Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:30

Кичик бизнес давлатга валюта сотишдан қутилди


Ўзбекистонда кичик бизнес эгалари экспортдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини давлатга мажбурий сотишдан озод бўлдилар.


Ўзбекистон президенти 24 августда имзолаган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, эндиликда микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилди.

Шу пайтгача кичик бизнес эгалари экспорт қилган маҳсулотлари учун тушган валюта маблағларининг 50 фоизини Марказий банкка сотишга мажбур эди.

17 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланадиган Рамазон Саломов президентнинг янги фармонидан хурсанд.

Навоийдаги “Мурунтай” савдо-ишлаб чиқариш корхонасига раҳбарлик қилаётган Рамазон Саломовга кўра, жорий йилнинг15 августидан бошлаб корхонада сумалак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Яқин кунларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрига сумалак экспортини бошлаётган Рамазон Саломов бир қанча хориж давлатларига ҳам сумалак экспортини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда илк бор сумалак ишлаб чиқаришни йўлга қўйганидан хурсанд Рамазон ака экспортдан тушган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилгани эндиликда бизнесининг ривожланиши омили бўлишига ишонишини айтади.

- Биринчидан, ўзингнинг пулингга ўзинг эга бўласан. Тушган валюта янгиланиш учун, ривожланиш учун ўзингга ишлайди. Шунинг учун мен ўйлайманки, бунинг фойдаси жуда катта. Ўлчаб бўлмайди-да уни фойдасини. Йўл очиб берадиган манба бу. Чексиз у. Нима дейди, йўл очилаяпти. Йўлда қандай ўлчов бўлиши мумкин. Сизни олдингизда бир тупик ëки бир тоғ турган эди. Шу тоғни олиб ташладиларда сизга йўл қилиб бердилар. Қандай ўлчаб бўлади уни фойдасини, Бу чексиз фойда, дейди Рамазон Саломов.

Фарғоналик собиқ банкир Шуҳрат Ризаев президентнинг янги фармони орқали тадбиркорлик соҳасида бирор ўзгариш бўлишига шубҳа билан қарайди. Собиқ банкирга кўра, шу пайтгача айрим вилоятлардаги кичик корхоналарда валюта тушуми деярли йўқ ҳисобда эди.

- Ўзи йўқ нарса бу. Ўзи аслида экспорт қиладиган корхоналарнинг ўзи саноқли. Бармоқ билан санайдиган Ўзбекистон бўйича. Масалан¸ Фарғона бўйича иккита бор эди. Улар ҳам 2003 йилдами 2005 йилдами аниқ билмайман бекилиб кетди. Ўшалар экспорт қиларди. Бундан ташқари менинг билганим Фарғона шаҳрида бирорта ҳам йўқ. Иш фаолиятим давомида бу нарсага гувоҳ бўлганман. Банкларнинг баланс қоғози бўлади-а? Ўшанда валюта тушуми кўрсатилади, лекин мен неча марта кўзим тушган бўлса, бирор марта валюта тушуми борлигини балансда кўрмаганман, деди собиқ банкир.

Президентнинг янги фармонидан кўзланган мақсаднинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш экани айтилмоқда.

Собиқ банкир Шуҳрат Ризаев Ўзбекистондаги бу каби фармону қарорлар, қолаверса, қонунларнинг самарасиз эканлигини айтади.

- Аслида кучли иқтисодчи йўқда Ўзбекистонда. Шунинг эвазига чиқаëтган кўп қарорлар сиëсатга қараб ўзгартирилиб юборилаяпти. Эффект берувчи иқтисодий қарорларнинг ўзи йўқ. Иқтисодга фойда берадиган кўп қарорларимиз шундайки, Каримов олиб бораëтган сиëсатга қараб иқтисодий қарорлар қабул қилинаяпти. Оқибатда бу каби ҳужжатлар фақат зиëн олиб келаяпти, деди собиқ банкир.

Президентнинг янги фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолиятини чеклаётган бир қатор муаммолар ҳал этилмай қолмоқда.

Ҳужжатга кўра, назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари учраяпти.

Шунингдек, кичик бизнес маҳсулотларини ҳудудий ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича амалий механизм йўқлиги қайд этилади президент фармонида.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда кичик бизнес корхоналарининг экспорт ҳажми 300 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
XS
SM
MD
LG