Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Марғилонда газ портлаб, 2 гўдак онасиз қолди


Ёнғин рўу берган хонадонда 6 ёшли қизалоқ ва 1 ойлик гўдак онасиз қолди.
Ёнғин рўу берган хонадонда 6 ёшли қизалоқ ва 1 ойлик гўдак онасиз қолди.

Бунақа фожеага тез-тез учраётган марғилонликлар таъминотга масъуллар газнинг келиш-келмаслигидан халқни огоҳлантирмаётганидан нолимоқда.


Марғилон шаҳри, Тошлоқ маҳалласи, Шоҳимардон кўчаси 1 уйда газ портлаши оқибатида ёшгина оила ёниб кетгани ҳақидаги хабар 8 апрел куни Озодликнинг электрон манзилига келиб тушди.

Хабар ортидан аниқланишича, ушбу хонадонда истиқомат қилувчи Машраповлар хонадонида газ портлаши 3 апрел куни тонгда рўй берган.

Хонадоннинг Озодлик мурожаатига жавоб берган аъзоси - Мавлудахон воқеани шундай ҳикоя қилиб берди.

- 10 кундан бери газ бўмаган. Ундан олдин ёниб турарди озгина. Болаларига эътибор қилмаган шекилли, винтел очиқ қолган. Азонда уйига газ тўлиб қолган, уларни газ элитиб қўйган, ҳидини билмаган. Кейин уй совуб кетибди, болаларим совқотмасин, деб келин аям ёқиб кўрганда уй портлаб кетган, - дейди Мавлудахон.

Аёлнинг сўзларига кўра, ҳамма уйқуда бўлгани, бунинг устига оила соҳибининг тунги сменада ишда бўлгани боис саҳарлаб рўй берган портлаш ва унинг ортидан чиққан ёнғинда 26 ёшли келинчак Фотима Машраповани сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

- Келин аям бир кун яшади, болницада оламдан ўтди. 1 ойлик чақалоқнинг юзи куйган, 6 ёшлик қизининг қўл-оёғи куйган. Болницада ётибмиз ҳозир. Қизча анча яхши, уни бувиси олиб кетади. Болани эса мен боқиб оламан энди, етим болиб қолармиди?! - дейди Мавлудахон.

Машраповлар оиласи фожеадан сўнг тумандаги газ таъминотига масъул ташкилотга мурожаат қилгани, аммо улардан бу ҳодисага ўзларини масъул билмасликлари ҳақидаги жавобни олганини айтмоқда.

Бу сўнгги икки ой ичида Марғилон шаҳри ва унга ёндош ҳудудларда рўй берган биринчи айни ҳодиса эмас.

Узоқ муддат узилган газ кутилмаганда яна берила бошлаши оқибатида аҳоли хонадонларида газ портлаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Бунақа ҳолатлардан бир нечтасидан хабардор бўлган Мавлудахон ва бошқа марғилонликлар газ таъминотига масъул идоралар газ яна берилиши ҳақида аҳолига огоҳлантириш берилмаётганидан нолимоқда.

- Шунақа, газ келади, деб қўйишса бўлмайдими? Қаердадир носозлик бўлса, ўчиришини айтишади. Лекин ёқиши ҳақида гапиришмайди. Бунақалар кўп бўлаяпти. Мана Охунбобоевданам ётишибди. Аяси ўлган, 2 ёшли ўғли ўлган. Менинг келин аям ўлди. Яна битта қизнинг аяси ўлган, - дейди шу кунларда 1 ойлик жиянини олиб шифохонада ётган Мавлудахон.

Озодлик ҳам шу йилнинг январ ойида Марғилон шаҳрининг Шолдирама маҳалласидаги Ҳикматовлар хонадонида газ портлаши оқибатида чиққан ёнғиндан 3 гўдакнинг нобуд бўлгани, ота-она эса оғир жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, Тошлоқ маҳалласидаги воқеа юзасидан Озодлик мухбири "Марғилонгаз" идорасига боғланди.

Идоранинг телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходими воқеанинг бўлганини тасдиқлар экан: "Газ яна берила бошлашидан аҳолини нега огоҳлантирмайсиз?", деган саволга: "Биз ҳар доим аҳолини огоҳлантириб борамиз, ҳар доим", деб жавоб берди.

Аммо, Тошлоқ маҳалласидаги ва Марғилон шаҳрининг бошқа ҳудудларида рўй бераётган газ портлаши ва ёнғинлар ҳақида Озодлик саволларига жавобни бу идора ходимлари кейинга қолдирди.

Шунингдек, Озодлик мухбири Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлимига ҳам боғланиб: "Кетма-кет содир бўлаётган бундай ҳодисалар бўйича жиноий ишлар қўзғатиляптими ва чора кўриляптими?" деган саволлар билан мурожаат қилди.

Аммо, бўлим ходимлари бу саволларга жавоб бермади.

Шу тариқа, аввало, газ танқислиги боис бўлаётган узилишлар ва таъминотдан аҳолининг ўз вақтида хабар қилинмаслиги, бундан ташқари, аҳоли томонидан йўл қўйилаётган эҳтиётсизлик боис нафақат Марғилон шаҳри, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам газ портлаши ва ёнғинлар оқибатида қурбонлар берилмоқда.

Расмий ташкилотлардан тегишли огоҳлантирув ва эҳтиёт чоралари ҳақидаги маълумотлар билан мунтазам таъминланмаётган аҳоли вакилларига Марғилонда истиқомат қиладиган ва исмини ошкор қилмасликни сўраган тингловчи мана бу сўзларни етказиб қўйишни илтимос қилди.

- Одамларга ҳар доим эслатиб туриш керак ўзи. Газ узилиб-узилиб турибдими, демак газ плитасини ёқишдан олдин ҳавода ис гази борми-йўқми, унга эътибор қилиш керак. Ҳид бўлса-бўлмаса, деразаларни, эшикларни очиб, ҳавони шамоллатиш керак. Унгача, ҳатто, чироқни ҳам ёқмаслик керак.

Аёл киши жуда ақли етмаса, бирор катта эркак кишини чақириши керак. Энг, аввало, у плита жониворни ҳамиша ўчириб юриш керак, болаларга ҳушёр бўлиш керак. Бу гапни аҳолига катталар ҳар куни эслатиб туриши керак. Чунки, бу тирикчилик оғир, одамларнинг ҳаёлида минг хил ўй ҳозир. Бунақа эҳтиёт чораларини ҳар куни эслатавериш керак, - дейди марғилонлик тингловчилардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Газ танқислиги муаммоси боис фожеали воқеалар Ўзбекистонда тез-тез кузатилади.

26 январ ўтар кечаси Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи Алимардон Юсупов хонадонидаги ёнғин натижасида икки бола нобуд бўлган эди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Андижон шаҳрида газ мосламаси портлаб камида 4 одам, Қувасойнинг Қўчқорчи қишлоғида эса, ис газидан бир оила нобуд бўлган эди.

Марғилоннинг ўзида ҳам 2010 йилнинг охирида Муҳаммаджон исмли 35 ёшли йигит уйида газ портлаши оқибатида куйиб, шифохонага ётқизилган эди.

Озодлик бу ҳодисалар ортидан масъул идораларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ва бундай фожеаларнинг олдини олишда нима ишлар қилинаётганига оид расмий маълумотларни аниқлашга уринишда давом этади.
XS
SM
MD
LG