"Ҳомиладор талаба ҳам пахтага чиқсин!?"
Жиззах Педагогика институтининг ҳомиладор талабаларидан ҳам пахта теримига чиқиш талаб қилинмоқда, акс ҳолда улар ўқишдан ҳайдалиш ҳақида огоҳлантирилган.
Бу ҳақда ҳомиладор талабалардан бирининг турмуш ўртоғи, ўз исми-шарифини ошкор қилишни истамаган ҳолда Озодликка маълум қилди.
- Турмуш ўртоғим ҳозир ҳомиладор. Яқинда, декабрда фарзандли бўламиз, Худо хоҳласа. Пахтага чиқа олмайдику. Ҳомиласи олти ойдан ўтиб кетган, пахтага чиқа олмайди. “Пахтага бормасанг, институтдан ҳайдаймиз” деб нима қилишаяпти. Агар чиқмаса 200 доллар пул сўрашаяпти. Мен ўзим ўқитувчиман. Ойлигим 200 доллар эмас¸ 200 минг сўм. “Пахтага бормасанг, институтдан ҳайдаласан. Биринчи курсдан ҳайдалсанг, қайтиб тикланмайсан” дейишаяпти. Нима қилишни билмаяпмиз, дейди Озодликка мурожаат қилган ҳомиладор талабанинг эри.
Жиззах Педагогика институти проректори Неъмат Олимов ҳомиладор талабалардан ҳам пахтага чиқиш талаб қилинаëтгани хабарини қисман тасдиқлади, бироқ унга кўра, ўқишдан ҳайдаш ҳақида таҳдид бўлмаган.
- Тўғриси¸ биз уларни талабалар сафидан чиқармаймиз. Бизда 571 та оилали, ëш боласи бор талабаларимиз бор. Бу ўзи ўзбекчилик. Баъзилари энди фарзандли бўлиб ҳам ўқийверадиган бўлса, улар пахта пайти ўзи чиқмаса, ўрнига яқин қариндошини пахтага жўнатиши керак. Ўзига ҳеч ким чиқ¸ демаяпти. Синглиси, опа-укаси бордир, ёрдам сўрасин, деди Неъмат Олимов Озодлик билан суҳбатда.
"Пахтага чиқмаган пенсионер чироқ ва газсиз қолади"
Тошкент вилоятида¸ Озодлик манбаларига кўра¸ пенсионерлардан пахтага чиқиш ҳақида тилхат олинаяпти.
Тошкент вилоятида яшовчи пенсионер аёлнинг ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда айтишича, пахтага чиқмаганлар хонадонига электр энергияси ва табиий газ берилиши тўхталиши ҳақида пўписа қилинмоқда.
- Пахтага чиқиш борасида уйма-уй юриб қўл қўйдириб чиқаяпти. "Агар чиқмасанг газ ва светни ўчирамиз" дейишди. "Мени газ ва светдан қарзим йўқ. Нимага узасизлар" десам. Пахта мажбурий дейишди. Кўпчилик мажбурликдан пахтага чиқаяпти ҳам. Энди мажбур¸ деб гапиришаяпти. Ҳайронмиз, дейди Тошкент вилоятида яшовчи аёл.
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги қишлоқ фуқаролар йиғинларидан бири оқсоқоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, айрим туманларда оқсоқоллар ташаббуси билан бу каби ҳолатлар бўлаëтганини тасдиқлади.
Айни пайтда бу оқсоқол¸ ўзи яшаётган қишлоқда иккита коллеж ва уч мактабнинг юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилиши муносабати билан пенсионерлар ёрдамига эҳтиёж сезилмаëтганини қўшиб қўйди.
"Юк машинасидаги 60 ўқувчи"
Жиззахнинг Зарбдор туманидаги мактаблардан бири ўқитувчиси Зиёддулла Раззоқовга кўра, ўз ўқувчилари 15 сентябрдан буён пахта теримида.
Раззоқов¸ ўқувчиларининг жуда ёмон шароитларда пахтага жўнатилаëтганини айтади.
- Уларни картошкадек ташияпти. Битта усти ëпиқ грузовой зил машинага 60та ўқувчини ортиб олиб бориб ташлайди. Газда ишлайдиган машина ҳиди чиқиб ётади, нафас олиш қийин. Бечора болалар мажбурда. 8-9-синф ўқувчиларини олиб боришаяпти. Эрта билан олиб боришади, кечки пайт 9гача уйига қайтариб олиб келишади. Ота-оналар болаларни юк машинасида ташиётгани ва пахта ҳақини вақтида бермаётганидан қаттиқ норози бўлишаяпти, деди зарбдорлик ўқитувчи Зиёддулла Раззоқов.
Жиззах вилояти Зарбдор туман Халқ таълими бўлимида котиба бўлиб ишлаётган қизга кўра, бўлимнинг барча ходимлари пахтага сафарбар қилингани боис¸ бу идорада ўқувчиларнинг пахтага чиқарилаётгани борасидаги саволларга жавоб берадиган расмий қолмаган.
"Ота-оналар пул учун боласини пахтага жўнатаяпти"
Жиззахдаги пахта мавсуми борасида мониторинг ўтказган ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроевга кўра, аксар ҳолатларда юқори синф ўқувчилари мажбурий пахта теримига жалб қилинаяпти. Лекин ҳуқуқ фаоли иқтисодий етишмовчиликлар боис ота-оналарнинг ўзи болаларини ихтиёрий равишда пахтага жўнатаётгани ҳам борлигини таъкидлайди.
- Жиззах вилояти чўл зоналари бўлган Пахтакор, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари халқи бошқа туманларга нисбатан, яъни тоғли ҳудудли туманларга нисбатан иқтисодий аҳволи анча оғир. Шундан келиб чиқиб¸ халқнинг асосий қисми ўта камбағал ҳолга келиб қолиш оқибатида болаларнинг ота-оналари, болаларга кийим, китоб, болаларга озгина ëрдам бўлсин¸ деган мақсадда болаларни мактабдан олиб қолиб, ота-оналарнинг ўзлари пахтага юбориш ҳолатлари ҳам учраяпти, дейди Баҳтиёр Ҳамроев.
"Ҳоким дўкон эгасини калтаклади"
Жиззахдаги пахта мавсуми борасида мониторинг ўтказган ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, вилоятда пахта мавсумида нафақат фермерларга балки, барча соҳа эгаларига бирдек тазийқ кузатилаяпти.
- Битта мисол, Пахтакор туманида Навбаҳор жамоа хўжалиги бор. Ўша Навбаҳор жамоа хўжалигида 15 сентябр куни бир қизиқ воқеа бўлиб ўтди. Яъни ҳурматли ҳокимимиз Исмоилов Сайфиддин Умарович Навбаҳор хўжалигини айланиб юрганда бир-иккита магазинлар очиқ бўлган. Магазин очиқлигини кўриб, магазиннинг хўжайинини чақириб “Нега пахта вақтида магазинни очасан?” деб уни калтаклаган. Бу ҳам етмагандай¸ вилоят ҳокими магазиннинг ойналарини синдириб ташлаган, деди Бахтиёр Ҳамроев.
Ҳуқуқ фаоли тилга олган ушбу ҳолат бўйича Жиззах вилоят хокимлигидан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
"Пахта-2011" қурбонлари
Бу йилги пахта мавсуми ҳам қурбонларсиз бўлмаяпти.
Озодлик манбаларига кўра¸ Андижон давлат университети қошидаги Тарих факультетининг биринчи курс талабаси пахта теримида вафот этди. 1-курс талабаси бўлган йигит 4-курс йигитларидан еган калтагидан жон берган.
Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров пахта устида вилоят ҳокимидан дакки эшитгани учун, ўзини осиб ўлдирди.