Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:22

Ўзбекистонда милиция ходими ўқитувчидан икки баравар қадрлироқ


Ўзбекистонда милиция ходимлари нисбатан каттароқ маошдан ташқари яхшигина имтиёзларга ҳам эга.
Ўзбекистонда милиция ходимлари нисбатан каттароқ маошдан ташқари яхшигина имтиёзларга ҳам эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати “Фуқароларни пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритди. Бу ҳақдаги хабарларда айтилишича, бундан буён Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистон фуқаролари билан бир қаторда пенсия олишлари мумкин. Қонунга киритилган яна бир ўзгартиш пенсионер вафот этганда унинг оиласи ёки марҳумни дафн этган шахсга тўланадиган нафақага оиддир. Агар шу пайтгача фахрийнинг ортида қолганларга унинг 2 та пенсиясига тенг ақча тўланган бўлса, бундан буён 3 та пенсия миқдорида пул берилади. Қонунга бошқа ўзгартишлар ҳам киритилганки, уларни пенсиясини расмийлаштиришни мўлжаллаб турганлар атайлаб ўрганиб қўйса, фойдадан холи бўлмайди. “Фуқароларни пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган навбатдаги ўзгартишлар ҳақидаги хабар кетидан мухбиримиз ўзбекистонлик фахрийлар олаётган пенсия миқдорига қизиқиб кўрди ва билдики, бу мамлакатда давлат учун энг қадрли одамлар собиқ милиция ходимларидир.

“Энг юқори”дан қуйироқ пенсия


Дастлаб наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов билан гаплашдик.

Озодлик: Ëшингиз нечага чиқди?

- 72.

Озодлик: Неча йиллик стажингиз бор?

- Пенсияга 65 ëшимдан чиқдим. Мен 13 ëшимда колхозда ишлаганман 17 ëшимгача. У ëқ бу ëқ мана чўлларда ишладим. Управляюший бўлиб, бошқа, чўлни обод қиламан деб совхозлар туздим. Бутун умрим меҳнатда ўтди.

Озодлик: Илмий даражангиз борми?

- Кандидат наук.

Озодлик: Қанча пенсия оласиз?

- 360 минг, дейди наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов.

Қанча пенсия олишини фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмоновдан ҳам сўрадик.

- Мен ҳозир 364 минг сўм пенсия оламан. Агар қора бозор курси билан ҳисоблаганда, тахминан 120-130 долларга тўғри келади.

Озодлик: Бу меҳнат пенсияси-а?

- Ҳа. Мен роппа-роса 42 ярим йил узлуксиз меҳнат қилиб, менинг оладиган ойлигим жуда ҳам юқори бўлган, бирданига иккита-учта жойда ишлаганман, шунинг учун энг юқори кўрсаткичдаги пенсия тайинланган. Шу бўйича 364 минг песния оламан, дейди фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмонов.

Водийдаги шаҳарлардан бирининг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимидан ўқитувчилар қанча пенсия олаяпти, деб сўрадик.

- Ўқитувчиларники ўртача 300дан ўтаяпти. 312, 320, 337 мингга бораяпти, деди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходими.

Фарғоналик пенсионер Маъруфжон ака бояроқ нимага асосланиб олаётган пенсиясини “энг юқори пенсия”, деб атаётганига тушунмадик. Чунки унинг ўзи бироздан сўнг бундай деди.


Энг юқори пенсияни экс-милиционерлар олади


- Бозорда бир танишим иккинчи бир одам билан гаплашаëтган экан. Бунга икки-уч йил бўлди. Шу одам фахрланиб гапираяпти. “Менинг электрдан 600 минг сўм қарзим бор экан” дейди. Мен “Шунча қарзингиз бўлишига қарамасдан қандай индамай чидаб электрни ëқиб юрибсиз?” десам, “Мен милициянинг фалон унвовнида бўлганман. Менинг уйимга бирортаси кириб қарзни тўлагин деб айта олармиди” деди. Иккинчи суҳбатдош врач эди. Мен “Ҳарқалай, мени кечирасизу домла одамманда, 600 минг сўм қарзингиз бўлса, пенсингиздан озгина-озгинадан тўласангиз бўлмайдими?” десам, “Бир ойлик пенсиям экан. Тўғри келади” деди. Пенсияга чиққан милиционерлар икки-уч йил олдин 600 минг сўм пенсия олар эди, дейди фарғоналик пенсионер Маъруфжон ака.

Наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов:

- Орган, СНБ, ҳарбий, бошқаларнинг пенсияси академикникидан икки ярим-уч баробар юқори. Оддий сержантиники ҳам. Масалан 13 йил ишлаган сержант 950 минг пенсия олади. У қоровул милиция. Бир ойда уч кун формада турадиган қоровул. Европа мамлакатларимас охран нималар бўлиши. Ҳаммасини милициялар олиб олган, дейди наманганлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов.

Икки пенсионер иқтисодчидан эшитганимиз гапларни водийдаги шаҳарлардан бирининг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходими тасдиқлади.

Озодлик: Энг катта пенсияни кимлар олади?

- Бизда ҳозир асосан чернобилчилар, афғончилар ва қачонки уларнинг оилавий қўшимчалари бўлса, кейин заслуженнийлари бўлса, ўшаларга кўпроқ бўлади.

Озодлик: Ўшаларники қўшимчалари билан неча пулга етиб боради?

- 500га етиб боради заслуженний билан.

Озодлик: Милицияларники билан тенг эканда-а?

- Милицияларникига етиб бормайди фуқароликники. Милицияларники кўп. Хизматига, унвонига қараб уларники кўпроқ юради, дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходими.

Нима учун милиция ходимлари бу қадар қадрли?

Бу савол устида бироздан сўнг бош қотирамиз.

Ҳозир эса,

“Овозингиз чиқмаса кар-соқовлар мактабида ишланг!”


Бу гапни фарғоналик ёши 52 га чиққан ўқитувчи аёл Ҳалима опа врачлардан эшитган.

Опанинг ҳикоясини тўлиқ эшиттиришга қўйишдан олдин шуни эслатмоқчимизки,
“Фуқароларни пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга 2010 йилнинг 22 декабрида киритилган ўзгартишларга биноан III гуруҳ ногиронларига тўланадиган пенсия бекор қилинган эди.

Мана энди Ҳалима опанинг ҳикояси.

- Ўзим ўқитувчи бўлиб ишлаганман. 24 йилда лорингоспазма билан группага чиққанман. Овозим чиқмай қолганда. Дарс ўтишга рухсат йўқку. Ўқитувчилар ахир гапирганимизга пул оламизку. Ундан ташқари буйрагимдан икки марта операция бўлганман. Қисқаси касалликларим ниҳоятда кўп, букет бўлган. Иккинчи группада юрган эдим. Мана шу сафар ВТЭКка борганимда бешта болницанинг випискаси, бешта амбулаторний випуска бор эди. Борсам, ҳар йили через Тошкент проззаболиваниеда ëтаман. Борсам, бундай қараб туриб “Сизнинг группангизни снимат қиламиз” дейишди. “Ҳолатим шунақа” десам, “Кўринишингиз бир яхши. Ишласангиз бўлаверади” дейишди. “Мен ишлай олмайман. Тем более бўрга аллаергиям бор” десам, “Боринг ана глухонемойлар мактабига бориб ишланг. Ўқитувчи экансиз тем более. Бу просто издевателство бўлдида. Кейин учинчи группага туширишди, дейди Ҳалима опа.

Қисқаси, ўқитувчи Ҳалима опа пенсиядан маҳрум бўлди. Шу кунда ишламоқда.

Фақат мактабда эмас, соғлиғи кўтарадаган бир идорада.

Фарғоналик Ҳалима опа пенсиясидан маҳрум бўлган ягона ўзбекистонлик эмас ва бу ҳақда Озодлик бир неча бор чиқиш қилган эди.

Коррупция заҳри


Шуни ҳам айтиш керакки, Ҳалима опа ва унга ўхшаган II гуруҳ ногиронлари бу масалада ўтказилган ўзига хос кампания қурбони бўлдилар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев гапиради.

- Пенсия ëшига етмасдан соғлиғи туфайли пенсияга чиққан пенсионерларнинг пенсия хусусиятлари ўрганиб чиқилиб, икки йилнинг ичида жуда кўпчилик, пенсия олиб келаëтганларнинг кўпчилиги пенсиясидан маҳрум бўлди. Ҳатто кўпчилигидан ундириб ҳам олинди. Мана шу бўйича кўпчилик шикоят қилиб келди. Айниқса оддий, содда одамлар. “Хотиним фалон йили пенсияга чиққан эди. Мана 12 йил пенсия олган экан. Ҳозир қайтариб оламиз дейишаяпти. Унда айб нима?”, “Нима бўлган эди?”, “Биринчи группа инвалид эди”, “Нима қилишди?”, Чақиртиришиб, докторлар текшириб кўришса, унақа касаллиги йўқ экан”, “Ноқонуний олинган эканда”, “Ўша пайтда шуни қилиб берган одамга пул тўлаганмиз” деган гапларни қилишиб, Ўзбекистондаги маълум бир вакуумдан фойдаланиб қолган кўпчилик. Вакууммас энди коррупция ривожланганлигидан фойдаланиб қолган одамлар бўлган, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистонда мана бир неча йилдирки, фуқароларни пенсия билан таъминлаш тизими ислоҳ қилинмоқда.

Лекин, мутахассислар фикрича, ислоҳнинг ўзи ислоҳга муҳтождир.

Махсус ҳужжат ҳимоясидаги ҳимоячилар


Наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов у ёки бу соҳа вакилларига тўланаётган пенсиялар миқдори ўртасидаги дисбалансга эътиборимизни қаратса, (ўқитувчилар ва милиция ходимлари пенсиялари ўртасидаги 2-3 бараварли фарқ) тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Владимир Ҳусаинов яна бир қатор муаммоларни тилга олди.

Ҳусаиновнинг фикрича, бу соҳада ислоҳот ўтказилаётганини олқишлаш мумкин.

- Бироқ, кейинги йилларда пенсияни расмийлаштириш жараёни жуда чигаллаштириб юборилди. Одамлар ўзлари ишлаган иш жойлари чиндан ҳам мавжуд бўлгани тўғрисида архивлардан маълумотномалар олиш учун ойлаб сарсон бўлмоқда, иккинчидан ногирон пенсионерларга тайинланган пенсиялар тинимсиз тафтиш қилинмоқдаки, кўпчилик пенсиясиз қолмоқда, дейди Хусаинов.

Милиция ходимларининг пенсияси бошқаларникидан кўпроқ эканлигини тушунтирар экан, Владимир Ҳусаинов бундай деди.

- Ўзбекистоннинг пенсия таъминотига доир қонунлари кўп босқичлидир. “Фуқароларни пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун барча фуқароларга тааллуқли эмас. Прокуратура ва милиция ходимлари, ҳарбийлар ва бошқа куч ишлатар идоралар ходимларига пенсиялар алоҳида бошқа ҳужжатга биноан тайинланади, деди бу масалани яқиндан ўрганган тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Владимир Ҳусаинов.
XS
SM
MD
LG