“Қишлоғимизда икки қиз ўзини осиб қўйди”
Бу машъум хабарни Андижон вилояти, Булоқбоши туманида яшовчи тингловчимиз Нишонбой ака етказди.Унинг айтишича, сўнгги 10 кун ичида бири 19, иккинчиси 20 га кирган икки қиз ўз жонига қасд қилган.
Ҳар иккала қизнинг бошига муҳаббат савдоси тушган. Ота-онаси қизларни ўзлари танлаган йигитларга бермаган.
Нишонбой ака билан у киши етказган хабардан кейинги мулоқотимиз бундай кечди.
Озодлик: Сиз айтаëтган воқеалар сиз яшаб турган Булоқбошининг ўзида бўлдими? Сиз ўша марҳумаларнинг таъзиясида қатнашдингизми?
- Ҳа. Жаноза ўқилди. Кўмилишида иштирок этдик. Ундан кейин эртасига фотиҳага бордик.
Озодлик: Булоқбошида ота-оналар шу қадар золим бўлиб кетдимики, қизлари ўзлари хоҳлаганга бермаяпти ва натижада улар ўзларини ўзлари осаяпти.
- Йўқ, ундай эмас. Энди бу ерда сизга тушунтирсам, бу тушунмаслик оқибати холос. Ота-оналар тушунмасликлар, ўзига ўзи шу даражага етишига ақли етмаган. Ота-оналарга мана шунақа қиламиз деб айтмаган улар. Булар асли ота-онага аччиқ қилиб қилади. Ота-она золим эмас ҳеч қайсиниси ҳам. Фарзандига нисбатан золим бўлиш жуда қийину, лекин тушунмаслик оқибатида бўлган холос.
Озодлик: Шу бўйига етган қизлар ўзларининг жонларига қасд қилмасликлари учун қандайдир насиҳатингиз бордир. Айтинг.
- Албатта. Бир нарсани қизлар билиши керакки, аëл ëки эркак ўз жонига хиëнат қилганликда айбланса, у дўзах бўлади. Ўзини ўзи осган одамнинг жанозаси буюрмайди деб эшитганмиз. Лекин иложи йўқ, ўқилади. Ëш қизлар иложи борича ëмонликдан ўзингларни тортинглар, иложи борича сақланинглар, дейди Нишонбой ака.
“Олий ўқув юртлари битирувчиларига иш йўғ-у...”
Ғаллаорол туманида яшовчи 74 га кирган пенсионер ўқитувчи Набижон ака Жўраевни кечаги дастуримиздан жой олган бир эшиттириш тўлқинлантирибди.“Талабаларнинг давлат ғазнасига "зарари" камайтирилмоқда” сарлавҳаси остида сайтимизда эълон қилинган ўша эшиттиришда гап Ўзбекистон ўқув юртларида маблағни тежаш мақсадида амалга оширилаётган чоралар тўғрисида сўз борган эди.
Оқсоқол билан суҳбатимиз мамлакат халқ таълими тизимининг бугунги аҳволи устида бўлди.
- Мен Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидан Набижон Жўрабоевман. Бу йил 74га кирдим. Ҳали яхшиман, Худога шукур. Мен икки кундан бери Озодликда бир эшиттириш эшитиб жуда ҳам ҳайрон қолаяпманда. Институтларда ўқувчиларга айтилаяпти эмишки, биттанг бешга ëпасан, иккита-учтанг тўртга ëпасан, қолган ҳаммаси учга ëпилсин, деган буйруқ бор деган эшиттириш кетаяптида. Илгари тескариси эдию. “Тўрт-бешга ўқийсан, қизил диплом бунча чиқиши керак”, деган гап кетардию. Мен шуни эшитиб таълим соҳасининг ўзи пастлигига ақлим етмаяпти мутлақо. Мана мисол учун бизнинг Ғаллаорол туманида 18-мактаб бор.
Озодлик: Набижон ака, аввало касбингизни билиб олсам. Мана нафақада экансиз. Таълим соҳасида гапириш учун қанчалик тайëргарлигингиз борлигини билмоқчиманда. Касбингиз нима?
- Менинг касбим ....
Набижон ака билан суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
“Ит ётиш, мирза туриш”
Бу ибора қанчалик хунук эшитилмасин, Санкт-Петербургдан скайп орқали биз билан боғланган Рустамжоннинг айтганларини эшитар экансиз, у бот-бот хаёлингиздан ўтаверади.Меҳнат муҳожири Рустамжоннинг айтишича, у яшайдиган 2 хонали квартирада ўзидан ташқари яна 12 киши истиқомат қилади.
Вой-буу, деб ҳайратланманг, чунки Рустамжон ва унинг квартирадошларини шоҳона яшаяпти, дейиш мумкин.
Лекин афтидан бу шоҳона ҳаёт ҳам якунига етай деб турибди. Куни кеча улардан квартирани бўшатиб қўйишни талаб қилдилар.
- Асосий проблема шу. Ëтоқ масаласи, уй-жой масаласида.
Озодлик: Неча хонали квартирада турасизлар?
- Икки хонали.
Озодлик: Неча киши туради икки хонали квартирада?
- 10 киши, 12 киши бўлдик.
Озодлик: Ҳозир кучукнинг овози эшитилаяпти. Кучук ҳам сизлар билан турадими?
- Йўқ, мен ҳозир подъездга чиқдим.
Озодлик: Рустамжон, 12 киши турамиз деяпсиз. Квартирада нима бор? Тасвирлаб бера оласизми?
- Квартирада фақат ....
Рустамжон билан суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
****************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.
Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!