Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:21

Тожикистонда ноанъанавий табобат анъaнага айланмоқда


Тожикистонлик табиблар бепуштликни даволашда урғочи бўрининг репродуктив органига етадигани йўқ, деб ҳисоблайди.
Тожикистонлик табиблар бепуштликни даволашда урғочи бўрининг репродуктив органига етадигани йўқ, деб ҳисоблайди.

Тожикистонда тиббий хизмат кўрсатиш расман бепулдир. Бу мамлакатда дўхтирлар ёки касалхоналарни тақчил, деб ҳам бўлмайди. Бироқ шунга қарамай, кўплаб беморлар даво излаб табибларга мурожаат қилмоқда.

Тумовни даволаш учун шоқол гўштини ейишни ёки бепуштликни даволаш учун урғочи бўрининг фаржини ейишни Тожикистоннинг бир қисмида анъанага айланаётган ноанъанавий тиббиёт вакиллари – табиблар ўз мижозларига тавсия қилади.

Мамлакат жанубидаги Хатлон вилояти сил касалликлари диспансерида силдан 6 ой даволанган Назиржон Назировга табиблар жайра гўшти ейишни буюришди.

- Касал одамнинг фикру ёди соғайиш бўлиб қолади. Ким нима деса ишонаверадиган бўлиб қолади – ягона мақсад йўқотилган соғлиқни қайтариш. Табиб менга жайра гўшти ейишни айтган эди, мен ўзимиздаги овчиларидан бирига пул бериб, битта жайра топиб келишини сўрадим, дейди бемор.

Назиржонга ўхшаганларнинг ўз дардига бу тахлит даво излаши Кўлоб вилояти сил касалликлари диспансери бош врачи Раҳматилло Жўраевга ўхшаган дўхтирларнинг хафсалаларини пир қилмоқда.

Биз ўз беморларимизга жайра гўшти силни даволай олмаслигини, бу касалликни даволаш улар ўйлаганчалик осон иш эмаслигини айтамиз, дейди Раҳматилло Жўраев.

Душанбе шаҳридаги Юрак-қон томир касалликлари миллий маркази бош врачи ўринбосари Ҳусейн Раҳмоновга кўра, халқ табибларига айниқса, хафақонлик, уйқусизлик, бепуштлик ҳамда сурункали касалликларга чалинган беморлар кўпроқ мурожаат қилади. Баъзида эса, давом этади дўхтир, анча жиддий касалга чалинганлар ҳам давони табиблардан изламоқда.

Бундай изланишнинг оқибатлари ўта аянчли бўлиши мумкин, чунки бемор даволаниш учун зарур бўлган вақтни йўқотиб, дўхтирга жуда кеч мурожаат қилади.

Аҳолиси орасида силга чалинганлик даражаси анча баланд бўлган Кўлоб вилоятида жайра гўштига талаб катта бўлиб, унинг бир килоси 40 сомон ёки 8 долларга чиқиб кетган.

- Тожикистонда тиббий хизмат бепул, дўхтирлар ҳам, касалхоналар ҳам, ҳатто қишлоқ жойларда етарли. Ташҳис қўйиш ва даволашнинг замонавий ускуналарига эгамиз, лекин шундай шароитда одамларнинг табибларга мурожаат қилишлари кўпайиб бораётганидан хайронмиз, дейди доктор Раҳмонов.

Бироқ тиббиёт соҳасида коррупциянинг авж олгани ўрганилаётган ҳодисанинг кучайишига хизмат қилаётган омиллардан биридир.

- Тиббий хизматнинг бепуллиги афсонадир, ҳамма биладики, беморлар даволаниш учун катта пул сарфлашга мажбур, дейди душанбелик ижтимоий масалалар бўйича эксперт Давлатмурод Жумаев.

Унинг айтишича, ҳар бир касалликнинг гўё кимдир белгилаб, тасдиқлаб қўйган нархи бор ва уни тўламасликнинг иложи йўқ.

- Агар табиб ёки муллага борсангиз, кўнглингиздан чиқариб бир сомонми, уч сомонми берасиз. Бироқ дўхтирга борсангиз, даволашни бошламай туриб, рецепт ёзиб бергани учуноқ беш сомон олади. Дорилар ҳам жуда қиммат ва беморлар рецептда ёзилган дориларнинг ярмини олишга ҳам кучи етмай қолади, дейди Давлатмурод Жумаев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG