“Ёнмаган чироққа пул сўраб келишди”
Озодбекнинг айтишича, “Эркин микрофон”га мурожаат қилишга уни 9 феврал кунги дастуримиздан жой олган бир хабар ундаган.
Кечаги дастуримизда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши, газ ва электр таъминотининг йўқлиги боис вилоятнинг Яккабоғ тумани марказий касалхонаси беморларни қабул қилишни тўхтатгани тўғрисида хабар қилган эдик.
Чироқчилик Озодбекнинг айтишича, у яшаётган тумандаги касалхоналар ҳам совуқ.
Озодбекка Чироқчи чироқсиз эканлиги тўғрисида бир неча хабар қилганимизни айтдик.
У аҳолига етарли берилмаётган электр энергияси учун пул қандай ундирилаётгани тўғрисида айтиб берди.
- Маҳалладан битта одам юрибди, иккита назоратчи, битта кассир, битта назоратчи, милициядан одам юрибди, докторлар юрибди. Бизникига ҳам келди. Сентябр ойида бизлар уйимизга ҳам, сув насосимизга ҳам тўлов қилганмиз. 150 киловаттдан тўлаганмизда. Уйники тўлаган тўловимиздан энди 35 киловатт ишлаганда. 75 киловатт тўловдан ташқари ишлаган. Бизлар олдиндан тўлов қилиб қўйганмиз. Шундан ташқари ишлаган. Бизларга “37 минг қарзларинг бор” деб келаяптида. Мен ҳисоблаб, калкуляторга ташлаб “мана шундай бўлади” десам, 37 минг сўмга бормаяптида бизнинг қарзимиз. 4500 сўм бўлаяптида. “37 мингни қаердан олиб бизларга бундай қарздорлик ëзиб келаяпсизлар?” деб бир-икки қаттиқ гапирганимда боягилар қочиб чиқиб кетди.
Озодлик: Ҳайдасангиз кетишавердими?
- “Э боринглар. Текширтиринглар. Бизларга қарздорлик келмасин. Бизлар Чироқчидан келган. Бизлар шунинг учун юрибмиз” деяптида. Кейин кетди. Қаëқдан олиб ëзди бу пулларни билмадим, дейди чироқчилик Озодбек.
“Эҳтиёт бўлинг, дугоналар!”
Бошқа бир суҳбатдошимиз эса, “Эркин микрофон” билан скайп орқали боғланар экан, 9 феврал кунги дастуримиздан жой олган яна бир хабар юзасидан фикр билдирди.
8 феврал куни Жанубий Кореядан сим қоққан ўзбекистонлик йигит юртдоши бўлган аёл жинсий ва жисмоний тажовуздан қочиб олдига ëрдам сўраб келганини маълум қилган эди ва бу хабар кетидан борган мухбиримиз тайёрлаган мақола “Сеулдаги ўзбек қизи ўз ватандоши зўрлаганини айтмоқда” сарлавҳаси остида эълон қилинганди.
Ўзини Феруза, деб таништирган аёл Кореяда юрган баъзи ўзбекистонлик йигитлар ўз ватандошлари бўлган аёлларга, уларнинг ҳимоясиз эканлигидан фойдаланиб, жинсий тажовуз қилишлари мумкинлиги эҳтимоли катта, деб ҳисоблашини айтди.
- Мен Кореядан телефон қилаяпман. Asilboy001 билан Гулмира ҳақида. Аëлми, қизми ҳақ гапни гапираяптию. Бу ерда бўлаëтган гапни гапираяпти.
Озодлик: Сиз билан шунақа воқеа бўлганми?
- Менда у воқеа бўлмагану, лекин бор нарсани гапираяпти. Битта ишга жойлашиш учун ҳам масалан нолегал аëлларга албатта, мен Интернетда кўпроқ ўтираман, сўрашганда айтаман, “Сизларга аëл керакми ë иш таклиф қилаяпсизларми? Сизлар иш таклиф қила олмайсизлар, иш топиб бера олмайсизлар. Сизларга аëл керак. Шунинг учун иш бор деяпсиз. Ëлғон гапирманг”. Ҳозир Асилбойнинг номерини топиб телефон қилаяпманда. Телефонини олмаяпти.
Озодлик: Яъни сиз Кореяда ҳеч ким иш топиб бера олмайди демоқчисиз?
- Энди таниш-билиш билан ўзи ишлаëтган компаниясига чақириб иш топиб берса бўлади. Лекин у болалар шундай болаларки, улар аëл кишини аëл ўрнида кўрмайди. Билишмайди аëл нима сабабдан Кореяга, четга чиқади. Сабаби ë оиласи бўлмайди, ë оиласи ўлиб қолган, ë ажрашиб қолган. Ўша сабабли ўзбекистонлик аëллар четга чиқади.
Озодлик: Сиз Кореяда неча йилдан бери ишлаяпсиз?
- 5 йил бўлди.
Озодлик: Қаерликсиз?
- Сир қолаверсин.
Озодлик: Нима учун келгансиз Кореяга?
- Турмуш ўртоғим йўқолган. Иккита фарзандим бор. Мен уларни қандай боқишим керак? Иш йўқ. Иш топиб бера олмайди.
Озодлик: Кореяда нима иш қилаяпсиз?
- Кореяда семиз аëллар кўпроқ озишни хоҳлайдида. Санаториядай жой. Ўша ерда ишлайман.
Озодлик: Ким бўлиб ишлайсиз?
- Ҳам медсестра, ҳам уборшица, битта компанияда битта ўзим ишлайман. Бировнинг уйида уч этаж қилиб қилган.
Озодлик: Четга чиқаëтган қизларнинг ҳаммаси бузуқ, уйида ўтирса бўлмайдими, деяëтганларга гапингиз борми?
- Албатта. Ўшаларнинг оиласи бузуқ. Шунинг учун шу гапни айтаяпти. Ҳеч ким бузуқчилик қилишга ë ўзининг хўжайини бор аëл умуман четга чиқмайди. Бу ерда ҳаëтдан қийналган, эри ташлаб кетган аëллар келаяпти.
Озодлик: Кўп кўраяпсизми шунақаларни?
- Кўп кўраман. Ҳамма ўртоқларимни эри ташлаб кетган. Эри ўлиб қолганлар келаяпти Кореяга. Менинг эрим Ўзбекистонда 24 ëшимда рак туфайли ўлиб қолди. Иккита болам билан қолганман, дейди Жанубий Кореядан Skype орқали боғланган Ферузахон.
“Эркин микрофон” билан Жанубий Кореядан Skype орқали боғланган Ферузахон суҳбат адоғида Кореяда ва умуман Ўзбекистондан ташқарида юрган миллатдошлари – хотин-қизларни ўзлари эҳтиёт қилишга чақирди.
****************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.
Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!