Озодлик мухбири 3 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан боғланиб¸ “Мактаб сути” лойиҳаси тўғрисида маълумот бера оладиган мутахассис топа олмади.
Лойиҳа тўғрисида вилоят Халқ таълими бошқармаларида ҳам кўпчилик билмаслиги маълум бўлди.
Самарқанд бошқармасининг ўзини таништирмаган масъул ходими билмади.
- Хабарим йўқ. Мен ўқиган эдим газетада. Лекин бизларда унақа ташкил қилинганми йўқми¸ билмайман. Газетада ëзилган эди. Лекин бизларда унақа бўлмаса керак. Уни Горонодан билса бўлади¸ деди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган масъул ходими.
Хабар тафсилотларини ўрганиш жараëнида “Мактаб сути” лойиҳаси тўғрисида мамлакатдаги мактабларнинг кўпчилигида ҳам эшитишмагани ойдинлашди.
Намангандаги мактаблардан бирининг директори саволимизни эшитиб, "Мен ҳозир аниқлаштираман бошланғич завучимдан" деганча¸ телефон олдига қайтиб келмади.
Фарғонадаги мактаблардан бири котибасининг ўз директорига таяниб айтган гапидан “Мактаб сути” лойиҳасида баъзи мактабларгина иштирок этаётгани маълум бўлди.
- Бизнинг мактаб бу лойиҳада иштирок этмаётган экан, деди котиба.
Лойиҳа тўғрисида Интернетда эълон қилинган маълумотлардан “Мактаб сути” лойиҳаси ортида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Тетра Пак компанияси тургани маълум бўлди.
Ширкатнинг “Мактаб сути” лойиҳаси мутасаддиси Дилфуза Абдуқаюмова Озодлик саволларига жавоб берар экан, бундай деди:
- “Мактаб сути” лойиҳаси 2010 йили Тошкент ва Фарғона шаҳарларида бошланган. Тошкентда битта ва Фарғонада учта мактабда ҳаммаси бўлиб 1200 болани сут билан таъминладик, деди Дилфуза Абдуқаюмова.
Унинг айтишича, тилга олинган тўртта мактабнинг 1200 ўқувчиси 3 ой давомида бепул сут билан таъминланган ва бутун сарф-харажатни Тетра Пак ширкати кўтарган.
- 1 мартдан бошлаб эса, республиканинг олис 17 туманида “Мактаб сути” лойиҳаси бошланди ва ўқувчилар жорий ўқув йили охиригача сут билан таъминланади, деди Дилфуза Абдуқаюмова.
Суҳбат давомида Тетра Пак вакили “Мактаб сути” лойиҳаси компаниянгизнинг бозорни эгаллаш йўлидаги бир тактикаси эмасми, деган саволга:
- Ҳа, ҳа, шундай дейиш мумкин, дея жавоб қайтарди. Айни пайтда Тетра Пак вакили дарҳол таомилдаги “ширкат миллат саломатлиги учун ижтимоий масъулиятни ҳис қилаётгани” тўғрисидаги гапларни ҳам қўшиб қўйди.
Тетра Пак ширкати молиялаштираётган “Мактаб сути” лойиҳаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент ва Фарғона ҳокимликлари ташаббусидир.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон аҳолисининг 42,4 фоизи болалардир.
Уларнинг ярмидан кўпи турли сабабларга кўра овқатланиш режимига риоя қилмайди.
Ёши 6 билан 11 орасидаги ўзбекистонлик болаларнинг тўртдан бир қисми уйда нонушта қилмайди.
"Мактаб сути" дастури халқаро характерга эга бўлиб, унинг бошланганига 80 йил бўлди. Дастур жаҳоннинг 50 мамлакатида қабул қилинган бўлиб, у жами 50 миллион болани қамраб олган.
Мазкур лойиҳадан мақсад мактаб ўқувчиларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда қашшоқ оилалар фарзандларининг мактабга мунтазам қатнашини таъминлашдир.