Яшил картага старт берилди
АҚШ Давлат Департаменти 2013 йил учун “Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар” - Green Card, яъни Яшил карта лотереясига рўйхатга олиш жараёни 4 октябрдан 5 ноябргача очиқ бўлишини эълон қилди.
Америка – “Сеҳрли диёр”да яшаш иштиёқида бўлган ўзбекистонликлар бир ой мабайнида ўз омадларини синаб кўришлари мумкин.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, ўзбекистонликлар 4 октябрь, сешанба куни, Тошкент вақти билан соат 21:00 дан бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Рўйхатга олиш даври 2011 йил, 5 ноябрь, шанба куни, Тошкент вақти билан 21:00 да тугайди.
АҚШ ҳукумати ҳар йили иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун “Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар” дастури орқали АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади.
Ҳар йили дунё бўйича жами 50000 одам ана шундай ҳуқуқни қўлга киритади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, йилдан йилга Америкага кетиш орзусида Green Card лотереясини ўйнаётган ўзбекистонликлар сони ошиб бормоқда.
Икки фарзанднинг онаси Анора ана шундай орзумандлардан бири. Анора 4 октябр эрталабдан Green Card учун электрон равишда ариза топшириш ҳаракатларини бошлади. Мутахасислиги бўйича юрист бўлган Анора Ўзбекистонда яшаш истаги йўқлиги боис лотерея ўйнашга қарор қилганини айтади.
- Мен ўзи юристман. Фарқи йўқ менга қаерда яшашни. Ўзбекистон бўлмаса бўлди. Қаерда бўлса ҳам қонуний яшаш истагим бор. Америками, Норвегиями, Швециями фарқи йўқ менга. Ўша ерда ўқиб мутахассислигим бўйича келажакда малакамни ошириш. Яна фарзандларимнинг келажаги учун. Шунинг учун Green Card га топшираяпман,- дейди Анора.
Анора Ўзбекистонда нима учун яшаш истаги йўқлигини изоҳламади.
Бу йил 4800 ўзбекистонлик Green Card соҳиби бўлди
Жорий йил Green Card ўйини ҳар йилгидан фарқли равишда икки марта ўйналди. Дастлаб 1 май куни ғолиблар аниқланди, бироқ кўп ўтмай компютердаги ноқислик боис лотерея натижаси ҳақиқий эмас, деб топилди.
15 июл куни лотерея қайтадан ўйналди. Ютуқдан мосуво қолганлардан 36 нафари АҚШ Давлат департаментини судга берди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилди.
Лотерея қайта ўйналгач эълон қилинган натижаларга кўра, 4800 ўзбекистонлик океан ортида яшаш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўтган йили лотереяда ғолиб чиқиб, АҚШга кетган ўзбекистонликлар сони эса 5 мингдан ортган эди.
Бу йил Green Card олганлар ўзбекистонликлар сони ўтган йилгига нисбатан камроқ бўлса-да, Ўзбекистон "Яшил карта" олганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўнталикка киради. Собиқ иттифоқ давлатлари орасида эса Украинадан кейин иккинчи ўринда.
Ҳар йили дунё бўйлаб 14 миллионга яқин одам Green Card лотереясида иштирок этади ва улардан фақат 50 минг одамгина океан ортига кетиш имконини қўлга киритади.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида яшовчи 28 ёшли Феруза Юсупова миллионлар орасида омад кулиб боққанлардан бири.
- Биринчи маротаба ўйнашимдаёқ ютуқ чиқди. Мен ўзим кутмаган эдим. Жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Беседадан яхши ўтдим. Кейин менга виза беришди. Орзу қилганман Америкада яшашни. Қариндошларим, ота-онам, ҳаммаси қувонди. “Кетавер. Американинг шароитлари, имкониятлари бу ердан яхши. Қийналмайсан” дейишди. Кетма, дейишмади. "Кўп нарсани ўрганасан, иқтисодий томонлама ҳам яхши бўлади", дейишди. Ҳаммадан ҳам эрим хурсанд бўлди,- дейди Феруза Юсупова.
Ҳозирда бир ярим ёшли қизчаси ва эри билан Америкага кетиш тараддудида бўлган Феруза аллақачон хориждаги ҳаётини режалаштириб ҳам қўйган.
- Режаларимиз кўп. Биринчи навбатда тил ўрганмоқчиман. Инглиз тили курсларига бориб тил ўрганмоқчиман. Машина олиш режамиз бор. Ҳайдовчилик бўйича ўқидим. Хоразмда салонда ишлаганман. Америкада хусусий сартарошхона очиш ниятларимиз бор. Торт, пишириқлар пиширишни биламан. Кичкина бейкери очиш ниятимиз бор. Уни энди бирданига йўлга қўя олмаймиз. Кейинчалик бир-икки йилдан кейин ўзларимиз оëққа туриб ҳаммасини секин-асталик билан. Кейинчалик яна ўқиш ниятларим ҳам бор. Тил ўрганиб, ишга киргандан кейин ҳуқуқшуносликка ўқиш ниятларим бор. Бу энди кейинчалик. Буни бирданига барибир қила олмайман,- деди Феруза Юсупова.
"Барибир кетаман Америкага"
Айрим ўзбекистонликлар Америкада яшаш иштиёқи кучлилигидан йиллар давомида Green Card лотереясини ўйнайдилар. “Бу йил бўлмаса, кейинги йил албатта омад кулиб боқар” деб ҳар йили лотереяда қатнашиш учун ариза топширадиган ўзбеклар ҳам кам эмас.
Чинозлик 39 ёшли Шокиржон ака тўрт йилдан буён Green Card лотереясини ўйнайди. Шокиржон ака Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тўрт фарзандининг келажаги учун Америкада яшашни орзу қилаётганини айтади.
"Мен барибир ниятимга етаман. Бу ерда болаларимни келажаги йўқ. Ўзимга ўхшаб яшашларини хоҳламайман. Америкага боришса уларнинг ҳаёти ўнгланишига ишонаман. Шунинг учун ҳар йили топшираяпман. Болаларим вояга етгунча чиқиб қолар бизга ҳам ютуқ", дейди Шокиржон ака.
"Green Card дан ҳафсалам пир бўлди"
Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи Махсим Назиров ҳам ушбу лотереяни ўйнаган, бироқ ютуқ унга насиб қилмаган.
- Green Card ни ўйнадим. Кейин ютуқ келмади. Green Card га ҳам ишонч йўқда. Масалан 1000тадан бир одам ютса ютади. Ютмаса юта олмайди. 90 фоиз ҳам ишонч йўқ. 10 фоиз ишониш мумкин. Шунинг учун ўйнамай қўйдим. Лекин Самарқанддан кўпчилик ютади. Мен ҳайрон қоламан шу нарсага. Бир акахонимизни биламан самарқандлик. Бирга ўйнаганмиз. Ўша акага ютуқ келди. У кетди оиласи билан. Ҳозир ўша ëқда ишлаяпти, дейди М. Каримов.
Максим самарқандликлар Green Card лотереясини ўйнашда омадли эканликлари ҳақида гапирди.
Унинг бу гапини расмий маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Ҳар йили Green Card ғолиби бўладиган ўзбекистонликларнинг 63 фоизини самарқандликлар, 28 фоизини эса тошкентликлар ташкил қилади.