Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Қуюшқон


Кеча телевизорни кўриб ўтириб, бир кадрдан юрагим “шиғғ” этиб кетди. Шиғиллаган юрак қишнинг қаҳратонида кўкариб кетган сўл қўлида чинни сиёҳдон кўтариб, кўкариб кетган ўнг қўлида қулфи ялтироқ сўмка кўтариб кетаётган болани - 60-йиллардаги ўзимни эслади.


Ана, китоб жавонида ҳали сиёҳдон нималигини билмаган ёшимдан ёдгорлик - сурат - неварамнинг ёшидаман, опамнинг қўлидаман, опамнинг, атрофидаги ўртоқларининг бошларида ироқи дўппи.

Ўрнимдан турдим. Жавон олдига бордим. Суратни қўлга олдим. Силадим-артдим. Ичкарироққа, хавфсизроқ жойга қўйдим: тушиб кетмасин, тушиб кетиб, неварам йиртиб қўймасин...

...................................................................................................................

“Телевизор”нинг ўтган галги сонини тайёрлаётиб “Ахборот” бошловчисининг битта сўзни нотўғри ишлатганидан жаа, йўғ-э, жуда ҳам хапаўпкетувдим, йўғ-э, хафа бўлиб кетган эдим.

Бошловчи Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган воқеа – мажлис тўғрисидаги телесюжетга кириш сўзи ўқир экан, жумладан, мана бундай деган эди:

“Унда мамлакатимиз президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. Ҳозир эътиборингизга ана шу воқеликка бағишланган махсус кўрсатувни ҳавола қиламиз”.

Бу гапни эшитиб, “воқеа” билан “воқелик”нинг наҳотки фарқига бормасалар, деб тирсагимни тишлашга уриниб юрувдим, йўғ-э, юрган эдим, кеча кўнглим кемтиги тўлди.

Ўзбеклар равон ва бехато гапира бошлабдиларки, она тилимизнинг истиқболи тўғрисидаги хавотирларим тонгги шудрингдай эриб кетди.

Телевизордан равон ва бехато гапирадиганлар шу қадар кўпайибдики, улар ўртасида томошабин танлови ўтказишга тўғри келди.

Ўзбекистон ТВсининг 1 феврал кунги эфирида ўзбекча равон ва бехато гапириш бўйича бизнинг наздимиздаги танловда Жиззах вилоят “Сувоқава” ишлаб чиқариш бошқармаси бош муҳандиси Парда Шукуров учинчи ўринни эгаллади.

“Трансчегаравий дарëларнинг юқори қисмида жойлашган давлатлар сув меники деган масалани илгари сурмоқдалар. Улар бутун БМТ томонидан қабул қилинган меъëрий ҳужжатлар, олайлик шу трансчегаравий дарëлар ҳудудларида қурилиши мўлжалланган объектлар, уларнинг бугунги кундаги геологик ҳолатлари, гидрогеологик ҳолатлари, сув балансларини ҳисобга олмаган ҳолда, ўзларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда катта-якатта гидроиншоотлар қуришни давом эттирмоқдалар. Бу албатта келажакда нафақат Ўзбекистон бутун Марказий Осиë минтақаси учун жуда ҳам бир хавфли вазиятга олиб келиши мумкин”.

Парда ака ўз нутқида қўшма гапларни қўша-қўша ишлатганига қарамай, нутқ ирод этар экан, гапириш оҳангидаги сўзлашув тилига хос сакталикларга йўл қўйгани туфайли учинчи ўрин билан қаноатланишига тўғри келади.

Иккинчи ўринни Тошкент шаҳар ИИББ ҲООБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Акромовга бердик.

“Ички ишлар идораларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида шунингдек аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида фаолият кўрсатиб келаëтган милиция таянч пунктларини алоҳида таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўларди. Милиция таянч пунктларини ташкил этилгандан сўнг ислоҳотлар давомида мана шу милиция таянч пунктларида фаолият олиб борилаëтган профилактика инспекторларининг сони ҳам сезиларли даражада кўпайтирилди. Эндиликда профилактика инспекторлари нафақат мана шу жойларда ҳуқуқбузарлик ëки жиноятга оид ҳужжатларни расмийлаштириш балки аҳоли ўртасида қанақадир бир уларнинг ҳуқуқий билимларини янада сезиларли даражада ошириш, уларни мана шу айниқса ëшларимизни мунтазам равишда спорт ва бошқа ижтимоий фойдали машғулотлар билан банд бўлишларини таъминлаш борасида вазифалар юклатилди”.

Иккинчи ўринни олган Дилшод Акромов ҳам ўз нутқида қўшма гаплардан фойдаланишни ўзлаштириб олганини, нутқ ирод этар экан, ундан меъёрий ҳужжатлар ҳидини бурқсита олиш ҳадисини ўзлаштирганини сездик.

Бироқ Дилшодбекнинг “милиция”, “ҳуқуқбузарлик” каби айрим сўзларни Ўзбекистон телевидениесини қониқтира оладиган даражада талаффуз эта олмаслиги уни фахрли биринчи ўриндан маҳрум қилди.

Уни, яъни Биринчи ўринни биз сенатор Мансур Йўлдошевга бердик.

“Мева-сабзавот маҳсултолари 2011 йилда дунëнинг 14дан ортиқ мамлакатига экспорт қилиниб, бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бораëтган бўлса-да, конференция қатнашчилари мамлакатнинг экспорт салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаëтганлигини қайд қилиб ўтдилар. Дарҳақиқат, юртбошимиз экспортга мўлжалланган маҳсулотларни етиштириш, айниқса уларни қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалиги иқтисодиëтида барқарор ўсиш кафолати бўлиш ҳақида ботма бот гапирган эдилар”.

Сенатор Йўлдошевнинг нутқини эшитар эканман, “қанийди мен ўқувчи бўлсаму у киши ўқитувчим бўлса, диктант ёздирсаю мен ёзиб “5” олсам”, деб орзу қила бошладим.

Ана сизга лексикаю мана сизга синтаксис, ана сизга морфологияю мана сизга оғзаки нутқда ҳам пунктуация талабларига риоя қилиш!

Жаноб Йўлдошев сенатор бўлгунича қай касб билан банд бўлганини билмадигу лекин Олий Мажлисдан кетганларида нутқ маданиятидан дарс берсалар бўлаверади!

Бири биридан равон, бири биридан бурро, худди китоб ўқиётгандай гапираётган бу амалдорларни эшитиб ўтирдиму ўзимни бахтиёр сезишим учун менга нимадир етмаётганини сезиб қолдим.

У ёнимга қарадим. Бу ёнимга қарадим. Туриб кўрдим. Ўтириб кўрдим. Чекиб ҳам тополмай қўйдим.

Ва бирдан топдим: ҳаво етишмаяпти экан. Ҳаво!

Телевидение мени совуткичнинг токчасидаги тухумлардай бир-бирига ўхшаш сюжетлари, сюжетларнинг матнлари, бир-бирига ўхшаш синхронлари билан қуюшқоннинг ичига тиқиб қўйганини сездим.

Қаердасиз Қаҳҳор бобо?!


Агар ҳаёт бўлганингизда “Қуюшқон”нингиз ҳикоядан рўмонга айланиб кетармиди бугун?!

Ҳаво қани? Ҳаёт қани?

Ҳаёт йиғилишлардангина иборатми? Кечаги “Ахборот”даги 6 та сюжетдан 5 таси Ўзбекистонга оид. Ҳаммаси йиғилишлар, мажлислар, давра суҳбатлари тўғрисида!

...................................................................................................................

Ироқи дўппили қизларни “Ахборот”дан кейинги “Эл тинчлиги йўлида” кўрсатувида кўрдим.

Кўзларим қувнади.

Болалигимни эсладим. 60-йилларни.

Суюнгандай бўлдим.

Суюнгандай, холос.

Суюнгандай, холос.

Суюнгандай, холос...
XS
SM
MD
LG