Аҳоли билан телемулоқотга чиқиб, аҳолини газ бўлмаслигидан огоҳлантирган вилоят ҳокимлари эндиликда аҳолига бу йилги қиш мавсумидан чиқиб олишга ёрдам бериш мақсадида арзон нархда кўмир етказиб беришни йўлга қўйгани айтилмоқда.
Шу кеча кундузда Самарқанд шаҳрининг айрим маҳаллаларида аҳолига бир тоннаси 80 минг сўмдан кўмир тарқатилмоқда.
Бу ҳақда Озодликка ўзини ошкор қилмаган самарқандлик маълум қилди.
- Самарқандда кўмир тарқатишаяпти. Кўчада халта-халта кўмир тушираяпти. Маҳалла комитетлари тарқатаяпти. Энди у ҳам бепул эмас. Пулга. Шаҳарнинг ўзида маҳаллаларда тарқатаяпти,- деди самарқандлик йигит.
Самарқандлик Комилжон Ашуровга кўра, яқинда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев, кейин эса шаҳар ҳокими самарқандликлар билан ўтказган телемулоқоти пайтида, газ етишмовчилиги борасида аҳолидан тушган саволларга жавоб ўлароқ, арзон кўмир ваъда қилишган.
Ҳозирда айрим маҳаллаларда кўмир тарқатилаётгани ҳокимларнинг шу ваъдасига мувофиқ амалга оширилаётганини айтади Комилжон Ашуров.
- Икки-уч кун олдин вилоят ҳокими билан бўлган савол-жавоб, кейин шаҳар ҳокими билан бўлган савол-жавобда “кўмир билан таъминлаймиз, ундай қиламиз” деган гапларни айтган. Одамлар "Газ масаласи қандай, бўлмаяпти, свет масаласи қандай бўлмаяпти" деса иккала ҳоким ҳам газ, светнинг йўлини топмасдан “Яхшиликка умидвор бўлманглар. Керакли кўмирларни олиб қўйинглар” деган гапларни қилганда. Бир тонна кўмир 80 минг сўм. Битта оилада битта печка бўлса, камроқ кўмир кетади. Баъзи оилалар борки, беш тонна кетиши мумкин. Баъзиларига икки тонна етиши мумкин. Энди жами 400 минг сўм жойида. Камида 50 минг билан олиб келади. 450 минг бўлаяпти,- дейди Комилжон Ашуров.
Самарқандлик бир суҳбатдошга кўра, кўмир фақат айрим маҳаллаларда сотилаяпти. У яшаётган шаҳар чеккасидаги маҳаллада одамлар кўмир топа олмай қийналмоқда.
- Кўмирнинг оти бору ўзи йўқ. (Ҳокимият тарқатяпти, деб) айтаверади улар. Қаерда кўмир? Кўмирнинг ўзи йўқ бирор жойда. Ҳаммаси ўзидан маъсулиятни соқит қилаяптида,- дейди самарқандлик суҳбатдош.
Кўмир тарқатиш тадбири водийда ҳам кузатилаяпти. Андижонлик Садрохун акага кўра, кўмир ҳаммага ҳам етмаяпти.
- 86 минг сўмдан кўмир олиб келиб бераяпти. Бир тоннадан беришаяпти. Менга теккани йўқ. Мен ололганим йўқ. Бир-икки марта сўрадим маҳалла комитетига кириб. Менга ўхшаб олмаганлар ҳали кўп,- деди андижонлик Садрохун ака.
Табиий газ таъминотидаги муаммолар боис Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус қарори бўйича жорий йил қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари билан биргаликда аҳоли хонадонларини ҳам оммавий равишда кўмир билан иситиш тизими йўлга қўйилаяпти.