Қандай қилиб қадрига етишимиз керак?
Пистани чақсак етган бўламизми, чақмасакми қадрига?
Заҳардан ҳам қиммат хандон пистага пулимиз етмасачи?
Кўрсаям, кўрмасаям бўлаверадиган томошадан пайдо бўлган Сенекабоп бу фалсафий саволлар устида бош қотириб ўтирувдим жорий қишнинг энг долзарб муаммосига бағишланган кўрсатув бошланиб кетди.
Шу жойдан бошлаб, ҳазил-ҳузул, кесатиқ-месатиқ, киноя-пиноя кутманг.
Гап жуда жиддий бўлади.
Коммунал хизматлар ҳақини тўлаш интизоми билан боғлиқ муаммоларни ёритишга бел боғлабди “Нигоҳ” кўрсатуви муаллифлари.
Кўрсатувнинг бошроғида кўрсатилган тошкентлик уй бекасининг “Бир ҳафталаб совуқ сувимиз бўлмади. Иссиқ сувда қўлимиз куйиб идиш ювдик. Нима иложимиз йўқ” деб зорлангани кулгингизни қистатишини айтмасангиз, муаллифлар анча меҳнат қилгани кўриниб турибди.
Анчайин ҳақиқатлар ҳам айтилди.
Анчайин холос.
Худди шу мавзуда тунов куни бир хос суҳбат чоғида соҳани ипидан игнасигача биладиган мутахассис танишим айтган гапларнинг айнан ўзини эшитдим кўрсатув муаллифларидан.
Мутахассис, айтувдики, газ, сув, иссиқлик фақат постсовет мамлакатларида ХИЗМАТ ҳисобланади.
Бошқа юртларда газ, сув, иссиқлик ТОВАРдир.
Худди шу гапни кўрсатув муаллифлари мана бу тарзда бердилар.
- Бир дона гугурт, бир дона шамингиз неча сўм?
- 650 сўм бўлади ака.
- Шуни қарзга беринг. Топганда бераман.
- Акажон, бизда қарзга берилмайди. Хоҳланг нақд пул беринг, хоҳланг пластик беринг. Лекин қарзга йўқ ака.
“Гувоҳи бўлганингиздек дўкондан пулини тўламасдан ҳеч нарсани харид қила олмайсиз. Аслида хизматлар ҳам шундай. Худди уяли телефон пули тугаган заҳоти ўчганидай. Яна бир гап. Дунëнинг ҳеч бир ерида биздагидай бу хизматлар насияга берилмайди. Олдиндан ҳақ тўлаб сотиб олинади”.
Афсуски, масаланинг ўзак томири ушландию изланиш шу нуқтадан бошланмади.
Изланиш нуқтаси сифатида эса, мана бу "постулат" келтирилди.
“Холисона айтиш керакки, мамлакатимизда коммунал соҳани ривожлантириш, аҳолига қулайлик ва шарт-шароитлар яратиш борасида кўплаб ютуқ ва муваффақиятлар қўлга киритилди. Энг муҳими мазкур хизматлар билан боғлиқ мукаммал тизим яратилди”.
Йўқ, фикри ожизимча, бу фикр ХОЛИСОНА фикр эмас.
Бу фикр доимий ПРОПАГАНДИСТИК фикрдир.
Агар кўрсатув муаллифлари айтаётгандай, чиндан ҳам МУКАММАЛ ТИЗИМ бўлгандайди, кўрсатувни тайёрлашга ҳожат қолмаган бўларди.
Айбни тўлалигича истеъмолчига ағдардилар, келтирилган постулатдан келиб чиқиб айбни бошқа жойдан излашнинг иложи ҳам йўқ эди.
Тўғри, истеъмолчидаям айб бор. Хос суҳбат чоғида мутахассис ҳам айтди бу гапни. “Ўзбек, деди у, ёз кунлари гугуртни тежаш учун газни ўчирмайди”.
Ўзим ҳам кўрганман шунақа хонадонларни. Газ кечаю кундуз ёниб ётадиган хонадонларни.
Тарвузни совутиш учун ўзбек кранни очиб қўяди. Оқиииб ётаверади сув...
Тўғри, кейинги йилларда газҳисоблагичлар, сувҳисоблагичлар ўрнатилаяпти. Лекин Озодлик тингловчиларининг такрор-такрор айтишларича, ҳақдор ташкилотлар ўзлари ўрнатган ҳисоблагич кўрсаткичини ўзлари тан олмайди.
Катта-катта қарзларни ёзиб, ёнида мелиса билан кириб келаверади хонадонга.
Чунки, ҳақдор ташкилотлар раҳбарлари ўзларининг, дўстларининг, катталарнинг, просто яхши лекин керакли одамларнинг, хўжайинларнинг ошхонаю ресторани, оҳак заводию ғишт заводи, иссиқхоналарию совуқхоналарига “совға” қилиб юборгани газнинг ҳақини ундириши керак.
Тўғри, ҳукумат бу соҳада кураш бошлагандай. Мутахассис танишимнинг хос суҳбат чоғида айтишича, ўтган йилдан бери биргина Фарғона водийсида ўнлаб газчи амалдор қамалиб кетди.
Лекин газ барибир йўқ. Электр энергияси барибир тақчил. Чунки ТИЗИМ МУКАММАЛ эмас.
Тўғрироғи, жорий тизим КОРРУПЦИЯНИ УРЧИТАДИГАН МУКАММАЛ ТИЗИМДИР: қамалган ўғри ўрнига янгиси келади ва у ҳам...
Бундай шароитда “Нигоҳ” кўрсатувини мукаммал тайёрлашнинг иложи йўқ эди.
Тушунаман.