Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:28

Наманганлик ўқувчилар "ахлат тозаловчи"га айланди


Наманган шаҳар ҳокимининг ўқувчилардан текин ахлат тозаловчи сифатида фойдаланиш ташаббусини бутун республика миқëсига ëйиш уринишлари бошланган.
Наманган шаҳар ҳокимининг ўқувчилардан текин ахлат тозаловчи сифатида фойдаланиш ташаббусини бутун республика миқëсига ëйиш уринишлари бошланган.

12 сентябрдан тузила бошланган "Яшил патрул" отрядлар орқали ўқувчилар шаҳарни аxлатдан тозалашга мажбурланмоқда.


Туман ва қишлоқлардаги тенгқурлари эртадан қош қорайгунга қадар пахта тердирилаëтган айни кезларда Наманган шаҳридаги 11-мактабда тузилган учта "Яшил патрул" отряди болалари ахлат тозалаш ишларига жалб қилинган.

Мактаб директори Одилжон Ҳусановга кўра, отряд аъзолари 12 сентябрдан буён ҳар куни ўқиш билан биргаликда "ахлат тозаловчилар" вазифасини ҳам бажараяпти.

- Биз ҳоким шанба-якшанба кунлари йиғилиш қилганларидан кейин душанбадан бошладик фаолиятни. 12 сентябрдан бошлаганмиз. Дастлаб¸ учта отряд туздик. Учта отрядга биттадан сардорни қўйдик, ҳар бир отряднинг 18 аъзоси бор. Улар маҳаллаларда, мактабга келадиган йўлларда, кўчаларимизда ҳафтада бир марта, шанба куни улар юриш қилади. Унгача ҳар кун эрталаб отряд аъзолари мактабга келаëтганда йўлдаги чиқиндилар - қоғоз, баклашкаларни териб келиб бизда ташкиллаштирилган контейнерларга ташлаб, кейин дарсга кириб кетади. Мактабимизда ҳам танаффусларга чиққанда ердаги ëтган қоғозларни, чиқиндиларни, ҳамма нарсани олиб махсус контейнерларга олиб бориб ташлайди. Кейин контейнерларни махсус бўшатиб келадиган эгаларига берамиз. Энди уни ҳали топширганимиз йўқ. Мақсадимиз мактабимиз ҳудудидаги ўқувчилар келадиган контингентидаги йўлларни эрталаб чиқиб чиқиндидан, қоғоздан, баклашкадан тозалаш, дейди Одилжон Ҳусанов.

Наманган шаҳрининг янги хокими Тўлқин Дадабоевга тегишли бўлган ушбу "ғоя" - ўқувчилардан ахлат йиғиш ишларида фойдаланиш масаласи ўзбек матбуоти орқали кенг ёритилиб, хоким шаънига илиқ фикрлар билдирилаяпти.

10 сентябр куни Тўлқин Дадабоев шаҳар хокимлигида йиғилиш ўтказиб, маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммони ўқувчилар ҳисобига ҳал қилиш масаласини ўртага ташлади.

"Новости Узбекистана" газетаси ёзишича, хоким Тўлқин Дадабоев мактаб ўқувчиларидан иборат "Яшил патрул" отрядлари ташкил қилиш ва улардан ахлат ташиш ишларида фойдаланишни таклиф қилган.

Газетанинг ёзишича, ҳоким Дадабоев бугунги кунда шаҳардаги жами 26 ахлат ташиш машинаси хизматининг етишмаётгани, ҳар куни қўшимча яна бешта машинага буюртма беришга тўғри келаётгани ҳақида гапира туриб, ўқувчилар кучидан фойдаланилса, ахлат ташишдаги муаммо барҳам топиши мумкинлигини айтган.

Ҳоким Дадабоевнинг ушбу "таклифи", аниқроғи буйруғи 12 сентябрдан бошлаб шаҳар мактабларида амалга оширила бошланди.

Наманган шаҳар хокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаевга кўра, бу таклифдан сўнг шаҳар мактабларида "Яшил патрул" отрядлари тузиш бошланган. Бироқ Муродхўжаев бу тадбир натижалари ўқувчиларнинг қанчалик жонбозлик кўрсатишига боғлиқ эканини айтади.

- Уже бошланди. Ҳозир битта-иккита мактабларда уже қўлланилаяпти. Шу нарса ўтган ҳафтадан ташаббус билан чиқиб энди йўлга қўйилаяпти. Қанақа бўлади энди болаларнинг ўзига боғлиқ у нарса, дейди Ғуломжон Муродхўжаев.

Намангандаги мактаблардан бирининг исми айтилилишини истамаган ўқитувчисига кўра, айрим мактабларда "Яшил патрул" отрядлари зиммасига ахлат тозалашдан ташқари бошқа бир қатор вазифалар ҳам юклатилган.

- 2011-2012 ўқув йилида мактабларнинг қошида "Камолот" ташкилотлари ихтиëрида "Яшил патрул"ликка аъзолар қабул қилина бошлаган. "Яшил патрул"ликка 7 ëшдан 14 ëшгача бўлган мактаб ўқувчилари – жамоатчи ўқувчилар, фаол ўқувчилар қабул қилинади. Буларнинг асосий вазифаси шундан иборатки, маҳаллий ҳудудга чиқиб фахрийларга, ногиронларга, ҳар хил оилаларга ëрдам бериш, ҳашар ëрдамларига ўхшаган ëрдамларни бериш, ҳудуд бўйича ободончиликни назорат қилиб бориш, амалга ошириш, кўчада келаётганда ҳар хил ахлатларни йиғиштириб, ахлатхоналарга тўкиб кетишади. Шу билан бирга улар зиммасига мактабнинг озодалигини, ўқувчилар давоматини назорат қилиш топширилган. "Яшил патрул"ларнинг алоҳида ўзининг низоми бор. Бу низом "Камолот" етакчисида туради. "Камолот" етакчилари ўша низом асосида ўқувчиларнинг фаолиятини, фаоллигини бошқариб туради, дейди наманганлик ўқитувчи.

Наманганлик ота-оналар орасида "Яшил патрул" отрядларини қўллаётганлар ҳам, қоралаётганлар ҳам бор.

Улардан бири Алижон Обидов¸ бундай мажбурий-ихтиëрий ташаббусни болалар тарбияси учун фойдали деб ҳисоблайди.

- Масалан¸ кўчада битта нарса ëтган бўлса, олиб кетиб ëки чеккага қўйиб, тозалашга қаратилган бўлса, мен уни қўллаб-қувватлайман¸ яхши ободонлаштиришга. Агар ўқишдан қўйиб жалб қилмаган бўлса, бошқа қилмаган бўлса, йўлингдагини тозалаб олиб кетиб патруллар шуни контрол қил¸ деган бўлса, мен қарши эмасман, дейди Алижон Обидов.

Наманганлик оталардан яна бири Юсуфжон ака эса, бу тадбирнинг бошқа бир жиҳатига тўхталиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга қаршилигини айтади.

- Бу¸ албатта¸ чидаб бўлмас ҳолат. Ëш болалар, қизчаларнинг ахлатхоналарда юриши. Уларнинг ахлатга қўллари тегиши бу эса касаллик тарқалишининг катта манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳар қандай ақли соғлом одамлар ҳеч қанақа бу нарсани қўлламайдику. Асло қувватламайди. Албатта¸ ота-оналар буни танқидий баҳолаймиз. Нотўғри бу, деди наманганлик Юсуфжон ака.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов, ахлат йиғиш ишига жалб қилинган болалар ораси турли юқумли касалликларга чалиниш хавфи кучли эканини эътироф этади.

- Медицина нуқтаи назаридан¸ бу тўғри келмайдиган талаб. Сабаби¸ ҳар битта ëтган ахлатда бир неча хил инфекция бўлади. Булар ҳаво орқали ëки буюм орқали юқадиган инфекциялар бўлиши мумкин. Масалан¸ ачитқи нарсалар ташланса мабодо, улар ҳаво орқали юқади. Ўша ташланган нарсани қўли билан ушласа у, буюм орқали юқади. Инфекция нуқтаи назаридан¸ медицинага тўғри келмайдиган нарса. Бунинг натижасида болаларга турли касалликлар юқиши мумкин. Болага асосан сариқ касаллиги, гепатит дейилади, А, Б, В турлари бор. Грипп инфекциялари ҳам ҳаво орқали юқадиган инфекцияларга киради. Билиб бўлмайди¸ ўша ахлатнинг ичига грипп билан касалланган бемор ëки ўпка сили бемори туфлаб ташлаган бўлса, бола кўтариб олиб келган бўлса, у ҳам юқиши мумкин. Грипп, қизамиқ ҳам юқиши мумкин, деди андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов.

Болалар меҳнатига қарши курашиб келаётган ҳуқуқ фаоллари ҳам Наманганда болаларнинг ахлат йиғишга мажбуран жалб қилинганини қоралаяптилар.

Ўзбекистондаги болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича мониторинг ўтказаётган Берлиндаги "Германия-Ўзбекистон форуми" раҳбари Умида Ниёзова¸ Наманган шаҳар ҳокими бошлаб берган бу ташаббусни Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек болаларидан текин ишчи кучи сифатида фойдаланишининг янгича усули сифатида баҳолайди.

- Ўзбекистон расмийлари доимо ўз муаммосини оддий одамлар ҳисобидан ечиб келади. Балки Наманган шаҳри бюджетида ахлат тозалаш учун пул йўқдир. Наманган ҳокимига ахлат тозалаш учун пулни бошқа жойлардан топишдан кўра¸ болаларни мажбурлаш осонроқда. Бу фактдан келиб чиқадиган бўлсак, Наманган ҳокими болаларни мажбурий меҳнатга ëллаб, болаларнинг ҳуқуқларини поймол этмоқда. Болаларни текин ишчи сифатида ишлатиб, Наманган шаҳрини тозалашмоқчи. Ўзбек болалари энг ҳимояланмаган қатлам Ўзбекистонда. Ҳукумат пахтада бўладими, бошқа жойда бўладими болаларни текин ишчи кучи сифатида ишлатишни ўзига афзал кўради, дейди Умида Ниёзова.

Шу кунларда Ўзбекистонда икки миллионга яқин мактаб ўқувчисининг қулларча меҳнат - пахта теримига мажбурланганига қарши халқаро норозилик тадбирлари давом этмоқда. Жаҳоннинг 60 дан ошиқ йирик кийим-кечак ва савдо ширкатлари болалар меҳнати ҳисобига терилган ўзбек пахтасини бойкот қилишга қарор қилган.

Пахтага юборилмаган шаҳар болаларининг тиббиëт нуқтаи назаридан ўта хавфли - ахлат йиғиш ва ташиш жараëнига мажбурланаëтгани хабарининг болалар ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар эътирозига учрашини тахмин қилиш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG