Ҳикматли сўзлар луғати яна бойиди...
Эга-кесими қаердалиги номаълум, пала-партиш бўлса ҳам жонли нутқ сип-силлиқ матндан яхши.
Ислом аканинг нутқига кўникиб қолганмиз. Эга-кесими бўлиши шарт эмас. Эга-кесими бўлмасаям, тилларидан афоризмлар учиб туради. Ўтган йили у киши “кўзи яхши нарсаларни кўрган одам яхши бўлади”, деган маънода гап қилувдилар.
Президент 16 март кунги нутқида яна бир афоризм айтдилар.
“Бугун еч, нима деганда эртага кеч бўлади. Бугун еч, эртага кеч бўлади”.
Ислом ака бу гапни залда ўтирган амалдорларга қарата айтдилар.
Негадир президент нутқини мусиқа билан безамайдилар. Агар безаганларида Ислом ака шоирона кайфиятга берилиб ёшликларини эслаётган сонияларда “Маҳалла дув-дув” гапнинг саундтрекини қўйворган бўлардилар.
60-йилларга қайтдингизми? Мана энди шу кайфият билан президентнинг хотираларини тингланг.
“Мен бир вақтлар шанба кунлари, якшанба кунлари бир соат, икки соат Эски Жўванинг орқасида айланиб юрардим. Эскидан қолган, фақат Тошкентга хос, мос нималарни кўриб, эсдаликларни кўриб одам худди ўзини ҳаëтини бир қисмини кўргандай бўлади. Мен бир вақтлар Шота Руставелида яшаганман. Ҳаммасини кўрганман демоқчиманда. Бешинчи этажга қандай чиқиш, лифт-пифт деган нарса йўқ, ҳаммаси қандай чиқиш, сув бешинчи этажга чиқмаса агар челак билан сувни у ëққа кўтариш, канализацияси ишламаса агар дод-вой деб қаëққа бориш, айтмоқчиманки, шу ердан бир трамвай ўтарди, шу трамвай эрталаб соат 5ларда қатнашни бошларди. Унинг овозини эшитиб (кулиб), бизларнинг ойнамиз, Шота Руставели кенгда кўча, шуни овозини эшитиб, уйғониб одам бошқа уйқу келмасдида энди биласизлар қандай бўлади”.
Ҳа, Ислом ака таги самарқандлик бўлсалар ҳам тошкентликман, дейишга тўла ҳақлари бор. Шунинг учун ҳам пойтахт йўллари ўртасидаги панжаралардан тортиб Эски шаҳарни қайта қуришу Навоий кўчасига янги уйларни солишгача шахсан ўзи ҳал қилади.
Фақат бир нарса тушунарсиз: шаҳардаги ҳар бир майда-чуйда иш президентнинг аралашувисиз ҳал бўлмас экан, ҳокимлари қамалиб кетаверадиган шаҳарга 16 март куни яна бир янги ҳоким тайинлашнинг нима кераги борийди.
20 йилдан бери ишлаб толмаган президент...
Ислом Абдуғаниевич 16 март кунги нутқида ўзининг шу кунгача бўлган фаолияти якунларини ҳам чиқаргандай бўлди.
“Ҳақиқатан ҳам энди бизлар ҳам бор эканмиз, бизлар ҳам 20 йил бекор ишлаганимиз йўқ экан”.
Президент фаолияти якунларини ҳам чиқаргандай бўлди, холос.
Лекин бундан президент чарчабди, деган маъно чиқмаслиги керак. Ўз нутқида у киши Тошкентда амалга оширадиган ишларини санаб ўтди.
“Жорий 2012 йилда ҳам Тошкентимизни янада обод қилиш йўлида бошлаган ишларимизни давом эттириб, яна кўплаб янги объектларни ишга тушириш кўзда тутилмоқда”.
Ислом ака дунёқараши ва бошқарув усулидаги принципларни ҳам айтиб ўтдики, улар шу пайтгача бўлганларидан қил ўзгамас.
Биринчидан,
“Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Азми қатъий, тадбкиркор ва ҳушëр бир одам минг-минглаб тадбирсиз, лойқатсиз (лаëқатсиз демоқчи шекилли – таҳр.) кишидан афзалдир” деган сўзлари мнега худдики айнан бугунги кунимиз учун айтилгандек туюлади”.
Иккинчидан,
“Шу маҳаллани қўрғон десак тўғри бўладими? Ë нотўғрими? Бизларнинг қўрғонимиз шуда. Ўзимизни ҳимоя қилишдаям, керак бўлса ўзимизни кучимизни кўрсатишда қўрғон бўладида”, деди президент.
Лекин 16 март кунги нутқдан келиб чиқиладиган бўлса, бундан буён Ўзбекистонда янги бир атама – ишсизлик атамаси истеъмолга киради.
“Бугунги кунда ишсизлик масаласи дунëда энг оғир муаммо. Ишсизлик”, деди президент.
Шу пайтгача Ўзбекистонда ишсизлик атамаси ишлатилмас эди. Чунки Ўзбекистонда расман ишсизлар йўқ, вақтинча банд эмаслар бўлар эди.