Пенсионер тадбиркор Шораҳмат ака (Тошкент) набираларига ўйинчоқ олиб бермоқчи:
- Бизлар энди пенсионер одам. Нимага сарфлашимиз мумкин? Невараларга у-бу олиб берасиз, бошқа қиласиз. Озгина тадбиркорлик ишимиз бор. Шу ривожланса яхшида. Налогни камайтиришади 5 фоизга дейди. Жуда ҳам яхши. Тадбиркорликда даромадимиз реал ошади тўғри. Пенсияга қўшилгандан кейин албатта ëнингизда ортиқча пулингиз бўлгандан кейин олиб бориб кўчага ташламайсиз. Болаларга, невараларга бирор нарса оласиз.
Драматург Қуронбой Матризаев (Хоразм) ҳали ўйлаб кўрган эмас:
- Мен ҳозир касал бўлиб тўшакда ëтган эдим. Кеча эшитмадим. Телевизор ҳам кўрмадим. Касал бўлиб ëтибман ўзи. Эшитган бўлсам, ўйлаб кўрардим.
Россияда ишлаётган меҳнат муҳожири Орифжон (Андижон) реал даромаднинг кўпайиши нореал, деган фикрда:
- Ўзи етмаяптию қанақасига ошади у? (кулиб) Тушуна олмадим ҳозир. Аслини олганда инфляция деган нарса ниҳоятда ўтиб кетаяпти. Ҳеч қанақа пул топиш, кўпайтириш дош бермаяптию масалан. Борингки, 5 йил олдин 300-400 доллар пул топганимизда, анча нарсага етарди ўша даврда. Бир кило гўшт 8000 тургандир ëки 10 минг тургандир. Ҳозир 16-17-18 минг. Ëки бир кило цемент 75 сўм бўлган бўлса шу вақтда, ҳозирга келиб 280 сўм. Ана энди қаранг. Ҳозир ойлик неча баробар ошаяпти, даромад қанча ошаяптию нарх қанча ошаяпти. Нархни қувиб етиб бўлмаяптию. Даромад ошди деб ҳисобланган билан, мисол учун ўша вақтда 300 долларга ишлаган бўлсам, ҳозир салкам 1000 долларга ишлаган чоғимда ҳам ўша нархни мен қувиб ета олмаяпман. Бир томондан ойликлар, даромад ошганга ҳам ўхшайди¸ лекин нархга нисбатан унчалик ошгани йўқда.
“Менинг даромадим давлатга боғлиқ эмас”, деди Аҳад дорбоз (Фарғона):
- Бизнинг даромадимиз уларнинг кўтариш кўтармаслигига боғлиқмасда. Чунки дорбозлар шартнома билан ишлайди. Давлатга маблағ тўлашадида. Ўшанинг ҳисобига ишлайверади. 25 фоиз давлат ажратиб бизга бера олмайдику. Оилани тўйғизиш керак энди. 9та невара бор. Буларнинг муммоларини ҳал қилишим керак. Бизнинг ëшимиз ўтди. 63га кирдик энди. Одамларнинг асосий даромади рўзғорни қимирлатишга кетади. Бир кило гўшт 18 минг. Энди тасаввур қилаверинг 25 фоиз қандай даромад келтиради.
Рассом Давронбек Йўлдошев (Хоразм) даромадга қўшиладиган қисм ҳам озиқ-овқатга сафрланади, деган фикрда:
- Авваламбор мен давлат идорасида ишламайман. Давлатнинг ойлиги кўтарилгани қайтанга менга минус. Чунки мен хусусий тадбиркор. Мен солиқ тўлайман. Солиғим ошди холос. Даромадим ошмади менинг. Менинг ўзимнинг ҳатти-ҳаракатим, шижоатимга боғлиқ нарса. Давлат менга ҳеч қандай етказиб бера олмайди. Менинг ўзимга боғлиқ нарса у. Ойлик масаласига келсак, 25 фоиз қанча бўлиши мумкин? Минимал ойлик 60 минг атрофида бўлса, 25 фоиз билмадим қанча бўлади, масалан 200 минг сўм оладиган одам учун 50 минг атрофида бўладими? Ҳар ким энди ўзининг нимасига қараб харажат ишлатади. Ойликлар паст бўлгани сабабли 25 фоиз энг биринчи навбатда керак бўлган нарса ейиш-ичиш масаласи, нонга кетса керак.
Тарих фанлари доктори Гога Ҳидоятов (Тошкент) компютер сотиб олмоқчи:
- Биринчидан, компютерга интернет. Иккинчидан, китобларга. Учинчидан, менинг ўзимнинг боғим бор Чорвоқда. Уни ремонт қилардим. Мана шу ўзимнинг эҳтиëжларим.
Тарих фанлари доктори Убайдулла Уватов (Тошкент) қўшимча даромадни маънавиятга сарфламоқчи:
- Албатта, энг аввало мана шу ўзимизнинг оилавий заруратларимизга, биласиз мен энди илм билан шуғулланаман. Китоб олиш, маърифатга, маънавиятга, янги-янги журналларга обуна бўлиш, китоблар олиш, фарзандлар, неваралар бор 10та. Невараларнинг ўқиши, маърифати, хуллас мана шунақа ишлар. Илмга, шу маҳсулотларга сарфлайманда кўпроқ.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов (Тошкент) ҳали ўйлаб кўргани йўқ:
- Энди дўстим мени, эслаганингиз учун раҳмат, энди мен буни ўйлаб кўрганим йўқ. Узр сўрайман, маъқулми?
Исмини айтмаган талаба йигит (Тошкент) қўшимча даромадни хонадонидаги шароитни яхшилашга сарфламоқчи:
- Битта яхши телевизор билан битта яхши холодилник. Ўзимизнинг яшаш шароитимизни яхшилашга янада имкон бўлади 25 фоиз бўлса. Уйимизни яхшилашга, қайта тузатишлар киритиш уйларга.
Газета сотувчи Акрамжон (Наманган) режасини очиқ айтмади:
- Олдин 25 фоиз қўлимга тушсин ўзим биламан нимага сарфлашни. Ҳозирча номаълум. Олдин тушсин. Тушмасдан турибоқ ҳосили олинмаган нарсани олдиндан режа қилиб бўлмайдику. Олдин қўлга тушсин, кўрайлик. Президентлар у ошди бу тушди деган гапи билан бу ëқда аксинча бизнинг ойликларимиз пасайиб кетаяптику.
22 яшар ишсиз йигит (Андижон) гапни қисқа қилди:
- Ҳозирча ўйлаб кўрмабман нима сотиб олишни.
Журналист Малоҳат Эшонқулованинг фикрича, саволимиз ортиқча:
- Биласизми, ҳозир дўконга чиқиб қайтиб келаëтсам, подъездимизнинг эшигига эълон осиб қўйибди. “Квартплаталар яна қанчадир суммага ошди” деган эълон ëзиб қўйибди аҳоли диққатига. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Оллоҳ насиб қилса ҳукуматнинг ўзи берадиган ҳимматни ўзларига коммунал услуга, мажбурий тўловларни тўлаш учун сарфласа керак. Лекин афсуски бу ҳам етмайди. Агар ошса. Чунки бизда битта қизиқ нарса борда. Ошади, дейишади. Агар 10 сўм ошса, 10 сўм ошмасдан бир-бир ярим ой олдин нарсаларнинг ҳаммасининг нарх-навоси 100 сўмга қимматлашиб туради. Шундай экан ўз ўзидан “нимага сарфлайсиз?” деган савол менимча ортиқча бизнинг шароитда.
Яна бир тингловчимиз, бухоролик фермер Иброҳим ака саволимизга жавобан бир латифа айтиб берди.
Генералнинг кўзига аскарлар жуда озғин кўриниб кетибди. Уларнинг тирикчилигини текшириб кўргиси кепкетибдию уч-тўртта аскарни тўхтатиб сўрабди:
- Намунча озғинсанлар?
- Озғин эмас, қотмамиз, ўртоқ генерал!
- Қорин тўйвоттими?
- Тўяяпти, ўртоқ генерал!
- Нима евоссанлар?
- Аввал шўрва ичиб, кетидан манти еяпмиз. Ортиб ҳам қоляпти, ўртоқ генерал!
- Ортганини нима қивоссанлар?
- Ортганиниям ебқўйяпмиз, ўртоқ генерал!