балки “Бирдамлик”нинг раҳбар ўринбосари сифатида кўпроқ иш қилаяпти. Шунинг учун мен ўйлайманки¸ Татянага бўлаëтган ҳамма босимлар айнан унинг сиëсатга аралашиб бошлаганида, сиëсий фаолиятида деб биламан. Маълумки, бизнинг давлатимизда ҳуқуқ ҳимоячиларига барибир озгина бўлса ҳам эркинлик беришади. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиси сиëсатга аралаша бошлаши билан¸ албатта¸ ҳар хил босимлар бошланади, дейди Дилором Исҳоқова.

55 ёшли Татяна Давлатова Тошкентда етти йилдан буён ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда у “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбарларидан бири ҳам ҳисобланади.

Муқаддам Татяна Давлатованинг ўзи Россия 1” телеканалига берган интервюси учун маҳкамага тортилган.

Ўз интервюсида ҳуқуқ фаоли Ўзбекистондаги русийзабонлар "турмуши ёмон"лигидан шикоят қилган эди. Кейинчалик Яккасарой туман суди Татяна Давлатовани “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топиб, 10 миллион сўмлик жаримага тортган эди.
XS
SM
MD
LG